+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

19 Окт 2017

ИНСОНДА АЛБАТТА, СЎЗ ЗЕБОЛИГИ БЎЛИШИ КЕРАК,

 (43-сон) Бизнинг суҳбат

- дейди филология фанлари номзоди, доцент  Назокат ЖАЛОЛОВА.

1989 йилда мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу воқеа ўша пайтда ҳали мустақилликка эришмаган Ўзбекистон тараққиётида,  халқимизнинг ўзлигини англаш, бирлигини мустаҳкамлаш, миллий қадриятлари умрбоқийлигини таъминлашда жуда муҳим роль ўйнади.

Тил - миллатнинг кўзгуси, борлиги ва бирлигини таъминловчи муҳим мезон ҳисобланади. Тил, унинг софлиги, она тилимизга берилаётган эътибор, бу соҳадаги ютуқ ва муаммолар, адабий тил меъёрлари хусусида Андижон давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси, доцент Назокат Жалолова билан суҳбатда бўлдик.

 

- Тил ҳар бир инсон учун муқаддас тушунча. Аммо тилни, она тилимизни ҳар қанча тавсифласак кам. Сиз тилни  қандай таърифлаган бўлардингиз?

- Тил бетакрор жозибага эга бўлган, ҳеч қачон хира тортмайдиган жавоҳирдир. Ҳадиси шарифларда кишининг гўзаллиги унинг кўринишида эмас, тилидадир, дейилади. Биз ҳам таш-қи жиҳатдан, ҳам маънавий жиҳатдан гўзаллигимизни асосан тил билан боғлаймиз. Инсоннинг тили гўзал бўлса  бошқаларга ёқимли кўринади. Тил энг аввало, инсоннинг ички дунёси, оламни идрок қилиши, тафаккур тарзи ва камолотини белгилайдиган восита. Тил миллатнинг маданияти ва маънавияти, қадим тарихи ҳамда ўша миллатга хос бўлган урф-одатлар мажмуи ифодасидир. Биринчи президентимиз Ислом Каримов "Ҳар бир миллат вакилининг ўз тилини билиши ва уни чуқур ўрганиши Она ватани ва халқига бўлган садоқати белгисидир", деган эди. Шунинг учун ҳам ҳар бир фуқаро ўз она тилини яхши ўрганиши ва ундан ҳаётда, нутқий амалиётда унумли фойдалана олиши керак.

- Истиқлол йилларида тилга бўлган эътибор, уни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида тўхталсангиз.

- Истиқлолга юз тутгач, барча соҳаларда бўлгани каби она тилимизга эътибор кучайди.  Мустақилликка эришиш остонасида, яъни 1989 йил 21 октябрда "Ўзбек тили тўғрисида"ги қонун қабул қилиниб, она тилимизга давлат тили мақоми берилганлиги тилимиз ривожини янги босқичга кўтарди. Миллий тилимизга эътибор, уни ўқитиш, ўрганиш, дарсликлар тайёрлаш, мутахассисларга қўйилган талаблар масалалари тубдан ўзгарди. Бу амалда ўз самараларини бермоқда. Тилимиз йилдан йилга бойиб, янада   мустаҳкамланмоқда. Ўтган йили Президентимиз фармони билан Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши эса она тилимизнинг кейинги тараққиёти учун муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Бугун тилимизни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, ривожлантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш  борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, оммавий ахборот воситалари орқали тилимизнинг софлиги, бойлиги, унга  бўлган эътибор имкониятларидан     нутқда, амалиётда самарали ва ўринли фойдаланиш масалаларида катта ҳажмдаги тарғибот ишлари олиб борилаётганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли.

- Бугун юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг она тилимиз софлигини сақлаш, тилга бўлган ҳурмат ва эътиборини қандай баҳолайсиз?

