+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 25 Апр 2021
    “ЮРАККА КЎМИЛАР АСЛ ШОИРЛАР”
    Андижон туманидаги 41-умумтаълим мактабида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллигига бағишланиб, “Юракка кўмилар асл шоирлар” деб номланган адабий тадбир бўлиб ўтди. Мактаб ўқитувчи,…
  • 21 Март 2021
    Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш - муҳим вазифа
    Тадбир Бугун аҳоли ўртасида, айниқса, ёшлар орасида учраётган турли кўринишдаги жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар барчани ташвишга солади. Ёшларнинг ҳали тўлиқ шаклланмаган онг ва тафаккурига қатор хориж давлатларида…
  • 21 Март 2021
    Устоз ва ўқувчилар билими синовдан ўтказилди
    Беллашув Бугунги кунда таълим-тарбия сифатини замон талаблари даражасига кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Таълим-тарбия тизимининг асосий вазифаси - ўқувчиларни Ватанни севадиган, ўз билими…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Онажон, Сизни соғиндим...

ДИЛ ТУFЁНИ

 (Онажоним Адолатхоннинг хотирасига)

Расмингизга термулиб ўтирибман...

Дунёдаги энг гўзал, энг беғубор онам. Саккиз фарзандни жисму-жонидан яратиб, оқ ювиб, оқ тараб, умрини болалари парваришига  бағишлаган, уларнинг ороми учун тунлари оромсиз ўтган, онам...

Чеварим, меҳнаткашим онам. Бизга ҳам ота, ҳам она бўлиб елкасида тоғдек юкни кўтара олган, жасоратда тенги йўқ, онам. Боғбоним онам. Номусгўйим, диёнатлигим, иймонлигим, қалби гўзалим, онам. Сизнинг сифатларингиз айтиб адоғига етолмайман, таърифлашга тилим ожиз.

Чеварим онам... Бир куни эски кийилмай қолган кўйлакларни тўплаб, ювишга уринаётгандингиз.

- Булар кийилмайди-ку, нега ювасиз? Ташлаб юборайлик, - дея юзландим.

- Увол бўлади, ташласак. Тоза матолар-ку. Улардан якандозлар қиламан, - дедингиз.

Ҳа, ўшанда улардан тайёрлаган якандозларингиз жуда чиройли чиққанди.

...Жажжи қизчалар эдик, сочларимизни майда қилиб ўриб қўярдингиз. Ўз қўлларингиз билан чиройли кийимлар, кўйлаклар тикиб кийдирар эдингиз.

Меҳнаткашим, онам.. Болалигимизда отам эрта тонгда мактабга кетиб, уйга кеч қайтарди. Ўз ишига, касбига қизиқар, мактаб ҳаёти, раҳбарлик иши билан банд бўларди. Оила, уй-жой, рўзғор юмушларини, онажон, Сизга қолдирарди, Сизга суянар эди. Сиз ҳам ишласангиз-да, уй юмушларини бекаму кўст адо этардингиз. 

Ҳар сафар овқатнинг олдини отамга алоҳида идишга солиб қўйгандан кейингина дастурхонга келтирар эдингиз. Идишларни тозалаб ювишга Мақсадхон опам каттароқ бўлгани учун ёрдам берарди. Сиз эса тиниб-тинчимай кечаси кир ювар, баъзан ҳамир қориб қўйиб, сўнгра ётардингиз. Саҳарлаб турганимизда, иссиқ нон ҳиди қўрғонни тутарди.

Бизга ҳам ота, ҳам она бўлган, онам... Ўша болалигимиздаги ёш ва гўзал, оппоқ, нурли юзларингиз кўз ўнгимда  муҳрланган. Отамиз ҳали қирқ беш ёшга ҳам кирмай вафот этган машъум кунда йиғлай-йиғлай ҳушингизни йўқотганингиз, шифокорлар келишиб, сизни ҳушингизга келтиришгани ёдимда. ..

Ўшанда оиламизда катта йўқотиш бўлди, отамизсиз яшашга кўникишимиз жуда-жуда қийин бўлганди. Ўшанда Мақсадхон опам турмушга чиққан, Махсуда опам олийгоҳда ўқир эди. Мен эса каттароқ бўлганим учун Сизга ёрдамлашишга ҳаракат қилардим. Укаларим, сингилларим жуда ёш эдилар... Сизга жуда оғир бўлганди, ўша давр.

Мен битирувчи синфда ўқир эдим. Ҳаётни ҳали аччиқ-чучугини тушунмай болалигимга бориб, кунда хархаша қилардим:

- Мен ўқийман, мени ким ўқитади, отам йўқ энди,- дея йиғлардим.

- Ўқитаман, қизим, ҳаммаларингизни ўқитаман, - дердингиз.

Онажон, ўшанда сизнинг юрагингизга қанчалар азоб берганимни энди англаяпман. Ҳаёт биз ўйлаганчалик осон эмас экан...

