+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

АТИРГУЛ ҒУНЧАСИ

(26- сон) ҲИКОЯ

Ҳар куни эрталаб ишга шу гулзор ёнидан ўтаман. Яқиндагина гулзор ўз кўрки, анвойи ҳидлари билан кўзларни қувонтирувчи турли чечаклар - оқ, пушти, қизил атиргуллари билан яшнаб турарди.

Мана энди кузнинг ўрталарига келиб гуллар ўз умрларининг охирги кунларини яшамоқда. Сўнгги ғунчалар очилиб турибди. Гулзор аввалги кўркини йўқотган, алланечук хувиллаб қолган. Оёқ остларида хазонрезгидан дарак бериб қуриган шох-шабба, барглар шитирлайди.

Кеча ишга кетаётиб гулзор ёнида бир зумгина тўхтадим. Бир туп атиргулнинг тепа шохида очилай-очилай деб турган ним пушти ғунча диққатимни тортди. Бу гулзордаги сўнгги ғунча бўлса ҳам ажаб эмас, чунки бошқа атиргул буталарида гул ёки ғунча кўзга ташланмади. Шунинг учунми ғунча кўзимга яна ҳам гўзал ва жозибали кўринди. Унинг оч, пушти гулбаргларида тонгги шудринг томчилари қуёшнинг эрталабки илк нурларида худди ёқут зарраларидек товланарди. Оддий бир ғунчада жамланган бу ажиб гўзаллик мени мафтун қилди. Қалбим ана шу гўзаллик ижодкори, мўъжизакор табиатга, она заминимизга таҳсинлар ўқиди. Кўнглим ёришиб, кайфиятим кўтарилди. Гулзордан узоқлашарканман, ғунчага қараб-қараб қўярдим. Бу ғунчани кўнглимда "ўзимники" қилиб олгандим.

Кечки пайт ишдан қайтар эканман, гулзор ёнига яқинлашганимда кўзларим "ўзимнинг" ғунчамни изларди. Аммо менга бир олам завқ берган, қалбимга ўзгача туйғулар инъом этган  ғунча кўринмасди. Унинг ўрнида буталган шохча маъюс эгилиб турарди. Юрагим ачишди.

Йўлак четидаги ўриндиқлардан бирига ўтирдим. Ёнимдан йўловчилар у ёқ-бу ёққа ўтиб туришибди. Ҳар бирининг ўз ташвиши, ўз юмуши бор. Ҳамма қаергадир шошади. Одамларни кузатар эканман, сал нарида чинор остида турган бир йигит диққатимни тортди.

Йигитнинг қўлида бир дона ғунча, ўша "менинг ғунчам" бор эди. Йигит кўзимга негадир безовта, бетоқат бўлиб кўринди. Кимнидир кутаётган бўлса керак, қўлидаги соатига тез-тез қараб қўярди. Мен ҳам йигитни кузата бошладим. Йигит бирдан рўпарага қараб юра бошлади. Ўша томонга қарадим. Узун сочларини иккита қилиб ўрган, эгнидаги атлас кўйлаги ўзига ярашиб турган қиз бошини хиёл эгиб келарди. Унинг бу кўриниши шу қадар гўзал эдики, агар мен рассом бўлганимда қизни гўзаллик тимсоли сифатида тасвирлаган бўлардим.

Йигит қизга яқинлашди. Унга нимадир деди. Қиз ҳам бошини кўтариб, табассум билан жавоб берди. Йигит ғунчани қизга узатди. Fунча энди қизнинг қўлида ял-ял ёниб турарди. Назаримда икки гул бирлашгандек бўлди. Икки гул, икки гўзал хилқат.

Йигит ва қиз мен томонга юриб кела бошладилар. Улар аста юриб келишаркан, қиз ғунчани ҳидлаб-ҳидлаб қўяр, унинг юзлари ҳам ғунча каби ял-ял     ёнарди. Улар ёнимдан ўтишаркан, суҳбатлари қулоғимга чалинди:

-      Нодира, ғунчанинг хусни нега ўткинчи биласизми?

- Билмадим... Азиз ака сиз биласизми? - саволга савол билан жавоб берди қиз. Унинг овози ҳам жуда ёқимли ва жозибали эди. Улар аста-секин мендан узоқлашиб бораркан, йигит қизга нималарнидир сўзлаб борарди. Улар кўринмай кетгунларича кузатиб ўтирдим. Бу икки ёшга ҳавас қилиб, йўлимда давом этарканман, энди кўнглим хотиржам эди. Ҳалигина мени қийнаган ачиниш ҳислари энди йўқ, руҳим енгил тортганди. Бир оз муддат олдин узиб олинган  ғунчага ачинган эдим. Энди ачинишга ҳожат йўқ. Чунки ғунча энди яна бир кўнгилга ошиқнинг муҳаббати рамзи ила қувонч-завқ бағишлаганди. Fунча бокира қизнинг қўлларида яшнаб тургани кўнглимни тинчлантирди. Ўзимнинг эрталабки хаёлларимдан, ғунчани "ўзимники" қилиб олганимдан кулиб қўйдим. Ҳувиллаб қолган гулзорга яна бир назар ташладим-да, йўлимда давом этдим.

 

Рўзихон ИМИНОВА