+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

АЙРИЛИҚ

(ҳикоя)

Ясина вазмин, тортинчоқ, кўнглимдагини топ, дейдиган қизлар хилидан эди. Синфдош қизлар билан чиқиша олмас, шу сабаб яқин дугонаси йўқ эди. Бир-икки марта мактабини алмаштирди. Ота-онаси унинг табиатини билгани учун кўнглига қарар, хонасига қамалиб олиб китоб ўқиса, шеър ёзса шароит яратиб беришар, ҳеч кимни уни безовта қилишига йўл қўйишмасди.

Ясина хаёлпараст эди. Дўстлик, муҳаббат, садоқат унинг учун ҳеч нарсага алишиб бўлмас покиза туйғулар эди. Дўсти бўлса садоқатли, ёри бўлса вафодор, фақат илм олиб, келажакка интилиб яшаса. Тенгдош қизлар каби ўткинчи ҳою ҳавасларга берилмас, телефонга қизиқмас, синфдошлари танаффус пайти ғийбатлашиб, телефон ковлаб ўтиришса, индамай китоб варақларди.

Ясинага ўзига ўхшаган дугона етишмасди. Сирлашадиган, шеърларини тинглаб маслаҳат берадиган, орзу-умидлари ҳақида биргаликда хаёл суриб, ўртоқлашадиган яқин маслакдош керак эди унга.

Битирувчи синф бўлишганида уларнинг синфига янги қиз келди. Синф раҳбари Оязим опа кўзлари исмига мос катта-катта, порлаб турадиган қиз - Шаҳлони Ясинанинг ёнига ўтқазди.

Ясина қиз билан бепарвогина саломлашди. "Одатдаги   синфдош қизлардан-да буям" хаёлидан ўтказаркан, китоб-дафтарларини олаётган Шаҳлонинг китоблари орасидаги, севимли шоирининг шеърий тўпламига кўзи тушди. Бу китобни у анчадан буён қидириб юрарди.

- Вой, Муҳаммад Юсуфнинг китоби-ми?, - севинчдан қичқираёзди Ясина. - "Эрка кийик". Мен бу китобни анчадан буён қидириб юргандим.

- Ҳа, дадам Тошкентдан олиб келиб берди. Муҳаммад Юсуф менинг энг севимли шоирим, ҳамма китобларини тўплаб юраман.

Шу тариқа Шаҳло ва Ясина дўстлашиб кетишди. Айниқса, Ясина ҳаётидан хурсанд эди. Ахир, энди унинг ёнида яқин дугонаси бор.

Шу тариқа мактаб даври тугаб, коллеж ҳаёти бошланди. Дугоналар мактабни имтиёзли тамомлашиб, Иқтисодиёт коллежининг бухгалтерия йўналишига  ўқишга кирдилар. Иккиси ўзларига ўхшаган яна икки дугона орттиришди.

Бир куни дугоналар ўқишдан қайтаётиб, Ясинанинг аввалги мактабидаги собиқ синфдоши Маъруфни учратдилар. Маъруф Ясина билан кўришгач, Шаҳлога ҳам ийманибгина салом берди. Ёшлар ўзаро салом-аликдан сўнг узоқ гаплашишди. Маъруфнинг фикрлашлари,  дунёқараши, илмга чанқоқлиги, энг муҳими сипо ва орасталиги Шаҳлога манзур бўлганди. Шу тариқа улар  бир -бирлари билан яқин бўлиб кетишди.

Ўзбекчилик, йигит ва қизнинг тез-тез учрашиши, бир-бирларига термулиб соатлаб гаплашишлари ўз-ўзидан бошқаларда "севишганлар экан" деган хаёлга туртки бўлди. Тез орада гап-сўзлардан Шаҳлонинг акаси ҳам  хабар топди. Синглисидан дарғазаб ҳолда:  "Маъруф ким?" деб сўради. Бу саволдан Шаҳлонинг юзларида қўрқинч, кўзларида уялиш сезилди. "Шунчаки синфдошим" деди бошини ерга эгиб.  "Бу йигит билан сени бошқа кўрмайин" амр этди акаси ғазаб билан.

Суҳбат шу билан тугади. Қизлар минг ўй, минг бир ҳадикда ажралишиб, уйларига йўл олдилар.

Эртасига Шаҳло ўқишга келмади. Ясина дугонасидан хавотир оларкан, унинг: "акам жуда қаттиққўл, "қадамингни ўйлаб бос, чиройли юр, ортингдан бир гап-сўз чиқса, сени тирик қўймайман", дейди" деган гаплари хаёлидан ўтди.

Ясинанинг талмовсираб юрганини кўрган гуруҳдоши Гули "Сенга гапим бор", дегандек  ишора қилди. Ташқарига чиққанларида қиз бўлган воқеани айтиб берди.

- Биласанми..., - деб гап бошлади Гули. - Шаҳло "бир кунда  икки яқин дўстларимдан айрилдим" деди. Бири Маъруф, иккинчиси сен экансан!

 Бу гапдан Ясинанинг юзига бир челак совуқ сув сепиб юборилгандек бўлди.  "Нимага, нимага энди мендан айрилади" дея олди холос.

Ўша куни Шаҳлонинг акаси Маъруф билан учрашиб, синглисини тинч қўйишини сўраган. Йигитнинг "Биз шунчаки  дўстмиз" деган жавобига "ўғил бола билан қиз боланинг ўртасида дўстлик бўлмайди, қисқаси, уни тинч қўясан" дея, ҳамиятига тегадиган гаплар гапирган.  Шунда  Маъруф "Ўзи асли мен синглингизни эмас, дугонаси Ясинани ёқтираман" деб юборган. Шаҳлонинг акаси шунга ғазабланиб, "Ясина билан  бошқа кўришмайсан" деб синглига дўқ урибди.

Шу тариқа oрадан бир неча ҳафта ўтди, aммо Шаҳло дарсларга бошқа келмади. Уйига бориб хабар олиб келмоқчи бўлиб турган Ясина гуруҳдошларидан бир гап эшитди: Шаҳлоларнинг оиласи бошқа шаҳарга кўчиб кетибди.

Наҳотки?! Нега, дабдурустдан?! У ҳолда нега менга бу ҳақда айтмади?

Ясинанинг кўзларидан беихтиёр ёш оқа бошлади.У ўзини қаерга уришни, нима қилишини билмасди. Эшикдан отилиб чиқиб, ҳовли четидаги  ёнғоқ дарахти остига бориб ўтирди, энг  яқин дугонаси бўлган Шаҳлони қайта кўра олмаслиги ҳақидаги ўй уни тинмай қийнарди.

 

 Адиба ҚУРБОНАЛИЕВА,

 

                Марҳамат тумани.