+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Бир жуфт қалдирғоч

(ҳикоя)

Садоқат  кўзини очганида тун ўз чодирини йиғиш арафасида, тонг хабарчилари бўлмиш хўрозлар қичқира бошлаган эди. Айвон шифтидаги бир жуфт қалдирғочга кўзи тушди. Шу пайтгача уларга эътибор бермаган экан. Қалдирғочлар энди кўзини оча бошлаган полапонларига галма- галдан  овқат таширдилар. Полапонлар чуғур-чуғур сайрашиб, ота-оналарига талпинардилар. Қалдирғочлар эса тумшуғида олиб келган овқатни болаларига навбат билан берарди. Садоқат бу ҳолни кузатаркан, «Қалдирғочлар овқатни болаларига  навбат  билан берар экан-да, ҳатто шу қушлар ҳам фарзандларига бирдай меҳр кўрсатар экан», - деди, ўзи билан хаёлан гаплашар экан.

 

 У аста ўрнидан турди-да, ювиниб-таранди. Кўча ва ҳовлиларни супуриб, сидирди. Ётиш олдидан қориб қўйган хамири ҳам кўпиб қолибди. Бу орада турмуш ўртоғи Адҳамжон ҳам уйғониб, мол-қўйларга ем-хашак бериш билан овора эди. Садоқат фарзандлари уйғонгач, дастурхон тузади. Эндигина ёпган иссиқ нонни дастурхонга қўйишдан олдин, қизи Фаридага деди:

- Қизим, Роҳат холангга нонни бериб чиқ. Фарида онасининг қўлидан сочиққа ўралган иссиқ  нонни олди-да, дарчадан қўшни ҳовлига кириб кетди.

Эрини ишга, фарзандларини мактабга, боғчага жўнатиб, ўзи ҳам  ишга отланди.  Мана неча йилдирки, мактабда ўқувчиларга она-тили ва адабиёти фанидан дарс бериб келади. Раҳматлик онаси Раҳимахон ҳам ўқитувчи бўлган. Мансаб, шон-шуҳрат унинг табиатига ёт, ўз касбига меҳр қўйган фидойи, камтарин инсон эди.

Садоқат синфга кириб келганида, ўқувчилар ўз жойларини эгаллаб ўтирган эдилар. Салом-аликдан сўнг бугунги мавзу ҳақида сўз юритди.

- Қадрли ўқувчилар, бугун "менинг отам" мавзусида иншо ёзамиз. Ҳар бир ўқувчи ўзининг отаси ҳақида ёзади. Қани, қўлимизга ручка олиб ёзишни бошладик.

Ўқувчилар қўлларида ручка, кўзларида аллақандай ҳайрат билан оқ қоғозни қоралай бошладилар. Уларнинг   маъсум чеҳрасида гоҳ ним табассум, гоҳида ғурур ифодаси намоён бўларди. Садоқат парталар оралаб юриб, ҳар бир ўқувчисини диққат билан кузатар экан, кимдир оғир хўрсингандай бўлди. У ялт этиб охирги партага қаради. Синфдошларига қараганда анча бўйдор, озғин, қош-кўзлари қоп-қора Толибжонга кўзи тушди. У  ручкасини қўлига ҳам олмай, бошини эгганича маъюс ўтирар эди.

- Нима қилиб қўйдим?, - Садоқатнинг ўзига берган биринчи саволи шу бўлди. - Ахир унинг отаси йўқ эди-ку. Нега шуни аввалроқ ўйламадим?

 Бир муддат ўйга толди. Миясига келган фикрдан ўзи ҳам қувониб кетди.   Дарҳол энди қоғоз қоралай бошлаган  ўқувчиларига юзланди:

- Диққат, бир дақиқа, ўғил-қизларим! Оталар эмас, боболаримиз ҳақида ёзcак ҳам бўлади. Чунки, уларнинг ёши улуғ, ҳаётий тажрибаси улкан, - деди, Садоқат қилиб қўйган хатосини тўғрилаб.

Шунда Толибжоннинг юзларида севинч аломатлари пайдо бўлди. У     дарҳол ручкасини қўлига олди-да, тўхтамай ёза бошлади. Чунки, Толибжон  ҳали дунёга келмасдан олдин, ота-онаси ажрашиб кетган, ҳатто ўз йўлларини топиб олишга ҳам улгурган эдилар. Толибжон эса бобоси ва бувисининг қўлида  тарбия олаётган эди.

