+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Ҳаёт қадри

Ҳайдовчининг кундалиги

 

Ҳаёт - Аллоҳ таоло инъом этган энг буюк неъмат. Лекин, ҳар доим ҳам ана шу неъматнинг қадрига етмаймиз. Гоҳо пул, мол-дунё, гоҳо амал курсиси, гоҳо ўткинчи ҳою-ҳаваслар деб бир-биримизни эговлаймиз. Жонимизни, соғлигимизни аямай молу дунё йиғамиз. Бироқ, эртага шу давлатимиз бизга асқотадими, меҳнатимизнинг роҳатини кўриш насиб этадими, йўқми, ўйламаймиз. Ахир бир кун ўлиб кетсак, ҳамма-ҳаммаси фанода қолиб кетади. Бу аччиқ ҳақиқат. Яқиндагина содир бўлган воқеа буни яна бир карра исботлади.

Эндигина Тошкентдан келиб, мижозларни уй-уйларига тарқатаётган эдим. Қўл телефоним жиринглаб қолди. Олсам, хотиним:

- Дадаси, етиб келдингизми?-деб сўради. Овози хавотирли эди.

- Ҳа, мижозларни туширяпман. Тинчликми?-дея сўрадим.

- Адиба опанинг эри узилиб қолганга ўхшайди!

- Йўғ-э, қандай қилиб?

- Ўзига келмаяпти. "Скорий" чақирдик. Тез етиб келинг!

Сўнгги мижозим Қўрғонтепага эди. Унга узримни айтиб, "Дамас"га чиқариб юбордим-да, уйга қараб "учдим".

Етиб келганимда қўшнимиз Адиба опанинг овози бутун "дом"га эшитиларди.

- Дадажониси, Пўлатжон ака, кўзингизни очинг, мени қўрқитманг! Ёрдам беринглар ҳой мусулмонлар! Пўлатжон ака-а-а!

Очиқ эшикдан кириб борганимда мени ранг-қути ўчган хотиним қарши олди.

- Скорий ҳам шу ерда! - шивирлади у.

Тез ёрдамда келган шифокор йигит ерга чўзилиб ётган Пўлат акани юрагини массаж қилар, сунъий нафас олдиришга уринарди. Нариги уйда гир айланиб юрган Адиба опага энди кўзим тушди. У ўзини ҳеч қўлга ололмас ва ҳадеб - "Айланиб кетай арслоним, ҳозиргина ўйнаб-кулиб ўтиргандиз-ку. "Ҳеч қачон сени ташлаб кетамайман" дердиз-ку! Ўрнингиздан туринг, "ҳазиллашдим" деб айтинг!", - деб дод соларди.

3-4 марта уринишдан сўнг шифокор йигит бор чайқади:

- Қўлимиздан ҳеч нарса келмайди, юраги тўхтаб бўлган. Энди барибир фойдаси йўқ!

Шундай деб у кетишга чоғланди.

- Йўқ,- чинқирди Адиба опа докторнинг йўлини тўсиб. - Ундай қилманг, ука! Шифохонага олиб борайлик. Шундай ташлаб кетаверасизларми?

- Тўғри тушунинг, опа, эрингиз "узилиб" бўлган. Биз мурдани олиб кетолмаймиз. Олиб борсам, жасадни ёришга тўғри келади.

-Йў-ўқ, Пўлатжон ака! - Адиба опа энди эрига ёпишди. - Нега, нега? Туринг, шунақа ҳам қўпол ҳазиллашадими одам деган. Кўзингизни очинг! Э-э худойим, энди нима қиламан?

