+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ИНСОНГА КИТОБДАН ЯҚИН ДЎСТ ЙЎҚ

 

УлуFбек ХАМДАМ: Болалик, китобга муҳаббат ва ҳаёт мувозанати ҳақида

(14-сон) Бизнинг суҳбат

Таниқли адиб, адабиётшунос олим ва таржимон Улуғбек Ҳамдам 1968 йилда Марҳамат туманида таваллуд топган. Айни кунда Алишер Навоий номли Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг "Жаҳон адабиёти" кафедраси мудири вазифасида фаолият юритмоқда. У кўплаб шеърий ҳамда "Ёлғизлик", "Мувозанат", "Исён ва итоат", "Сабо ва Самандар" каби насрий асарлар муаллифи, "Шуҳрат" медали соҳибидир.

-- Китобга бўлган меҳр, китоб ўқишга иштиёқ инсонга болаликдан ҳамроҳ бўлади дейишади. Китобга меҳрингиз тушган илк     даврлар ҳақида гапириб берсангиз.

- Бу гап жуда тўғри айтилган. Жумладан, шахсан менда ҳам китобга меҳр болалик пайтларимда тушган. Чунки, уйимизда китоб, газета ва журналлар кўп бўларди. Бунга сабаб - отам ва онам олий маълумотли бўлмасалар-да, газета, китоб ўқишга иштиёқи баланд инсонлар бўлгани боис уйга жуда кўп газета ва китоблар олиб келар эдилар. Ҳалигача мен уларни дипломсиз олий маълумотлилар, деб биламан. Чунки, ҳозир ҳам мен улар билан ҳаёт, адабиёт, инсоний қарашлар ҳақида мириқиб, зерикмасдан суҳбатлашаман, уларнинг теран, мулоҳазали фикрларига қойил қоламан. Эътибор беринг: бундай суҳбатга дош бериш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Яхши суҳбатдош бўлишнинг ўзи бир даража. Катта даража! Бунинг негизида, менимча, уларнинг кузатувчанлиги ва албатта, матбуот нашрларини доимий ўқиб бориши, китоб мутолаа қилиши билан боғлиқ жарён ётса керак.

Отамнинг Эркин Воҳидов тўпламидаги "Учи тугук дастрўмол" номли шеърини ёки акамнинг Чингиз Айтматовнинг "Алвидо, Гулсари" қиссасини ўқиб беришлари худди кечагидек ёдимда. Шеърга, шеъриятга бўлган ишқимнинг тубида бувим (онам)нинг таъсири бениҳоя катта бўлган. Чунки, болалик уйимда безак учун деворларга бувим тиккан сўзаналар осиғлиқ турарди. Сўзаналарда Ватан, муҳаббат ҳақида шеърлардан парчалар бўларди. Ҳамид Олимжоннинг "Ўзбекистон" номли шеърини ҳам илк маротаба ўша гулдор матолардан ўқиб, ёдлаб олганман.

Уйимизда китоблар кўп бўлиб, токчаларга тизиб қўйилар эди. Менинг хархашаларим натижасида дурадгор отам ўз қўллари билан китоб жавони ясаб берган. Мен китобларни бир ерга жамлаб, ҳатто рақамлаб чиққанман. Ҳозир ҳам шахсий кутубхонамда рақамланган ўша китобларнинг айримлари сақланади. Ўша пайтда уйимизда ўн мингга яқин китоб бўлган. Шундан келиб чиқиб, айта оламанки, уйдаги муҳит, китоб ўқишга бўлган иштиёқ, китоб воқеалари ҳақидаги суҳбатлар китобга бўлган муҳаббатни  қалбимга умрбод муҳрлаган бўлса, ажаб эмас.

- Оилангизда сиздан  бошқа ижодкорлар ҳам борми?