Мақсадхон опам, Махсудахон опам, Замирбек укам, Элмира синглим, Зокирбек укам, Гулмира синглим, Сайрагул синглим бор. Менинг катта бойлигим бўлган жигарларимни ҳаётга келтирганингиз, бизларга яхши тарбия берганингиз учун Сиздан чексиз миннатдорман, онажон.

Сиз ваъдангизни устидан чиқдингиз. Югуриб-елиб ўқув юртларига ҳужжат топширишга, имтиҳонларга ҳам ҳар биримиз билан бирга борардингиз. Имтиҳондан "аъло", ёки "яхши" баҳо олиб чиқсак, қувонардингиз. Барчамизни ота касбига, муаллимликка, кичик синглимни ҳуқуқшуносликка ўқитдингиз, ҳаммамизни олий маълумотли қилдингиз. 

Елкасига тоғдек юкни кўтара олган, жасоратда тенги йўқ, онам... Оиламизда бир йилда тўрт нафар талаба ўқиган йиллар ҳам бўлган. Шунда сиз, азизим онам, ўз қўлларингиз билан камзул тикардингиз. Камзулларни сотиб бериш учун сотувчи аёлга берардингиз. Ухламай камзул тикиб, елкаларингиз толиб қоларди. Эртасига сотувчи аёлга катта тугундаги камзулларни элтиб бериб, ишга кетардингиз. Қишлоғимиздаги амбулаторияда фаррош бўлиб ишлардингиз. Ойлигингиз, чеварлик қилиб топган пулларингизни талаба фарзандларингизга етказишни ўйлардингиз.

Баҳорда эса ипак қурти боқардингиз. Тонг саҳар тут баргларини келтирардингиз. Бир ўзингиз ҳаммасига улгурар эдингиз.

Боғбоним онам... Бир оилага нимаики керак бўлса, барчасига бир ўзингиз югурар  эдингиз. Қўрғонимизга ҳар йили ўз қўлларингиз билан полиз экинларини экардингиз, сув қўярдингиз, ўтлардан тозалаб, парваришлаб ҳосил етиштирардингиз.

Кўпроқ даромад кўрсангиз, қизларингиз учун сеп йиғардингиз. Аллоҳим Сизни шундай яратган эканки, қўлларингизда барака бор эди, режали, ақлли эдингиз, тўплаётган нарсаларингиз тезда кўпайиб қоларди.

Ўқишларимизни битириб, бир йил ишлаб-ишламай, бизларни  турмушга узатдингиз. Қизларингизга кўрпа-якандозларни ўз қўлларингиз билан тикиб бердингиз. Ҳар сафар қиз узатганингизда ҳам ота, ҳам она бўлиб, оқ фотиҳангизни берардингиз. Куёв жўралари қизингизни олиб чиқиб кетаётганда, кўзларингизда ёш кўрардим, Сизга қанчалар қийин бўлган экан, онажон. Онам, онам, онам-а.

Номусгўйим онам... Ҳар сафар йиғилиб қолсак:

- Яхши юринглар, ҳалол пул топинглар, фарзандларим ҳақида ёмон гаплар эшитсам, чидай олмайман, шуни икки қулоғингиз билан эшитиб олинглар, - дея такрор ва такрор айтаверардингиз.

Диёнатлигим, иймонлигим, инсофлигим, қалби гўзалим, онам... Қариндош-уруғларингиздан кимдир оғриб қолганини эшитсангиз, албатта бориб ҳол-аҳвол сўрардингиз.

Отам вафот этганларида бувам бор эди. Ўз қайнотангизни яхши парвариш қилдингиз. Бувамни кўзлари кўрмай қолганда Андижонга олиб бориб, кўз шифокорига кўрсатиб, операция қилдирганингиз, бувамнинг кўзлари кўра бошлаганда қанчалар қувонганингиз кўз олдимдан сира кетмайди. Бувам ўшанда Сизга жуда узоқ дуо қилганди.

Бувим, кейин отам, бобом, бувам вафот этди... Уларни барчасининг эҳсону маросимларини ўзингиз ўтказдингиз. Йўқотиш нималигини энди тушунаяпман, она. Қанчалар алам, армон, азоб-а... Сизга қанчалар қийин бўлган экан...

Китобларим чиқса, шунчалар қувонардингиз, кўзларингизни беғубор боқишидан чарчоқларим ёзилар, яна ва яна кўпроқ китоблар ёзишга ҳаракат қилардим.

Ҳар тонг ишга кетаётганимда дуолар қилардингиз.

Энди мени ким кутади? Ким дуолар қилиб ўтиради? Ким яхши китоблар ёзишимга туртки бўлади, она?

"Отаси ўлган олти кун йиғлар, онаси ўлган олтмиш кун йиғлар", деган мақол бор халқимизда. Бизларни умрбод йиғлатиб кетдингиз, она. Айрилиқдан, аламдан ҳаётга қайтиш жуда қийин бўларкан.

Сиздек она дунёда йўқ... Сиздек онам билан ҳамиша фахрланаман.

Аллоҳим онамнинг охиратини обод, жойларини жаннат боғларидан, у дунёлигини гўзал қилсин.

 

Махбубахон ТЕМИРОВА