- Бугун тилимиз чин маънода ҳурмат, эътибор топган. Она тилимиз шубҳасиз, ҳар бир  юртдошимиз қалбига чексиз фахр-ифтихор туйғуларини муҳрлайди. Бироқ "шоли курмаксиз бўлмаганидай" айрим кишилар, баъзи бир ёшларимиз томонидан унинг софлигини сақлаш, ўринли ва тўғри фойдаланишда салбий ҳолатларни ҳам кузатиш мумкин. Маълумки, нутқнинг софлигини бузувчи алоҳида ҳолатлар бор. Бу илмий тилда "диалектизмлар" дейилади. Шевага хос сўзлар, чет тилдаги сўзларни ноўрин қўллаш - "варваризм", қўпол, дағал, ҳақорат сўз иборалари ишлатиш ҳолатлари эса "вулгаризмлар" дейилади. Ёки бир хил сўзларнинг такрори, кўп такрорланиши "паразит сўзлар" ифодаси билан ном олган. Ёхуд оддий сўзлашувда бир хил қолипдаги идоравий сўзлардан фойдаланиш "канцеляризмлар" дейилади. Буларнинг барчаси нутқнинг софлигини бузувчи кўринишлар ҳисобланади. Айни кунда улар орасида энг кўп учраётгани "варваризмлар",  яъни ноўрин, чет сўзларни ишлатиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Айрим ёшларимиз мулоқот жараёнида "вообше", "так что", "нормальний" сингари сўзлардан фойдаланишлари нафақат ачинарли, балки уларнинг тилимизга бўлган ҳурматсизлиги кўринишидир. Бу каби ҳолатларни бартараф этиш учун энг аввало, таълим даргоҳларида мутахассислик фанлари доирасида ёшларимизнинг тилимизга бўлган меҳрини, нутқ маданиятини оширишга, ҳар бир сўздан ўз ўрнида ва ўринли фойдаланиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимимз зарур.

  - Сўзлашув, нутқимизнинг чиройли бўлиши, она тилимизга бўлган ҳурматнинг шаклланишида оиладаги муҳит ҳам муҳим роль ўйнайдими?

 - Албатта! Она тилимизни софлиги ва гўзаллигини сақлашда оиладаги сўзлашув, тилга муносабат масаласи жуда муҳим роль ўйнайди.  Тилимизнинг бутун сеҳру жозибаси энг аввало, она алласи билан гўдак онгига сингиб боради.    Фарзандларимизга тили чиқиши биланоқ тўғри сўзлашни, нутқида сўзларни ўз ўрнида қўллашни, сўзларни бузмасдан гапиришни ўргатишимиз керак.

Сўзлашув, муомала-муносабатда ота-она ўзи тўғри сўзлаб, фикрини тўғри ифодалаб, гўзал ифода имкониятлардан фойдаланса, уйда чиройли сўз ва иборалар янграб турса, ана шундай муҳитда катта бўлган боланинг сўзлашувида ҳеч қандай салбий ҳолат бўлмайди. Мисол учун, эндигина тили чиқаётган болага нонни "нанна", сувни "умма", ошни "ашша" деб эмас, балки ҳар бир нарсанинг ўз номини тўлиқ айтилишини ўргатишга алоҳида эътибор бериш лозим. Шунда фарзандларимиз тўғри нутқий жараёнга тезроқ мослаша оладилар. Бу болаларнинг нутқий камолотга эришувига яқиндан ёрдам беради.

- Тилнинг софлиги, нутқ-нинг равонлигида адабий тил меъёрлари қандай аҳамиятга эга?

- Адабий тил меъёрлари тўғри сўзлаш қоидаларини ўзида акс эттиради. Бу меъёрларни ўрганмас эканмиз, нутқи-миз тоза ва тўғри бўлмайди. Нутқнинг тўғри, аниқ, барча учун тушунарли ва жозибали бўлишида тил қоидалари, меъёрларига риоя қилиш муҳим роль ўйнайди. Баъзан телекўрсатув, радиоэшиттиришларда айрим сухандонлар, бошловчилар томонидан, айниқса, кейинги йилларда тасвирга олинган кўплаб кинофильмларда шеваларнинг ҳаддан ортиқ кўп қўлланилаётганлиги, реклама баннерларидаги ўзбекона сўзларнинг     нотўғри ёзилиши билан боғлиқ ҳолатлар барчамизни ташвишга солиши керак. Чунки бу каби ҳолатлар адабий тил меъёрларининг, тилимиз софлигининг бузилишига хизмат қилади. Шунинг учун сўзлаётганда масъулият ҳиссини англаб, айтаётган ҳар бир сўзга эътибор бериш орқали бу борадаги хатоликларнинг олдини олишимиз лозим. Адабий тил меъёрларига амал қилмас эканмиз, нутқда камчилик бўлаверади.

Мухтасар айтганда, ҳар бир инсонда сўз зеболиги бўлсин. Яъни сўзлашувда, фикримизни ифодалашда турли, жозибадор сўзлардан фойдалана олишни билайлик. Рангин либослар кийиб ҳаммага чиройли кўрингимиз келганидек, сўзда ҳам зеболик ишлатиб ҳаммани лол қила олайлик. Бунинг учун ҳар бир сўзнинг қудрати, жозибасини яхши билишимиз, сўз бойлигимиз кўп, тафаккуримиз кенг бўлиши керак.       

 - Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

 суҳбатлашди.