+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ИШҚ СЕВГАН ИНСОННИ ҚАДРЛАМОҚДИР

(26- сон) Турмуш чорраҳаларида

Умрим ўтмоқда. Бир неча ойдирки, халоватим йўқ. Кунларим изтиробда, армон ўти қалбимни ёндирмоқда. Дардларимни кимга айтишни билмай, кўнглим изтиробларини қоғозга муҳрламоқ учун қўлимга қалам олдим. Зора, кўнглим шу билан таскин топса.

Балки ёзганларимни кимлардир ўқиб, ўзига хулоса чиқарар, мен каби хато йўлни танлаб, йиллар ўтиб, армонда қолмас.

Ҳаётда ҳар бир инсон ўзига аталган чин севгини учратади. Кимдир уни вақтида илғай олади, кимларнингдир эса қалб кўзи сўқир бўлади ва қаршисида ҳақиқий муҳаббати турганини пайқамай ўтиб кетади. Афсуслар бўлсинки, мен иккинчи тоифага мансубман. Бугун ўттиз беш ёш палласида фикримга қуйилаётган мулоҳазалар, ўн беш йиллар олдин миямга келганида, балки бугун ҳам виждон азобида азият чекмаётган бўлармидим...

...У билан талабалик йилларимизда учрашгандик. Маъсума, беозор ва беғубор қиз эди. Соддалиги ҳуснига ҳусн қўшиб, самимияти кўзга яққол ташланарди. Аслида ҳамма қизлар қатори хушрўй, зебо қиз эди у. Лекин бошқалардан буткул фарқланиб турадиган беғубор олами, мусаффо орзулари бор эди. Гўё бу оламда яшамасди. Ўз олами, ўз дунёси ва фақат ўзига хос ҳис-туйғулари бош-қалардан ажралиб турарди. Бир қараганда қалби очиқ-сочиқ, дилидаги тилида, ҳеч қандай сири йўқ қизга ўхшарди. Баъзан унга қараб ғашланардим: "Қиз бола дегани сал сирли бўлса жозибадор бўлмасмикан? Қалби очиқлик яхши, лекин ҳар нарсани тилга чиқариш ақлли одамнинг иши эмаску!?" Гоҳида эса уни қандайдир дард, ички туғён ўртаётганини, изтиробини ҳаммадан сир тутишини сезгандай бўлардим. У шундай хилқат эди. Баъзан севиш-севмаслигимга ҳам шубҳа қилардим. У эса чин кўнгилдан севарди мени. Билмадим, балки менга шундай туюлармиди? Мен билан танишганидан сўнг бирор йигитга қайрилиб қарамади. Севги изҳорларига парво қилмади. Бу оламда бир мен бор эдим унинг учун, фақат мен яшардим ва унинг суянгани мен эдим.

Баъзан унга танбеҳ берганимда жавоб қилмасди. Ерга тикилган кўйи жим бўлиб қоларди.

...Талабалик даври ҳам тугади. Шу билан бирга, менинг унга бўлган муҳаббатим ҳам якун топди. Биз бир вилоятнинг бош-қа-бошқа туманларидан эдик. Мен у билан хайр-хўшни ҳам нася қилиб уйимга кетдим, бир неча йил ўтиб, бошқасига уйландим. Онам келинликка танлаган қиз билан яшаб асло кўнглим тўлмади. Биринчи фаразандимиз туғилгунига қадар хотиним билан орамизда мўрт, нурсиз, кучсиз ҳиссиётлар бор эди. Сўнг у бола тарбияси билан, мен ҳаёт оқимидаги кураш билан бўлиб кетдигу ҳиссиётдан асар ҳам қолмади ҳаётимда.

Улғайганим, ёшим ўтгани сари аёл деганда кўз олдимга у - талабаликда севгисини, қалбини эрмак қилганим беғубор қиз келарди. Қаердадир муҳаббат ҳақида ўқиб қолсам ёки қўшиқ эшитсам, уни эслардим. Тушларимда кўрардим. Соғинардим, қўмсардим, кўргим келарди. Уни севишимни, ҳаётимда ягона ва ҳақиқий муҳаббат унга бўлган туйғуларим эканини англаганимда ёшим ўттизларга бориб қолган, икки фарзанднинг отаси, тақдирнинг аёвсиз зарбалари қаршисида жамиятдаги ўрнидан айрилган, абгор инсон эдим.

Ишларим юришмай, мутахассислигим бўйича ишимда дуруст ишлолмай Россияга кетдим. У ерда бироз муддат ишлаб қайтганимдан сўнг шаҳардаги коллежлардан бирига ишга жойлашдим. Директор дарс жадвалимни аниқлаштириб олишим учун ўқув ишлари бўйича ўринбосарига юборди. Эшикка илинган ёзувда унинг исм-фамилиясини кўриб оёғимдан мадор қочди. Орқамга қайрилиб кетишни ҳам ўйладим. Бир муддат қотиб турдим ўша ерда. Тўсатдан эшик очилиб хонасидан чиқиб келди у. Аввалига қаршисидаги сочлари тўкилган, оқарган, эркак менлигимни ҳаёлига ҳам келтирмади чоғи, кексаларга салом бергандек сўрашиб, ичкарига таклиф қилди. Бошимни кўтариб кўзларига қарагандим...

У бахтиёр эди. Чеҳраси  бахтдан ёнар, кўзлари мамнун боқарди. Аввалги содда, ҳаёлпараст қиз ўрнига ўзига ишонган, нигоҳлари ўткир, қатъиятли аёл турарди. Фарзанд кутаётган экан. Ҳомиладорлик ҳуснининг жозибасини бўртирриб кўрсатар, гуноҳкордай мулзам тикилиб турганим ғашини келтираётганини кўз қарашлари орқали сездираётганди...

Эркаклар доимо кечикиб, адашиб юрадилар. Нега? Эркак ақлга таяниб иш кўради, дейишади-ку, наҳотки, ақл инсонга панд берса? Нега мен уни севишимни, тақдиримга битилган ҳақиқий муҳаббат у бўлишини, усиз бахт манзили менга олис бўлишини вақтида англамадим? Ким содда, ғўр экан, менми ёки мени жондан севиб, туйғуларидан масъуд юрган беғубор қизми? Вақт туйғуларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратар экан. Охир-оқибат бу муҳаббат икки дунё-йимга етгулик армонга айланди. Юракни куйдирган ҳар туйғу ҳам ишқ бўлавермас экан. Ишқ дегани ўз вақтида, севган инсонни қадрламоқ экан. Афсуски, бу ҳақиқатни англаб етиш менга қимматга тушди...

Мактубни Умида АДИЗОВА оққа кўчирди.