+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Тупроқни қучиб йиғлар хазонлар

дил туҒёни

Кечагина олам яшил рангга бурканиб олганди, бугун эса аста-секинлик билан олтин тусга кира бошлади. Бугун ҳувиллаган, сокин хаёлотимни куз шамоли тебратади. Булутлар юқорида, қовоқ уйиб, ердаги манзарани кузатаётгандек. Дарахтларнинг хазонранг либосларини кўриб, бу ҳолга ачиниб, осмон денгизида мағрурона сузиб боришади. Афсус, бу кибор вақтинчалик, холос. Бечора булутлар олдинда уларни ҳам довул ва тўфонлар, чақмоқ ва бўронлар кутиб турганларини қайдан ҳам билишсин?!

Борлиқ узра ёйилган сукунатни куз шамолининг ингроқ овози бузади. Шу овозга ҳамоҳангликда тебранаётган      дарахтлардан шамол аччиқ-аламларини олмоқчи бўлиб, баргларини тортқилаб, учириб ўтади.

Шу дамда менинг ҳам юзимга совуқ еллар оҳиста урилади, баданимни жунжиктиради. Куз, шу лаҳзаларда сенинг ҳукминг олдида ҳар қандай жонзот ожиз эканлигини англайман. Кечагина кўкка етаман деб, бўй чўзган ям-яшил дарахт япроқлари бугун пойингда сочилиб ётибди. Кечагина олов нурлари ила бутун борлиқни қиздирган қуёш ҳам бугун ўз ҳовуридан тушган.

Дилимдан ўтказган ана шу ўйларни ўзим каби ожиз гулларга, майсаларга сўзлайман. Ер узра ёйилиб ётган япроқлар ҳам мен билан дардлаша кетдилар: "Йўқ, менинг умрим бундай якун топмаслиги керак!.." дея ўз бутоғига маҳкам осилади япроқлар. Мен ҳам бунга жавобан: "Бу қисматнинг битиги, демак, шундай бўлиши керак", дея тасалли бераман.

Хазонрезгилик, жимжитлик, бари-бариси кўнгилнинг мунгли ҳолатига ҳамдарддек,  бир куйни куйламоқдан зерикмайди. Борлиқ ҳам уни бутун қулоқлари билан тингламоқда. Бирдан қарғаларнинг шовқин-сурони атрофни жонлантиради. Улар қора парда каби самони қоплашиб, "қарр-қарр", дея куз базмини бошлайдилар. қари чинор уларнинг хурсандлигини томоша қилиб, бироз енгил тортгандай бўлади.

Қарғаларни писанд қилмай, шамол ўз йўлида давом этади. Митти япроқларни ҳам аямай, учириб кетади. Умрида ҳали бундай синовларга дуч келмаган, ҳаётни фақат яшилликдан иборат, деб ўйлаган япроқчалар ҳам кузнинг ҳукмига сўзсиз бўйсунадилар.

Инсон умри ҳам фаслларга ўхшайди. Баҳорида гулдек яшнаса, кузлари не кўйларга солмайди. Тақдир битиклари юзни хазондек сарғайтиради. Ҳеч кутилмаганда хазон каби гирдоб ичига тушиб қоласан киши. Аммо бари шу билан якунланмайди. Дилда Эрта деган умид бор. У не бахт, не қисмат олиб келиши фақат эртага аён бўлади. Унгача кузнинг совуқ нигоҳидан, қишнинг қахратонидан ўтишни, энг муҳими аввалгиси қайтмаса-да яна баҳор келишини кутиш керак...

Сирли олам ичра кезиб юрган дайди хаёлларимни йиғиб, одамлар оқимига қўшилдим. Қадам ташлайман-у, беихтиёр қулоғимга кузнинг қўшиғи чалингандек туюлади:

 

Тупроқни қучиб

йиғлар хазонлар,

Бир нима дегандек

шивирлаб ётар.

Бу оддий куз эмас,

 дейди юрагим,

Гўё кўзларимда

 куз тонги отар.

 

Она қучоғидан

 ажрашдан чўчиб,

Кипригимдек титрар

энг сўнгги япроқ.

Ҳаёт қонунига

бўйсуниб аста,

Куз жим туришдан

беради сабоқ.

 

Дилдора ХУШБАҚОВА