+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

МЕҲРИНГИЗНИ ДАРИF ТУТМАНГ, АКАЖОН

(22-сон) Кўнгил изтироби

Акажон, эсингиздами, олти ёшимдан мактабга борганман. Сиз онажоним тикиб берган латта-папкамни кўтаришиб борардингиз. Бегона болалар орасида мени ёлғиз қолдириб кетмаслигингизни сўраганимда устозим келиб, дарсни бошламагунча ёнимдан кетмас эдингиз.

 -Танаффусда хабар оламан, йиғласанг, ўқитувчи аълочи бўлсанг ҳам, яхши қиз эмас экан, дейди. Одобли қиз бўлгин.

Қўнғироқ чалингач, югуриб ташқарига чиқаман, сиз йўқсиз. Бор овозим билан йиғлардим. Сиз келиб, сочларимдан силаб, юпатардингиз. Акажон, биласизми, ўша кунларни эслаб, дилдан гаплашиш учун сизга қўнғироқ қиламан. 

-Алло?!  Балки ундай эмасдир, балки мен янглиш ўйлаётгандирман. Аммо, ғазаб, нафрат оҳангидаги "Алло!" деган сўзингиз  гўё мени меҳрингиздан маҳрум этади.

Акажон, бу мунгли, содда синглингиз ҳануз қўрқоқ! Ҳаёт уммонида турли синовларга ёлғиз ўзи кўксини тутаётган синглингиз сизнинг меҳрингизни излаб сарсон. Сиз эса ўша мунглиғ сингилингизни йўқламайсиз. Баъзан хотинингизга билдирмай қўнғироқ қилган бўласизу:

-Қийналмаяпсанми, пулинг борми? Агар қийналсанг қўнғироқ қиларсан!- деб гўшакни иласиз.

Менга пул нимага керак, акажон? Аллоҳ ризқимни беряпти. Қўл-оёғим бут, тўрт мучам соғ бўлса. Меҳнат қилиб, ризқимни топиб ошаяпман. Фақат бойлик, мансаб сиздан тортиб олган меҳрнинг гадосиман, акажон. Яқинда мен яшаётган, ишлаётган туманга келдингиз. Буни қарангки, эллик чақирим йўл босиб келолдингизу, юз-икки юз метр юриб, уйимга, лоқал ишхонамга келиб, менга дийдорингизни кўрсатмадингиз, сизнинг соғинчингиз ила оғриётган қалбимга малҳам қўймадингиз. Шуни ўйлаб, беихтиёр кўзларимга ёш қуйилди.

  Акажон, ахир онамдан сизга қолган ёдгорингизман-ку? Наҳотки, онамнинг юз-кўзларини, меҳрини мендан топгингиз келмади? Менсиз томоғидан бир луқма ўтмайдиган, дадам тушлик учун берган пулга менга бирор нарса олиб бераадиган акам, энди бир оғиз ширин сўзини мендан қизғонадими? Акажон, менинг айбим нима? Муҳаббат деб ўйлаганим сароб чиққаними, бир нолойиқдан бахт кутиб, алданганимми? Шукрки, Яратган шу  бандам ёлғиз қолмасин деб, икки қизалоқ берди. Тўққиз ой бағримда кўтариб, минг бир азоблар билан, лекин ҳалол-покликда ўстирган полапонларим бири биридан ширин, бири биридан одобли. Қизалоқларимнинг мулоҳазхали, ақлли эканликларини айтмайсизми? Улар ҳеч қачон мендан оталари ҳақида сўрамайдилар. Биламан, улар менинг кўнглимни авайлайдилар.

Акажон, мен гуноҳкордирман, ёмон сингилдирман, сиздай инсоннинг шаънига яхши иш қилмагандирман. Аммо сиз акасиз, каттасиз-ку, кичиклар катталарнинг мададига суянишларини яхши биласиз-ку?! Нима учун менга йўл кўрсатмадингиз?!

Сиздан "Узоқларда нима қиласан? Бир бурда нон, бир парча матони шу ерда ҳам топасан-ку? Қўлингдан иш келса, уйимизда яшасангчи" деган сўзларни эштишни қанчалар истар эдим. Минг афсус, ундай гапларни эшитмадим. Ўксинаман, дардимни сездирмаслик учун куламан. Ўзимни бойликка, пул топишга ўч қилиб кўрсатаман. Аслида ўзга жойларда мусофирчиликда сарсон бўлиб яшагандан кўра, ўз уйимда, яқинларим дийдорига тўйиб яшашни қанчалар орзу қиламан. Шундай бўлса-да, узоқларда хотиржам яшаётгандай ўзимни қувноқ кўрсатига ҳаракат қиламан.

Бугун мен учун жуда оғир кун бўлди, акажон. Тинмай ёмғир қуйди. Мана шу ёмғир ўтган кунларимни, изтиробу дардларимни эслатди. Бир пайтлари ёмғир остида тўйиб-тўйиб ҳовлимизнинг тупроқ ҳидини ҳидлардим. Энди эса ўша тупроқ ҳидига зорман. Таъна дашномлар, маломатлардан тўйиб уйимдан қадрдон уйимизда, сиздан узоқлашдим, акажон. Аммо, қанча олис кетсанг-да, ўзингдан, кечинмаларингдан узоқлашолмас экансан. Дард устига дард, армонлар армонларга уланиб, яқинлар соғинчи бағримни эзмоқда.

Акажон, онам раҳматли:

- Мендан кейин, жигарларинг сенга талпинади, юзларингдан, кўзларингдан мени қидиради. Мени соғинганда, мени кўргиси келганларида сен томон учади,- дердилар. Бугун онамни ҳаммадан кўра соғинган менман. Аслида мен сизни кўрсам, нигоҳингизда онамнинг нурли чеҳраларини кўриб, тўйиб-тўйиб термулсам, овозингиздан онамнинг сўзларини туйгандай бўлиб эшитсам, хатти-ҳаракатлари онамга ўхшаб бораётган қизларингизни бағримга боссам, дейман. Ҳар тун тушларимга кириб юзимга термуладиган, "Сендан қачон хотиржам бўламан, қизим" дея маъюс жилмаядиган онажонимнинг руҳларини шод қилсам, дейман.

Акажон, мен барибир сизни яхши кўраман, сиздан фахрланаман, сиздан руҳий мадад оламан. Мендан хабар олмасангиз ҳам, қўнғироқ қилганимда пул сўрайди, деб ўйласангиз ҳам, билиб-билмасдан қилган ҳатоларим учун мендан ор қилсаниз ҳам сизни яхши кўравераман. Тунлари уйқудан уйғониб кетаман, бевақт оламдан ўтган онамнинг ҳақига дуо қиламан. Яна болалигимдан мени еру кўкка ишонмаган, ҳамиша асраб-авайлаган сиз, акажонимга яратгандан ҳеч қачон меҳр ва эътиборга зор бўлмаслигингизни сўраб дуолар қиламан. Чунки мен сизнинг ношуд, йиғлоқи синглингизман. Унутманг, синглиси борнинг онаси ўлмайди, акажон! Онамнинг ўринларига ҳам сизга дуо қилишдан асло тўхтамайман. 

 

 

Умида АДИЗОВА