- Албатта бор. Акам Ойбек филолог, адабиёт илмини яхши билади, чиройли шеърлар, ғазаллар ёзган. Ҳали-ҳануз унинг "Қалдирғоч, қанотларинг шунчалар қаромиди?" деган мисралари хаёлимда бот-бот такрорланади. Акамнинг айрим шеърларидан "Мувозанат" романимда фойдаланганман. Акам романдаги Амир образининг прототипи бўлган.

Бундан ташқари, укам Абдурашид, унинг умр йўлдоши Наргизахон - улар ҳам яхшигина шеърлар ёзишади. Яқинда "Юракдаги баҳор" номли шеърий тўпламлари ҳам чоп этилди. Спорт соҳасини танлаган яна бир укам Каримжоннинг шеърий машқлар дафтари қачонлардир қўлимга тушиб қолган, ўқиб чиқиб, тарбияласа, бинойидек шоир чиқар экан-у, деб қўйганман ўзимга ўзим.

- Бугунги ёшлардаги китоб ўқишга бўлган иштиёқни қандай баҳолайсиз? Сизнингча, ҳозир ҳам  ана шу иштиёқ уларга болаликдан ҳамроҳ бўляптими?

- Матн ҳамма жойда матндир. У китобда ҳам матн, журнал, газетада ва ҳозир урф бўлиб бораётган компьютерда ҳам матн. Масалага матн ўқиш нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, ҳа, у ўқиляпти. Менинг ҳам бир ўғил, бир қизим бор. Кузатсам, улар кўпроқ интернетдан ўқишади, бирор ахборот ва маълумотни ҳам интернетдан кузатиб боришади. Бир уларми, биз катталар ҳам хабарларни  интернетдан ўқийдиган бўлиб қолдик. Шу маънода "ўқиляптими-йўқми?" деган саволга "ҳа ўқиляпти" деб жавоб бераман. Аммо "қай даражада ўқиляпти?" ёхуд китоб мутолааси борасида сўралса, афсуски, илиқ гап айта олмаслигимни алам билан тан оламан.

Бугун китоб мутолаасига, бадиий адабиётга ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Энди маънавият соҳаси вакиллари мана шу эътибор этагини маҳкам тутиб олишлари зарур. Оммавий ахборот воситалари ҳам маънавият тарғиботчисидир. Жамиятга бир марта        "Китоб ўқинг!" дея жар солиш билан чекланиб қолмаслик керак. Бу ишни ҳар куни, доимо тарғиб қилиш лозим. Айниқса, у китоб ўқиш, маънавият билан боғлиқ бўлса! Токи, китоб ўқиган, уққан одам ҳамиша жамиятнинг тўрида бўлиши, элга, юртга хизматни  ана ўша ерда адо этиши лозим. Бунинг учун эса китоб ўқиган, маърифатли, билимли инсонларни жамиятнинг тўрисига олиб чиқадиган тизимни шакллантиришимиз керак. Бу борадаги фикрлар "Мувозанат" (1997) романимда баён этилган. Зеро, ўқимишли, маърифатли инсонлар эъзоз топса, ёшлар ўз-ўзидан ана шу инсонларни ўзларига идеал қилиб олади, улардан ибрат олади, улардай бўлишга ҳаракат қилади. Натижада жамиятда китобхонлик даражаси, китоб мутолааси маданияти  юксалади. Бугун давлатимиз кучли давлатдан кучли жамият сари бориш сиёсатини олиб бормоқда. Айни муддао! Китоб ўқиган фуқароси кўп бўлган жамият, шубҳасиз кучли жамият бўлади!

-"Мувозанат" романингизда "Кутубхоналарга одамлар, ҳатто йиллаб қадам изи қилмаса-да, уларни ёпиб ташламаслик зарур, чунки одамлар улардан руҳланиб яшайди", деган фикрлар айтилган. Бугунги кутубхоналар фаолиятидан кўнглингиз тўладими?

