+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Сўнгги пушаймон

Муносабат

Ўша  кун  ҳамон  ёдимда, эсласам юрагимни бир умрлик армон кемиради. Душанба  куни  эди. Онам  эрта  туриб, менга  нонушта  тайёрлаганди.

Мен  жуда  шошаётгандим, негалигини ҳалигача билмайман, чунки дарсга ҳали эрта эди. Балким, тақдирнинг пешонамга ёзилган қалтис ўйиними-ди бу?  Энди   пойафзалимни  кийиб, кетмоқчи  бўлиб, портфелимни  қўлимга  олган эдим, онам:

- Болам, кел  ўтир, шошилма, бир  пиёла  чой  ичиб  кет! - деб қолди.

- Йўқ, ая, шошиб турибман. Бугун  дарсларим  жуда  кўп, эртароқ  кетишим  керак! - деб  баҳона  қилдим.

Онам  қўярда - қўймай  қўлимдаги  портфелни  олиб, ҳовлимизнинг  ўртасида  турган  эски, ранги  ўчган  сўримизга етаклаб  кетди.

Бечора  онам  эрталабдан  менга  иссиқ   нон  ёпишга  ҳам  улгурибди.

"Болам  ўқишга  оч  кетмасин",  деганда, меҳрибон  онам, - дея  ичимда  ўйладим.

Қанийди  ўша  сўзларни  унинг  ўзига  айтганимда...

Кўзларимга  ёш  қалқиди. Онамни  маҳкам бағримга  босиб, "мен  сизни  яхши  кўраман,  ҳаётимнинг  мазмуни",  дегим  келди. Лекин,  айтмадим, айта олмадим,  ғурурим  кучлилик  қилди. Ёки уялдим-ми билмайман, энди бунинг нима аҳамияти бор?

Нонушта  қилиб  бўлгач,   шоша-пиша  пойабзалимни  кийишга  тушдим.

Онам  ёнимга  келиб, қўлини  очиб  дуо  қила  кетди. Мен эса "ая бўлинг, уф-ф-ф, кеч  қоляпман", деб онамнинг мени ушлаб қолаверишидан жаҳлландим.

Ойим негадир кўзларимга  ҳар  доимгидан  бошқачароқ  қаради: 

"Болам,  бугун эртароқ  келасанми? - деди.

Мен эса  шоша-пиша  "нега?" деб  сўрадим.

- Мен  бир  жойга  кетишим  керак. Узоқ  жойга, - хўрсинди онам.

Мен нодон, шошаётганимданми, унинг  гапларига  эътибор  бермабман.

- Бугун  бормай  тура  қолинг, дарсларим  жуда  кўп, - дея онамнинг  гапларига  қулоқ  солмай, эшикни  ёпиб,  чиқиб  кетдим.

Иккинчи соат  дарсда ўтирганимда, ўқитувчимиз кириб, "тез  уйга  борар  экансан,      уйингдагилар  қўнғироқ  қилишди" - деб қолди. 

Ҳайрон бўлдим. Нима гап экан-а? Тинчликмикан ишқилиб? Ё онам борадиган жой зарил бўлгани учун мени чақириб оляптимикан?

Китоб-дафтарларимни тезгина йиғиштириб, уйга йўл олдим.

Уйга  яқинлашганимда, эшигимиз  олдида  турган  тумонат одамга кўзим  тушди. Юрагим  орқага  тортиб, муздек тер босди.  Онамнинг охирги  гаплари  ёдимга  тушди.

Оёқларим  ўзимга  бўйсунмай  титрарди, эшикдан  киришимни  биламан, янгам  югуриб келиб мени қучоқлаб, додлади: "Онангдан айрилиб қолдик, ўғлим!" Карахт бўлиб қолдим. Эрталаб соппа-соғ, мени дуо қилиб, кулиб кузатган ойим қанақасига 2 соат ичида ўлиб қолиши мумкин, деб ўйладим.

"Алдаяпсиз, аям эрталаб яхши эди. Алдаяпсиз мени..."

Янгамнинг қўлидан юлқиниб уй томон отиларканман, яшин тезлигида онамнинг эрталабки ҳолати, мунгли кўрингани, мени ҳеч қўйиб юборгиси келмагани хаёлимдан ўтди.

- Нега ахир, аяжони-и-им!, - дея ўкраб юбордим.

Мана, онамнинг маърака-маросимларини кузатганимизга ҳам бир ҳафтадан ошди. Азанинг дастлабки кунлари келди-кетди, одамларни кузатиш билан айрилиқ дарди унча билинмади. Ҳамма кетиб, ўзим ёлғиз қолгач, ёлғизликнинг даҳшатини ҳис қила бошладим.

Мен онамнинг якка-ю ёлғиз фарзанди эдим. Ака-ука, опа-сингилларим йўқ. Дадам автоҳалокатда оламдан ўтган. Онам мени ўйлаб, фарзандини ўгай отанинг қўлига ташламаслик учун бошқа турмуш қилмаганди. Онам менга суянар, мендан куч оларди.

 Аммо, мен катта бўла бошлаганим сари, ундан узоқлаша бошлабман. Ўқиш, ўртоқлар билан кўчада дайдишлар, қизлар ҳақида хаёл суришлар. Онамнинг қон босими ўйнаб туриши, юраги безовта қилишини одатий ҳол деб қарабман. Гўёки онам дунёга устун бўладигандек, ҳеч қачон ўлмайдигандек.

Туйқус ўлим онамни мендан юлиб кетди. Мен эса ўзимнинг бошвоқсиз орзуларим билан ёлғиз қолавердим.

Онамга айтолмаган сўзларим эса армон бўлиб қолди.

Уни севишимни, усиз ҳаётим мазмунсиз эканини, у менинг тиргагим,  қалбим қўри, қанотим эканини  айтишга улгуролмадим. Энди бу дил изҳорлари ҳар доим, ҳамма вақт бўғзимни куйдиради.

Азизлар,  яқинларингизга  атаган  дил  сўзларингизни   вақтида  айтинг! Улардан меҳрингиз, вақтингизни аяманг. Сўнгги пушаймон дилингизни емирмасин.

 

Кумуш ҲАМИДЖОНОВА,

 

Избоскан  тумани.