+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

БИЛЛУР ГУЛДОН

(10- сон) Ҳикоя

Катта иморат   пастида бозор қизийди. Қўшни кампирлар пастаккина курсичаларда ўтирадилар, эрмак учун, савдо қиладилар. Олдиларида турфа буюмлар ёйилган, ранг-баранг пуфаклардан тортиб, банка қопқоқлари-ю, чинни идишларгача.

Биров пайпоқ тўқиганча олдидаги эски қўғирчоқ, сирли кастрюлга аҳён-аҳён ўтиб қолган ўткинчиларни чорлайди. Бирови олдидаги нарсаларни уёқ-буёққа суриб қўйган бўлади. Биров бепарво, қўлларини чалмаштирганича ўтиради.

Шу ердан ўтиб кетаётган қиз беихтиёр тўхтаб қолди. Ана шу эски буюмлар орасида бир гулдон унинг эътиборини тортди. Қиз энгашиб қўлига гулдонни олди. Биллур гулдон нафислиги, чиройли безаклари билан унинг кўзини яйратди. Аста бармоқлари билан гулдонни чертди. Гулдондан кўнгил тубига бориб тегадиган ажиб нозик овоз таралди.

 - Эҳтиёт бўл, қизим, - деди қотмагина кампир унга юзланиб. Афтидан, кампир идиш эгаси бўлса керак, куюнчаклик билан қўшиб қўйди: - Бунақа биллур ҳозир топилмайди. Чехларники. Ўҳў, буни бир пайтлар эрим олиб келганди. Шундай қиммат, шундай қиммат… Роса койигандим ўзиниям.

Қиз гулдонни қўлида авайлаб томоша қилди. Биллур қуёшда жилва қилди.

- Қанча деяпсиз? - сўради қиз гулдонни қўлидан қўймай.

Кампир ютинганча индамай қолди.

- Қанча? - қиз уни эшитмади, деб ўйлаб саволини такрорлади.

- Матлуба, сенга гапиряпти, - кампирнинг ёнида ўтирган ҳамроҳи уни туртиб деди. - Айтсанг-чи нархини.

Кампир гўёки гулдонни қайтиб олмоқчидай, беихтиёр қўлларини қизга силкиди.

- Гулдонни ростдан олмоқчимисан?

- Олмасам, сўрармидим, бувижон, - деди қиз кулиб.

- Бу гулдон не-не бахтли кунларни кўрмаган… - кампир хаёлга толди. -  У бахт келтиради.

- Майли, бахт келтира қолсин, шунинг учун ҳам сотиб олмоқчиман-да, - деди қиз яна мийиғида кулиб. - Ахир қанча нархи?

Кампир ўйланиб қолди.

- Матлуба, савдоси келганда, нега жим ўтирибсан, айтсанг-чи?

Кампир қизга юзланди:

- Гулдонни қайтиб бера қолинг, қизим.

Қиз ҳайрон бўлиб қолди. Атрофдагилар ҳам унга таажжубланиб қарашди.

- Сотишдан айнидингизми? Ё пули етмайди деб ўйлаяпсизми? - деди қиз жон-дили билан.

- Йўқ, йўқ….

- Матлуба, нега бундай қиляпсан? - деди унга ҳамроҳи куюниб.

- Гулдонни сотмоқчи эмасман… фикримдан қайтдим.

- Ие, нега? - деди қиз ажаблангандан-ажабланиб. - Сотмоқчи бўлмасангиз, нега олиб чиқдингиз?

Атрофдагилар ҳам чувиллашиб кетишди.

- Бера қол, қизим… - деди  кампир қизга ёлвориб, гўёки у гулдонни олиб, қочиб кетадигандай.

Қиз ноилож истамайгина гулдонни унга узатди. Кампир қадрдон гулдонини шоша-пиша олиб, қоғозга ўради. Қиз орқасига қарай-қарай нари кетди.

 

Масъума АҲМЕДОВА