+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Мотамсаро қизғалдоқлар

Ҳикоя

Уйимиз адирга яқин жойда бўлганлиги учун у ерда яйловимиз ҳам бор. Ҳар йили баҳор келиши билан мол-қўйларимизни яйловга олиб чиқиб боқамиз. Адирда, яйловларнинг юқори қисмида чуқур жарлик бор. Лекин баҳорда ўт-ўланлар, лолақизғалдоқлар билан жарлик у қадар кўринмайди. Айниқса, адирларда энди майсалар бош кўтара бошлаганда, бу ерда қизғалдоқлар гуркираб кетади. Жарлик қишда қанчалик     қўрқинчли бўлса, баҳорда шунчалар мафтункор...

Бултурги йили шу жарлик билан боғлиқ нохуш воқеа содир бўлганди. Уйимиздан уч-тўрт ҳовли нарида яшайдиган Гулнора ая молларини боқаётган пайтда каттагина сигири жарга юмалаб нобуд бўлди. Бу ҳам етмаганидай, қишлоқдошимиз Мирзамурод амаки велосипедида сўқмоқ йўлдан кетаётиб, жарга ағанаб кетибди. Яхши ҳамки, қуриб қолган дарахт томирини ушлаб бир амаллаб чиқиб олибди. Лекин, қўли қаттиқ жароҳатлангани ҳақидаги гап бутун қишлоққа тарқалди. Жар ҳақида турли хил миш-миш гаплар юради. Шу воқеалар сабаб бўлди-ю, қишлоқда ҳеч ким жарга яқинлаша олмай қолди.

Ўтган йили эса... Эрта баҳор кунларининг бирида уйимизга бувимнинг     синглиси Моҳинисо ая набираси Гулбаҳор билан бизникига меҳмонга келишди. Бувим мени ёнига чақириб, Гулбаҳор шаҳарда ўсган қиз эканлигини, у билан тортишмасдан ўртоқ бўлиб ўйнашим кераклигини тайинлади. Шаҳарлик эканлигини эшитиб, аввалига бироз бегонасирадим, кейин билсам, Гулбаҳор кўнгли очиқ қиз экан. У билан тез чиқишиб кетдик. Баҳор эрта келганлиги туфайли ҳамма қатори биз ҳам сигиримизни яйловда қолдирдик. Аям ҳар куни эрталаб ва шомга яқин сигир соғиш учун яйловга борар эди. Гулбаҳор билан ўйнаб юриб, кеч тушганини билмай қолибмиз. Аям сигир соғиш учун тараддудланаётган эди.

- Аяжон, бугун биз ҳам сиз билан борайлик, - дедим эркаланиб.

- Майли, қизим, лекин ўртоғинг толиқиб қолмасмикан?

- Й-ў-ў-қ, толиқмайди, ҳеч ҳам толиқмайди, - қувонганимдан ичимга сиғмай Гулбаҳор билан қўл ушлашганча аямнинг ортидан эргашдик.        

Қишлоғимиз хушманзара ва ҳавоси тоза бўлгани учун шаҳардан ҳам дам олувчилар келар эдилар. Мана, бугун ҳам машинасини анча пастда қолдириб, юқорига чиққан бир оила дам олар эди. Ўтлоққа ёзилган дастурхон атрофида дадам тенги бир киши ўн ёшлар чамаси болакай билан фотоаппаратда суратга тушарди. Улардан сал нарироқда бир аёл телефонда суҳбатлашяпти.

Улар ўзлари билан бўлиб ён атрофда ўйнаб юрган жажжи қизалоғини бузоқчанинг ортидан кетганини сезмай қолдилар. Шу пайт бузоқча жарлик бўйига югура бошлади. Қизалоқ ҳам унинг ортидан эргашди. Боласини ўзидан узоқлашиб қолганини кўрган сигир маърай бошлади. Бузоқча ортига бурилди-да, онасининг олдига чопқиллаганча кетди. Қизча эса жар ёқасида очилиб ётган қизғалдоқлар томон юра бошлади. Уни узоқдан кузатиб туриб, худди мудҳиш воқеа бўладигандай юрагимни ваҳима босди.  Қизғалдоқлар шу қадар кўп эдики, унинг туби бўшлиқ эканини бир қарашда англаш қийин эди.

- Ая, анови қиз жарликка яқин бориб олибди, - дедим.

Аям сигир соғишдан тўхтаб, у томонга қаради. Ранги ўчиб, ўрнидан турди. «Болага қаранглар», дея бақирди. Ҳамма қиз томонга қаради. Шу пайт қизалоқ жарга сирғалиб, чинқириб юборди. Дадаси ўрнидан туриб, жар бўйига югура кетди. Жарликдан унча узоқ бўлмаган жойда қўй боқаётган ўспирин бола югуриб бориб майсаларга тирмашиб турган қизалоқни қўлидан ушлаб, тортиб олди, лекин ўзи мувозанатини йўқотиб, жарликка қулади. Бу пайтда етиб келган қизалоқнинг дадаси ҳам болани ушлаб қололмади.  Бир зумда одамлар тўпланиб, жарликдан қонга беланган боланинг жасадини олиб чиқишди.

...Бу йил яна қишлоғимизга баҳор келди. Адирларни кўм-кўк майсалар қоплаб, қизғин ҳаёт бошланди. Қўй-қўзиларнинг маъраши, қушларнинг чуғури, сойдаги тошдан-тошга урилиб оқаётган сувларнинг майин шаббодаси кишига завқ бағишларди.

Лекин жар бор ўтлоққа боришга ҳеч кимнинг юрагим дов бермайди. Ўтган йили бўлиб ўтган воқеа ҳамон одамларнинг ёдида.

Узоқдан кузата бошладим. Лолақизғалдоқлар ҳар галгидан кўра алвон очилган. Баҳорнинг илиқ шаббодасида бошларини эгганча хилпираётган қизғалдоқлар гўё фарзанд доғидан юраги қон бўлган муштипар онаизорга тасалли бераётгандай эди.

Нилуфар ТУРСУНБОЕВА,

 

Асака тумани.