- Камчиликларимиздан кўз юммаслигимиз керак бўлганидек, ютуқларимизни ҳам кўра олайлик. Шу маънода пойтахтимизда Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонанинг барпо этилиши миллатимиз ҳаётидаги алоҳида воқеадир. Ёки вилоятлар, туманларда янги кутубхоналар, китоб дўконларининг очилаётганлиги жуда яхши, лекин улар кам. Бир пайтлар юртимизда 1018 та китоб дўкони бўлганлигини ўқигандим. Турли қийинчиликлар ёки баъзи арзимас сабаблар билан ўша китобхоналарнинг аксарияти йўқ қилинганлиги ҳам бор гап. Шундай даврлар ҳам бўлдики, республикамиздаги китоб дўконлари сони бир неча ўнтага тушиб қолди. 

Хайриятки, кейинги пайтларда нафақат пойтахтимиз, балки вилоятлар, туманлар марказларида ҳам китоб дўконлари очилаётганлигидан қувонмаслик мумкин эмас. Ҳа, бундай хайрли ишлар кўлами янада кенгайсин. Китоб ўқиш ҳар бир юртдошимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айлансин! Қанча кўп китоб  ўқисак, маънавий озуқа олсак, маънавияти бой, ўзлигини унутмайдиган, келажаги, эртанги кунига ишонч билан қарайдиган миллат даражасига эришамиз.

-"Мувозанат" романингизда мустақилликка эришиш остонасидаги ва эришилгандан кейинги оғир йилларида жамият ва инсон ичра тебраниб қолган мувозанат ҳақида сўз боради. Яна жамият ва инсон ҳаётида мувозанатнинг аҳамияти борасида ҳам мулоҳазалар юритилади. Нима деб ўйлайсиз, замонавий инсон ўша мувозанатни қўлдан бой бериб қўйиши мумкинми?

- Мувозанат қонуни дунёни тутиб туради. Эътибор беринг: ҳар он беминнат симираётганимиз ҳавода кислород миқдорининг аниқ ўлчови бор эканлиги кишини ҳайратлантирмайдими?.. Агар  кислород фоизи у ёки бу томонга салгина бўлсин ўзгарса, ер юзида биз билган ҳаётга нуқта қўйилади. Демак, бу ерда ҳам мувозанат, тартиб бор. Қуёш тизими, ундаги сайёралар, сайёраларнинг йўлдошлари ҳаракатида ҳам мувозанат қоим. Курраи замин ҳаёти ҳам бундан мустасно эмас. Ундан кейинига келамиз: давлатлар, жамиятлар, оилалар ҳам муайян тартиблар асосида яшайди. Энг охирида инсон бор: ҳар бир инсон ҳаётининг зоҳири-ю ботини ҳам ана шу мувозанат қонунига бўйсунади. Мувозанат қонуни ҳамма жойда, "заррадан Юпитерга қадар", яна коинотдан узоқларда - ҳатто, хаёлимиз етган-етмаган ҳамма жойда мавжуд. Ахир, аввалда хаос бор эди, кейин у секин-аста космосга айланди. Яъни уйғунлик касб этди. Уйғунлик бу - мувозанат демак! Аммо муайян тарихий, сиёсий ва психологик бурилиш нуқталарида дунё ҳам, жамиятлар ҳам мувозанатдан чиқиши мумкин.

Жамият мувозанатдан чиқдими, жамият билан бирга инсон ҳам мувозанатни қўлдан бой беради. Атроф-жамият қандай бўлса, унинг парчаси бўлмиш инсон ҳам унга ўхшаб боради. 90-йилларда шундай бўлган эди. Жамият, инсон ўз мувозанатидан йироқлашиб кетганди. Шунинг учун ҳам мустақилликдан олдин ва унга муяссар бўлганимиздан кейинги дастлабки йиллар давомида  жамиятимиз ва унинг аъзолари ўз бошидан талай қийинчиликларни ўтказди, туртинди-суртинди,  йўл қидирди. Ниҳоят, у мустақиллик орқали ўз йўлини топа бошлади. Бу - қайта мувозанатга интилиш дегани эди! "Мувозанат" романим шу эҳтиёж туфайли ёзилди. Асар том маънода мувозанат соғинчидан туғилганди.

