+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

02 Нояб 2017

СУРАТЛАРДА АКС ЭТГАН ЖОЗИБА

(45-сон) ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРИМИЗ

Гулнигор чизган суратларга боқиб, болаликнинг беғубор тасаввурини, ёшликнинг бетакрор нафосати-ю, юртимизнинг беқиёс гўзаллигини ҳис этасиз. Санъатнинг нафис, шу билан бирга, инсон руҳиятига ошуфта оламига ташриф буюрасиз.У ҳали ёш бўлишига қарамасдан, ўз иқтидорини суратларга муҳрлай олди.

Гулнигор Тоҳирова болалигиданоқ тасвирий санъатга меҳр қўйди. Фарзандининг истеъдодини пайқаган ота-онаси уни вилоят тасвирий санъатга ихтисослашган мактаб-интернатга олиб келдилар. Гулнигор санъат даргоҳининг остонасига илк қадам қўйган дамларини ҳаяжон билан эслайди. Мактабда ўқиш давомида у ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиш учун тинимсиз ҳаракат қилди, мўйқаламни қўлдан қўймади, тинимсиз изланди.

Аввалига мактаб-интернатда оғизга тушди, сўнг туман, вилоят, республика танловларида муваффақиятларга сазовор бўлди. 2012 йили "Баркамол авлод" болалар ижодиёти фестивали республика босқичида унинг "Буюк ва  муқаддассан, мустақил Ватан"  мавзусидаги кўргазмаси юқори баҳоланиб, фахрий ёрлиқ билан  такдирланди. Бу унинг муваффақиятлари дебочаси эди. Шундан сўнг у вилоят, республика миқёсидаги кўрик-танлов, кўргазмаларда мунтазам иштирок эта бошлади. 2015 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясининг мақтов ёрлиғи, "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги"га бағишланган кўрик-танловда махсус сертификат, 2016 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш вилоят  босқичи ғолиби, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан уюштирилган "Энг яхши плакат" танловининг ғолиби бўлди. Гулнигор Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари  координатори   Джон  Мак   Грегор  томонидан  махсус  диплом  ва  компьютер   совғаси   билан   тақдирланган.

Яқинда Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея Республикалари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининиг 25 йиллиги, шу миллат вакиллари мамлакатимизда яшаётганлигининг 80 йиллигига бағишланган ўзбек ва корейс маданияти кунлари доирасида "Ўзбекистон ва Корея дўстлиги" мавзусидаги расмлар танловида ҳам иштирок этди. Гулнигор чизган сурат кореялик меҳмонлар эътирофига сазовор бўлди. Корея  Республикасининг  Ўзбекистондаги  фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ёш истеъдод соҳибасига махсус  диплом ва  смартфон      совға қилар экан, суратни ўзи билан олиб кетишини, у икки давлатнинг азалий дўстлиги рамзларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.

- Санъат шундай жозибага эгаки, инсонни ўзига мафтун этмай қўймайди. Бундай ижодий қудратни тангри қалбимизга жойлади. Шунинг учун ҳар бир асар бизнинг  қалбимиздан яралади. Балки шундан ижодкор кишининг табиати гўзал бўлади. Мен ҳамиша ана шу гўзалликка интиламан, - дейди Гулнигор.

Гулнигор Тоҳирова ҳозирда Андижон санъат коллежи "Амалий графика рассоми" йўналишининг 3-босқичида таҳсил олмоқда. У келгусида билим олишни Камолиддин Беҳзод номидаги республика миллий рассомчилик ва дизайн институтида давом эттирмоқчи. Санъат йўлида орзулари бир олам бу иқтидор соҳибасига улкан парвозлар тилаб қоламиз.

Муаззам ИБРОҲИМОВА