+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ЎЧОҚҚА КЎМИЛГАН ҚИЗ

ҚатаFон жабрдийдалари

Собиқ совет тузумининг нотўғри сиёсати халқимиз бошига жуда кўплаб кулфатлар келтирганини тарихдан яхши биламиз.  Айниқса,  ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидаги қатағонлар, коллективлаштириш мисли кўрилмаган жисмоний, маънавий-руҳий йўқотишларга олиб келди. Ўша даврларда Шаҳрихондан 100 дан ортиқ оила Украинага мажбурий равишда       бадарға қилинган. 

 

Улар асосан моддий жиҳатдан  ўзига тўқ, тадбиркор,   деҳқончиликда омилкор инсонлар бўлган. Ўзга юртларга "қулоқ" қилинган  кишиларнинг от-улови, иш қуроллари, чорва ҳайвонлари, бор мол-мулки  мажбурий равишда колхоз ихтиёрига олинган.

"Қора рўйхат"га тиркалганлар болалари, қари   ота-оналари, бутун оила аъзолари билан ҳамма томони берк, ифлос вагонларга чиқарилиб, соқчиларнинг қатъий назорати остида Украинага олиб борилади. Ўша оилалар ичида Абдусамат маҳалласида яшовчи оддий  деҳқон Ҳасанбой ака, турмуш ўртоғи Басархон ҳамда 4 нафар ёш болалари ҳам бор эди.    Поезд гоҳ тўхтаб, гоҳ юриб, бир ой деганда Украинага етиб келади. Шу давр ичида "қулоқ" қилинганларнинг айримлари касалликка чалиниб, вафот этадилар.

Очликдан тинка-мадори қуриган юртдошларимиз Херсон вилоятининг Каховка, Голая Пристань, Скадовск туманларидаги чўлларга, пахтачилик хўжаликлари   ташкил этилган хуторларга юборилади.  Улар томи похол билан ёпилган, зах, яшаш учун  умуман мослашмаган уйларга жойлаштирилади. Эртаси куниёқ, ишга яроқли "қулоқлар" йўқлама қилиниб, рўйхат билан ишга олиб кетилади.

Ўша йили Украинада қиш ўта совуқ келади ва кўплаб кўчирма қилинган, бу ернинг об-ҳавосига мослашмаган кишилар ҳаётдан бевақт кўз юмади. Ўзбекистондан бадарға қилинганлар қаттиқ назорат остида бўлишган. Далага чиқиб, ишлаганларга бир маҳал карам шўрва билан юз граммдан қора нон бериларди.

1933 йилдаги очарчилик бир қанча инсонларнинг  умрига зомин бўлади. Кўплаб болалар ота-онасиз қолишади. Улар учун Каховка шаҳрида "Болалар уйи" ташкил этилади. 1937 йилдаги қатағон яна кўплаб ҳамюртларимиз бошига ташвиш келтиради. Бу ерда ҳам "халқ душманлари"ни қидириш авж олади. Зиёлилар, намозхонлар айбланиб, қамоқхоналарга олиб кетилади. 1941 йилда бадарға қилинганларни ўз юртига қайтариш бўйича буйруқ бўлди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, ҳарбий фронтдаги вазият оғирлашгани сабабли 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар урушга олиб кетилади. Аёллар ва болалар эса, яна хуторларга қайтарилади.

Ҳасанбой ака урушга кетганича,   қайтиб келмайди. Унинг турмуш ўртоғи Басархон 2 нафар фарзандидан айрилиб, 2 қизи билан қолади. Қаҳратон қиш, очарчилик авж олади. Зебихон иситмалаб, ҳеч нарса емай қўяди. Бир куни онаси печкани похол билан ёқиб, чой дамлайди ва қизларини уйғотади. Афсуски, Зебихон оламдан ўтган эди. Онанинг фарёди қўшниларнинг оромини бузади. Бир зумда теварак-атрофдагилар йиғилади. Қизчани дафн этиш учун кафанлик топилмайди. Ер ўта қаттиқ музлагани туфайли қабр қазишнинг ҳам имконияти бўлмайди. Чунки, эркаклар фронтда бўлиб, қишлоқда деярли аёллар ва болалар қолган эди. Басархон қизидан айрилиб, телбасифат бўлиб қолади.

Аёллар қизчанинг устидаги кийимини ювиб-қуритиб, кийдиришади-да, юзига бир парча оқ мато ёпиб, кўмишга тайёрлашади. Қабр қазишнинг иложи бўлмагач, уруш туфайли ёпилган болалар боғчасининг     ялангдаги ўчоғи ичига кўмишади. Бу кун онаизорнинг кўзида бир умр муҳрланиб қолади...

Ниҳоят, 1946 йилда Басархон ёлғизгина қизи Тожихон билан бир амаллаб, Шаҳрихонга қайтиб келади. У 1978 йилда 80 ёшида вафот этган. Аммо, умрининг охиригача "Зебихон, ўчоққа кўмилган қизим...", дея қон йиғлаб ўтганди.

Эсонбой САРИМСОҚОВ,

Вилоят ўлкашунослик музейининг Шаҳрихон филиали мудири.