+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

"ТОЖМАҲАЛ" БОБУРИЙЛАРНИНГ АЁЛЛАРГА БЎЛГАН ҲУРМАТ ВА ЭҲТИРОМИ НАМОЙИШИ

Юртимиз истиқлолга эришган дастлабки йилларда мустақил Ўзбекистонимизга таълим соҳасини ривожлантириш бўйича қатор давлатлардан турли таклифлар бўлган. Шундай лойиҳалардан бири юртимиздаги олий ва ўрта махсус таълим тизими муассасалари учун инглиз тилида дарслик тайёрлаш эди.

1994 йили Британия кенгаши вакиллари ана шу лойиҳа доирасида Ўзбекистонга ташриф буюришди. Танлов асосида 60 нафар инглиз тили ўқитувчисидан 10 нафари саралаб олинди. Улар орасида Бобур номидаги халқаро мукофот совриндори, "Дўстлик" ордени соҳиби Ғофиржон Сатимов ҳам бор эди.

Ғофиржон Сатимов Буюк Британиянинг Рединг университетида дарслик ёзиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтиб, Рединг ва Оксфорд университетлари кутубхоналарида изланишлар олиб борди. Кутубхоналарда сақланаётган Бобур ва унинг авлодлари ҳақидаги кўплаб илмий-тарихий асарлар билан танишиб чиқди. Улардан нусха кўчириб, юртимизга олиб келди ва ўзбек тилига ўгиришни бошлади. Шу тариқа Буюк Британиялик    шарқшунос У. Эрскиннинг "Бобур Ҳиндистонда", ҳиндистонлик олим Л. Шарманинг "Бобурийлар салтанати", португалиялик шарқшунос Р. Годеннинг "Гулбадан", инглиз тарихчиси В. Рашбрукнинг "Ўн олтинчи аср бунёдкори", АҚШлик профессор Х. Лемб қаламига мансуб "Бобур - йўлбарс" асарлари ўзбек тилида дунё юзини кўрди.

Ғофиржон Сатимов мазкур асарларни ўзбек тилига ўгириш жараёнида уларни таҳлил қилган ҳолда Бобур ва унинг авлодлари ҳақида рисолалар ёзди. Унинг "Бобурийзодалар"(2003), "Марказий Осиё ва Ҳиндистон тарихида Бобурийлар даври" (2008), "Бобурийлар салтанатида давлат бошқаруви" (2013) каби китоблари ўз мухлисларини топа олди.

Буюк Британия қироличаси Викториянинг Ҳиндистондаги вакили Ж. Маллесон "Ҳиндистон ҳукмдорлари" асарида Бобур ҳақида "Мен уни қудратли    ҳукмдор, моҳир саркор сифатида, шунингдек, биз, инглизлар кўп жиҳатларини ўзлаштириб олганларимиз-мукаммал давлат тизимининг асосчиси сифатида, Ҳиндистонда беш асрдан ортиқ давом этган парокандалик ва бошбошдоқликка барҳам бериб, уларнинг можароларини ҳал этишда холисона сиёсат юритган одил ҳакам сифатида тасаввур қиламан" деб ёзган эди.

Дарҳақиқат, Бобур характерининг ўзига хос сифати бошқа ҳукмдорларга ўхшамаслигидир. У шоҳлик мартабасидан кибрланмаган, болаликдаги самимиятини сақлаб қолганди. Комилликка интилиши, илм-фанга,      санъатга муҳаббати билан Осиёдаги подшоҳлар ўртасида унга тенг келадиган подшоҳ топилмасди. 

Бобурийлар тарихини ўрганиш давомида Ғофиржон Сатимовни улардаги аёлларга бўлган ҳурмат, уларни эъзозлаш борасидаги фазилатлари ром этди. Ўрта асрлар шарқ муҳитида, хотин-қизлар хўрланган, камситилган бир даврда Бобурнинг уларга меҳрибон бўлгани, самимий муносабати бутун жаҳон халқларини ҳайратлантириб келмоқда. Бу ҳақда "Бобурийзодалар" номли асарида муаллиф "Бобурийлар салтанатидаги маликалар" бобида алоҳида қайд этган.

Бобур ўзига қариндош аёлларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатарди. Она ва ота уруғидан бўлган ёши улуғ аёлларни  парвариши учун қайғурар, уларга алоҳида нафақа тайинлаган эди.

Бобур ҳатто давлат ишларида ҳам опаси Хонзодабегим, аёли Моҳим бегим, қизи Гулбаданларнинг фикрларини инобатга олади. Бобомиздаги бу гўзал фазилатни унинг барча авлодларида кўриш мумкин. Биргина Шоҳжаҳоннинг севикли рафиқаси Мумтоз маҳал бегим хотирасига атаб, 22 йил давомида қурдирган "Тожмаҳал" қасрининг ўзиёқ бобурийларнинг аёлларга бўлган чексиз ҳурмати ва муҳаббатини дунёга намойиш этиб турибди.

Бобур маънавий мероси улкан уммонга ўхшайди. Уммон остида яшириниб ётган бойликлар беҳисоб бўлганидек, унга мурожаат қилган инсон ҳам ҳар сафар янги-янги қирраларини кашф қилгандек бўлаверади.   

Буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой     маънавий мероси хорижий давлатларда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Бу эса улуғ зотнинг ватандошлари - бизнинг қалбларимизга чексиз фахр ва ифтихор туйғусини солади.

Феруза ХОЖААҲМЕДОВА,

Балиқчи туманидаги

16-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.