Демак, сиёсий озод бўлган юртда ўз мувозанатимизни қайта яратишимиз, бунинг учун эса хаос ҳолатидаги жамиятни қайтадан тартибга солиш, қуриш зарур эди. Не бахтки, бундай жамият, мана, 25 йилдирки, қурилмоқда, мустаҳкамланиб бормоқда. Энди шу мувозанатни қўлдан бой бермаслик учун зарур барча ишларни бажаришимиз шарт. Энди ватандошларимизнинг бахти шу жамиятда, шу Ватаннинг ичида.

Аммо хотиржам бўлишга ҳали эрта: ҳозир биз дунёга очиқ жамиятмиз. Глобаллашув даврида ёпиқ ҳолатда қолиш мушкул ва ҳатто зарарли. Бутунлай очиқ ҳолда бўлишнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Ахир, бугунги дунёда жамиятни издан чиқаришга қодир омиллар озми? Оммавий маданият, фанатизм, террор, гиёҳвандлик… буларнинг ҳар бири - алоҳида бало! Ёки енгил ҳаётга ҳавас, осон, мўмай пул топиш истаги ҳам бугунги ёшлар учун катта таҳдид бўлиб турибди. Бир   пайтлар совуқ уруш хавфи дун-ёни ҳадик ичра ушлаган бўлса, ҳозир номлари зикр этилган балолар замонавий дунёни қўрқув чангалида тутиб турибди.

Кўринадики, бундай таҳдидлар мавжуд экан, демак, ёшларнинг мувозанатдан чиқиб кетиш хавфи ҳам мавжуд. Бунинг чораси - ёшларга эга чиқиш, уларга жамиятда ўз ўрнини топишда кўмак берадиган йўллар ва имкониятлар эшигини очишдир. Албатта, бу ишлар қилинмоқда, ана шу саъйи ҳаракатларни янаям собит туриб давом эттиришимиз лозим бўлади. Бу йўлда бизга, ҳаммамизга китоб-дан ишончлироқ кўмакчи, ҳамроҳ ва дўст йўқ. Айниқса, ёшларимизнинг китобга бўлган меҳрини, китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга  алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Китоб ёшларимизнинг ўзларига муносиб ҳаёт йўлларини топиб олишда кўмакчи бўлади.

Инсон ўз ҳаёт йўлини топдими, демак, унинг ҳаётига маъно киради. Инсон ҳаёти маънога эга бўлгандагина у мазмунли, жамиятга, эл-юртга манфаат келтирадиган бўлади.

-Юртдошларимизга, "Иқбол" газетаси муштарийларига тилакларингиз.

- Энг аввало, юртимиз тинч бўлсин. Ҳаётимиздаги муаммолар, иқтисодий қийинчиликлар бари ўткинчи. Инсон ҳамиша улардан устун туриши, ўз билими, маънавиятини юксалтиришга интилмоғи зарур. Юқорида таъкидлаганимдек, бу йўлда инсонга энг яқин, ишончли ва беминнат дўст китобдир.

Китоб сизга билим беради, ҳаёт йўлларингизни равон қилади, қалбингизга эзгу фазилатларни муҳрлайди. Шундай экан, барча юртдошларимни, газета муштарийларини китобга дўст тутинишини истар эдим. Қолаверса, уларнинг барчаларига тани сиҳатлик, оилаларига тинчлик хотиржамлик, дас-турхонларига қут-барака, эл-юрт равнақи йўлида олиб бораётган ишларида омадлар тилайман.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Ўзбекистон Миллий университети журналистика

факультети талабаси Зулхумор ОРИФЖОНОВА суҳбатлашди.