Адиба опанинг эри менга ўхшаб таксида кира қилар, у қадар бой яшамасалар-да, жуда аҳил ва бахтли ҳаёт кечирар эдилар. Адиба опа Пўлат аканинг иккинчи хотини эди. Янги кўчиб келган маҳалимиз буни билмагандик. Чунки, Адиба опа Пўлат акани "дадаси" деб чақирар, у киши ҳам Адиба опанинг болаларига ҳеч қачон ўгайлик қилмасди. Бир воқеа бўлди-ю, бу оиланинг сирлари ошкор бўлди. Яъни, Пўлат аканинг биринчи хотини келиб, бутун маҳаллани бошига кўтариб жанжал  қилди. Адиба опани куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлади. Кундошини ҳатто дўппослашгача бориб етди. Шу воқеадан сўнг Пўлат ака узоқ вақт кўринмади. Бироқ, анча пайтдан сўнг қайтиб келди ва бутунлай Адиба опа билан яшаб қолди.

Менинг ён қўшним ҳақида билганларим фақат шулар эди. Хотинимнинг айтишича, Пўлат аканинг биринчи оиласида  тинчи йўқлиги учун ҳам ором истаб тез-тез Адиба опанинг ёнига ошиқаркан. Адиба опа эса муомала санъатида даҳо аёл эди. Одамгарчиликка уста, қўли очиқ, бағрикенг бу аёл оиласидан безиган эркакнинг жон малҳамига айланганди.

- Икки марта инфарктни бошидан ўтказган экан, - деди шифокор, - назаримда бу учинчи юрак ҳуружи. Нима ҳам дердик, бу ёғига Оллоҳ ўзи сабр-тоқат берсин.

Тез ёрдам шифокори эрталаб ўтсак, керакли маълумотномаларни ёзиб беришини айтиб, жўнаб кетди.

Адиба опани зўрға тинчлантирдик. Аммо, энди бошқа бир муаммо, марҳумни биринчи оиласига хабар етказиш масаласи турар эди.

- Қандай бориб айтаман? Унинг ўлимида ҳам мени айбдор қилишади энди! - деди Адиба опа уф тортиб. - Кечадан бери сиқилиб юрганди ўзи. Ўғиллари дилини оғритиб қўйган экан! Машина талашмай қолгур оқпадарлар, отасининг бошига етишди, - опа яна уввос солиб йиғлашга тушди.

- Қўйинг опа, ўзингизни босинг! - таскин берган бўлдим. - Ундан кўра бўладиган ишни қилайлик. Бунақа дод солсангиз, марҳумнинг руҳи озор чекади. Ундан кўра ёрдамлашиб юборинг, диванга олайлик. Ҳали жағини боғлаш керак.

Кўп қаватли уйларда яшаганимиз учун, бу ерда катта ёшдаги одамлар деярли йўқ эди. Шу сабаб марҳумнинг жағини танғиш ҳам, йўл-йўриқ кўрсатиш ҳам ўзимнинг зиммамга тушди. Соат тунги бирлар чамаси. Хуллас, қариндош-уруғ, биринчи хотинига хабар беришга Адиба опа иккимиз борадиган, уйда эса хотиним қўшнининг болалари ва марҳумга қараб турадиган бўлди.

Пўлат аканинг оиласи хабарни эшитиб Адиба опанинг ёқасига ёпишмасайди, деб қўрққан эдим. Йўқ, улар бу хабарни мен ўйлагандан кўра хотиржамроқ қабул қилишди. Марҳумнинг иккита катта ўғли бор экан. Энг ҳайрон қолдиргани, ота ўлимини эшитиб ўғиллар кўз ёш тўкмадилар ҳам. Пўлат аканинг Адиба опа уйига талпингани сабабини тушунгандек бўлдим.

Келганимизда даҳамизда чироқ ўчган эди.

- Оббо, қоронғуда қўрқишмадимикан? - деган хаёл ўтди бошимдан.

Ўйлаганимдек, хотиним иккала хонадон эшигини очиб қўйиб, ўрта йўлакда болалар билан ўтирган экан.

Пўлат аканинг жасадини ота уйига, яъни биринчи оиласига олиб кетишди. Чиқиб кетишаётганда Адиба опа:

- Мендан рози бўлинг, жойларингиз жаннатда бўлсин. Сиздан минг бор розиман! - деб йиғлаб қолди.

