+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Мангуликка даҳлдор сатрлар

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!

 

Гар замонни нафй қилсам, айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ!

 

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ

- Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!

Ушбу гўзал мисраларни ўқиганимизда ўзбек адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги буюк намояндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур кўз олдимизда гавдаланади. Машҳур муаррих Мирзо Ҳайдар таъбири билан айтганда, "Туркий шеърни Амир Алишердан кейин ҳеч ким Бобур ёзган даражада ёзган эмас". Дарҳақиқат, Бобур ижоди мумтоз сўз санъатимизда Навоийдан кейин алоҳида ўрин эгаллайди.

Бобур асарлари бизгача мукаммал ҳолда етиб келмаган. Олим ва адабиётшунослар томонидан шоирнинг 119 ғазал, 1 маснавийи, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари сақланганлиги, девони таркибидан умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олганлиги таъкидланади.

Кейинги йилларда  турли  даврларда яшаб ўтган халқимизнинг улуғ алломалари, буюк ижодкорлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, номларини абадийлаштириш, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни юзага чиқариш, қолаверса, уларнинг юксак инсоний туйғулар тараннум этилган асарлари орқали ёш авлод маънавиятини, тафаккурини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 25 январдаги "Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори ҳам ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин бир мисолдир.

Қарорда жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига - Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилади.

Ушбу сана муносабати билан  мамлакатимиздаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, Бобурнинг ҳаёти, илмий-ижодий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарларни аниқлаш, уларни тадқиқ қилиш, ибратли ҳаёти ва бой меросини аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, талабалар ҳамда тадқиқотчилар ўртасида Бобур Мирзо ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-публицистик ҳамда бадиий асарлар танловини ўтказиш, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб олий    таълим муассасалари талабалари учун тарих ва география йўналишларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат стипендияси таъсис этиш, умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида "Бобур асарларининг билимдонлари" танлови ва "Бобурни англаш" мавзусида иншолар танловини ўтказиш сингари қатор вазифалар белгиланган.

Қарор ижроси доирасидаги ишлар натижасида халқимиз, айниқса, ёш авлод Бобур шахси ва ижодини янада чуқурроқ англаб етади, унинг ҳаёти, ижоди ҳақида янада кенгроқ маълумотларга эга бўлади. Бу албатта, юртдошларимизнинг Ватанимизнинг бой тарихига, адабиётига, мумтоз шеъриятга, миллий қадриятларимизга бўлган қизиқиш ва ҳурматини, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

 Зеро, Заҳириддин Муҳамад Бобур ижодида Аллоҳ ишқи, юрт соғинчи, ёрга муҳаббат, ҳаёт машаққатлари ўзига хос, гўзал ва бетакрор мисраларда тараннум этилади.

Жонимда менинг ҳаёти жоним сенсен,

Жисмимда менинг руҳу равоним сенсен.

Бобурни сенингдек ўзга йўқ ёри азизи,

Алқиссаки, умри жовидоним сенсен.

дея шоир ўзининг ҳаққа, юртга бўлган муҳаббатини изҳор этади.

Айниқса, Бобур ижодида Ватан соғинчи бош мавзуга айланган.  Рубоийларида бу масала кенг талқин этилади. Бобур ватанини севимли бир "ёр" образи сифатида тасвирлайди, "ёр васлини" "диёр соғинчи"га    менгзайди. Юрт соғинчи зор, ҳижронга гирифтор этганидан азият чекади.

Бобурни бурун маҳрами асрор эттинг,

Васлингға бериб йўл, ўзунга ёр эттинг,

Охир бординг, доғи они зор эттинг,

Ҳижрон алами бирла гирифтор эттинг

Шоҳ ва шоир, улуғ саркарда, олим ва тилшунос бобомиз Мирзо Бобур ҳаётининг сўнгги кунларига қадар юрагида бир дард билан яшади. Ватанини севди, дийдорини кўришга интизор бўлди. Тақдирнинг аччиқ қисмати ўлароқ, ундан гўзал ғазаллар, дардчил сатрлар мерос қолди. Унинг ғазал ва сатрлари шубҳасиз,  мангуликка дахлдордир.

 

Фахриддин ИбайдуллаЕв