+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Она меҳри

Ҳаёт - ибрат мактаби

 «Мен етмиш ёшдан ошганимда тўрт ҳарфдан     иборат бўлган "Меҳр" сўзининг маьноси нақадар буюк,  нақадар чуқурлигини эндигина англамоқдаман.

...Меҳрни ўлчаб бўлурми зар билан инжу билан»   

Эркин Воҳидов.

 

Катта ўғлим касаллиги туфайли оламдан эрта ўтиб кетди. Ундан тўрт нафар ёш бола қолди.

Турмуш ўртоғидан эрта айрилган келиним фабрикага ишга кириб, яхшигина маош олиб, болалари билан  чиройли яшаётган эди. Нима бўлдию, келинимиз Туркияга бориб ишлаб келадиган бир аёл билан танишиб, ўша ёққа бориб ишлашни хоҳлаб қолди. Биз ҳаммамиз келинга, ёш болаларингизни ташлаб кетманг, ҳаётинглар чиройли ўтябди, агар бирон камингиз бўлса биз ёрдамлашамиз, деб қайта-қайта айтиб, тушунтира олмадик.

У қаршилигимизга, ҳатто фарзандларининг "онажон, кетманг" дейишларига қарамасдан  Туркияга ишлагани жўнаб кетди. Ноилож, ортидан: "Аллоҳим мушкулларини осон, йўлларини равон қилсин,   фарзандлари бахтига соғ-омон  уйига қайтсин" деб дуолар қилиб қолдик. Ахир биз фарзандимиздек бўлиб қолган келинимизга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмаймизку.

 Мана, келинимизнинг кетганига ҳам ярим йилдан ошди. Тўрт нафар фарзанди - набираларимиз биз билан қолди. Ҳозирда яшашимиз ёмон эмас, бировдан кам жойимиз йўқ. Набираларимнинг хаммаси ҳам эсли-хушли, одобли, ўқишлари яхши. 

Аллоҳга шукурлар бўлсинки, набираларимни бошқа болалардан кам қилмасдан тарбиялаяпмиз. Оиламиздаги ҳаммамиз, уларнинг руҳиятини кўтариш, оталари йўқлигидан, онаси ёнларида эмаслигидан кўнгиллари ўксимаслиги учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиляпмиз, дилбандларимиздан ширин сўзимиз, меҳримизни аямаймиз. Катталари айтган сўзимиздан чиқмасликларидан, кичикларининг оппоқада, бувижон деб эркаланишларидан кўнглимиз тоғдай кўтарилади.

Набираларимнинг катта ёшдагилари ота-онаси йўқлигини сездирмасдан юришибди. Аммо, энг кичигимиз, эндигина 2- синфда ўқийдиган Азизбегим, онаси йўқлигини сездириб қўйяди. Чунки Азизбегим онаси кетгунича ундан асло ажрамаган, ҳатто мактабга ҳам кўп пайтларда онаси - келинимиз олиб бориб, олиб келарди. Отаси йўқлиги учун онасига жуда боғланиб қолган эди.

Азизбек онаси кетганидан кейин бир неча кун йиғлади, инжиқлик қилди. Бора-бора кўникди, лекин лоқайд, кўзлари маъюс, сертажанг бўлиб, ўқишга ҳам қизиқиши пасайиб кетди. Ўқитувчиси ҳам "ўқишга қизиқмаяпти, ўзлаштиришга ёрдам беринглар" деб бир неча бор айтиб кетди. Бизни унинг ҳар замон, ҳар замонда "бошим қисиб оғриябди" деб, бошини чангаллаб ўтириб олиши, кўзидан тинмай ёш оқиши жуда ҳам ташвишга соларди. Докторларга кўп учрадик, асабдан дейишди. Улар ёзиб берган дорилар эса кор қилмаяпти.

Шундай пайтларда биз унга: "Болам оппоқдадангникига бориб ўйнаб келгин" деб қудамизникига юборамиз. Улар ҳам набирамизни бошига кўтаришади. Ҳар тугул кўнгли ёзилсин, деймизда. Бориб, анча яхши бўлиб келади.

Тўғри, ҳозир уяли телефон деган мато бор. Набираларим кунаро онаси билан телефон орқали гаплашиб туришади. Азизбек эса онаси билан гаплашганида йиғлайди, кўз-ёш тўкади.  

 Шундай пайтларда Азизбекка, қани энди бор вужудим меҳр бўлиб қолсаю, бутун меҳримни набирамга бериб, унга тасалли берсам, кўнглига шодлик, қувонч бахш эта олсам, деб Яратгандан сўрайман. Аммо афсуски, на менинг, ака-опаларинг меҳри онасининг меҳричалик бўлолмас, онаси берган меҳрни ҳеч ким беролмас экан. 

Азизбекнинг аҳволини   ўнглаш, унинг руҳиятидаги ўзгаришларни тузатиш учун нима қилсак экан, деб кўп ўйланаман. Ўйланиб-ўйланиб, шундай хулосага келдим. Менимча, Азизбекка ҳеч кимдан, ҳеч қандай ёрдам керак эмас, фақатгина унга "она меҳри" керак, холос. Қани энди шуни келиним англаб,  фарзандлари ёнига қайтса эди.

Ҳаётда жуда кўп нарсаларни, қийинчиликларни кўрдим, яхши-ёмон одамлар билан гаплашдим. Минг афсуски, ҳаётда кўпчилик кишилар ўтган умридан, ҳаётдаги воқеа-ҳодисалардан ибрат олиб яшашни билмас экан. Азизлар, атрофимизга назар солайлик, ҳаётдан ибрат олиб яшашни ўрганайлик. Зотан, шундагина адашмаймиз, қоқилмаймиз. Шу ўринда ҳурматли газетхонлар, ота-оналар, опа-сингиллар, фарзандларимиз, қизу келинларимиздан ҳар бир ишни қилишдан олдин, унинг охири нима билан тугашини обдон ўйлаб қилишни унутмасликларини илтимос қилардим.

Ўйламай қилган ишимиз яқинларимиз, умуман, ҳеч бир инсон қалбига озор етказмасин.

 

Комил МАШРАБ, Андижон шаҳри.