Уйга кириб креслога хорғин чўкарканман, ёнимга хотиним келиб ўтирди ва секин қўлларимдан тутди. Қарасам, кўзлари тўла ёш.

- Дадаси!, - деди у ялинчоқ, мунгли овозда. - Арзимаган нарсалар деб бир-биримизга бақир-чақир қиламиз. Рўзғор икир-чикирлари деб асабингизни эговлаб қўйган бўлсам, мени кечиринг! Пўлат аканинг ўлими менинг кўзимни очди. Инсон яхши кўрган кишисидан бир лаҳзада айрилиб қолиши мумкин экан. Шу биргина тун мени анча ўзгартирди. Илтимос, бир-биримизни авайлаб яшайлик!

Аёлимнинг кўзларига қараб, унда анчадан бери кўрмаган меҳрни, муҳаббатни кўрдим. Очиғи, яқин бир йилдан бери бундай самимий, ширин сўзларни эшитмаган эдим.

- Ҳадисда ёзилишича, агар эр-хотин бир-бирига муҳаббат билан боқиб, қўлларидан тутса, гуноҳлари бармоқлари орасидан тўкилармиш. Келинг, қўлларимизни бирпас ушлаб ўтирайлик!

Унинг гапларидан бир кулгим қистаса, бир юрагим ҳапқирарди.

- Қўрқиб кетибсан, шекилли-а? - сўрадим хотинимдан.

- Унчалик эмас-у, аммо ўлик билан бир уйда, бунинг устига қоронғуликда ўтириш осон эмас экан. Гўё мурда тирилиб, чиқиб келадигандек. Бунинг устига Адиба опанинг ҳолати қаттиқ таъсир қилди. Қаранг, иккинчи хотиннинг қисматини. Тириклигида бировнинг омонати бўлган эрнинг ўлганидан кейин жасадиям насиб қилмас экан.

Дунёнинг ишлари шунақа ўзи. Болалигимда бир бой қўшнимиз бўларди. "Волга" автомашинаси бор, данғиллама уй-жойларнинг эгаси эди-ю, хотиндан ёлчимаганди. Эрини ҳурмат қилмайдиган, ивирсиқ, тили аччиққина хотини эрининг молу дунёсига кибрланиб кетганди. Ўша кишининг иккинчи хотини ҳам борлигини эшитгандик. Билган қўшнилар жуда фаросатли, ораста, ширинсўз аёл деб таърифини келтиришарди. Қисматни қарангки, ўша бой қўшним ҳам иккинчи хотинининг уйида жон берган эди.

Йўлда кўп юрмайманми, ҳар хил тоифа кишиларни кўраман. Назаримда, бу ўткинчи қийинчилик одамларни, хусусан, аёлларимизни бирмунча қўполлаштиргандек. Энам раҳматли "Эркак киши мушукка ўхшайди. Ким орқасини силаса кетаверади", дер эдилар. Агар шу гапда жон бўлса, аёллар ўзларига рақобатчи пайдо бўлишидан қўрқиб яшашлари керак. Чунки, эркак киши ширин сўзнинг гадоси бўлади. Оиласидан ширин сўз эшитмаган, меҳр-муҳаббатга ташна, зарра эътиборга муҳтож эр кишининг кўнгли ҳаловат истаса, уни нима деб айблай оласиз?

Мен деярли ҳар куни, ҳар тонг қўшнимиз Пўлат акани "Илойим, жойлари жаннатда бўлсин!" деб дуо қиляпман. Чунки, айнан у киши сабаб хотинимнинг менга бўлган муносабати яхшиланди. Пўлат ака сўнгги манзилга кетар чоқ жуда кўпчилик, айниқса, менинг хотинимга ҳаёт қадри ҳақида сабоқ бериб кетганди.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

 ёзиб олди.