Садоқатнинг ўйламай қилган биргина хатоси, беғубор гўдак қалбини чил-парчин қилиб юборишга бир баҳя қолган эди. Шу куни ўқувчиларнинг ёзган иншоларини йиғиштириб олди.Дарслари тугагач, уйига йўл олди. Дарвозадан ичкари ҳовлига киргач, яна пазанда, саришта уй бекаси, меҳрибон она ва эрига итоаткор аёлга айланди. Уй юмушларини тугатди. Кичик ёшдаги қизчасига эртак айтиб, ухлатди. Ётоқхонага қаради. Чироқ ўчган. Демак, Аҳмаджон ҳам ухлаб қолибди. Садоқат боягина текшириш учун  ўқувчилардан йиғиштириб олган иншоларни сумкасидан олди. Хонтахта ўрнатилган очиқ айвонга бориб ўтирди. Иншоларни бирма-бир кўздан кечирар экан, Толибжоннинг ёзган иншосидаги жумлалар диққатини тортди. Беихтиёр кўзларидан ёш юмалади.

 "Бир кун тунда бобом билан бувимнинг гапларини эшитиб қолдим. Бувим бобомга: - Сиз ортимда қолинг, набирамиз Толибжонни ўқитиб, одам қилинг. Қанча дарду ғамларни енга олган кучли инсонсиз. Шўрлик набирам сиз бор учун отаси йўқлигини билмайди, - дея узоқ йиғладилар. Буни эшитиб, қўрқиб кетдим. Авваллари, ўртоқларимнинг дадалари велосипед олиб берса, уйга кира солиб, "менга ҳам олиб берасизлар", -  дея йиғлай бошлар эдим. Ҳеч қанча ўтмай, бобом менга ҳам янги велосипед олиб келарди. Қувонганимдан бобомнинг бўйнига осилиб олардим. Ҳозир эса, шуларни ўйлаб сиқилиб кетяпман. Бобомсиз, бувимсиз, менга велосипеднинг нима кераги бор?! Мен уларни йўқотиб қўйишдан қўрқаман.

Бобожон, сиз ўлманг. Менга ҳеч нарса олиб бермасангиз ҳам майли. Фақат сиз доимо ёнимда бўлинг. Сиздан      бошқа ҳеч нарса керакмас. Бу дунёда сиз билан бувим соғ юрсангиз бас..."

Агар шу иншо ёзилмаса, Садоқат ўқувчисининг қалбида шунча изтироб ётганини пайқамаган бўлар эди. Шу кеча унинг кўзларига уйқу келмади. Ўқувчисининг изтироблари унинг ҳам юрагига кўчиб ўтгандай эди. Хотиралар уни ортга болалик кунларига етаклади. Ҳали-ҳануз ёдида. Онаси раҳбарлик қилаётган синфда у ҳам ўқирди. Кунлардан бир куни онаси  дарсдан сўнг ўқувчиларга  юзланиб:

-  Ҳурматли ўқувчилар, эртага соат 5.00 да оналар мажлиси бўлади, - деди.

Садоқат ўйланиб қолди. Хаёлидан шу гаплар кеча бошлади: «Онам доимо «ота-оналар мажлиси» дер эди. Бугун эса...»

Уйга борганда, онасидан бунинг сабабини сўради. Шунда онаси унга қараб:

- Партадошинг Шавкатнинг ҳозир дадаси йўқ-ку. Кўнгли ўксиб қолмаслиги учун шундай дедим, - дея жавоб берган  эди.

Ҳа, дадасидан барвақт айрилган Шавкатнинг шўхлигидан асар ҳам қолмаган, айрилиқ ва соғинчнинг изтироблари шундоқ юз-кўзидан сезилиб турарди. Қиз ён қўшни бўлганлари учун бу воқеаларнинг гувоҳи бўлган эди.  

Садоқат онаси билан ўтган дамларни хотирларкан, лаблари аста пичирлади: "Онажон,  нақадар зийрак қалб эгаси бўлгансиз. Ҳар бир ўқувчингизни қалбидаги кечинмаларини кўра олгансиз. Сиз шунчаки дарс ўтмадингиз, балки, юракдан ёниб-куйиб ёшларга билим бердингиз". 

У бедор кўзларини кўкка қадади. Кўкдаги ой тўлишибди. Ойнинг нурлари зулмат бағрини ўйиб бораётганди. Юлдузлар чарақлаб, осмонга зеб бераяпти.                       

- Юлдузинг порлоқ бўлсин, Толибжон  ўғлим, - деди Садоқат осмон тўла юлдузларга боқаркан.

Айвон шифтига  мўъжазгина солинган  уяда  она қалдирғоч  болаларини қанотлари остига олганди. Полапонлар ҳам онасининг илиқ бағрида  ором оларди. Ота қалдирғоч эса инидан ташқарида уларни хавф хатардан  қўриқлаб  сергак  турарди.

 

Ёқутхон ОБИДОВА