+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Сохта севги қурбони

(Ҳикоя)

Насиба янграган севимли таронани эшитар экан, дилига илиқлик югурди. Қўл телефонида унга азиз бўлган исмни кўриб кўзлари қувнади.

- Ассалому алайкум, - мамнунлик билан жавоб берди қўнғироққа. - Яхши юрибсизми? 

- Раҳмат, ўзинг тинч юрибсанми?

- Шукр, яхши! Негадир кайфиятингиз йўқми? - деди ҳамсуҳбатининг мунгли овозидан кўнгли бежо бўлиб.

- Эҳ, ҳозир кайфиятдан сўз очма, кайфиятим яхши эмас...

- Нега, Санжар ака нима бўлди?! - капалаги учиб кетди Насибанинг. - Ишқилиб, тинчликми?.. 

- Қачон ишдан чиқасан, кечки пайт кўришайлик. Ўшанда бафуржа гаплашамиз.

- Хўп, унда мен узоғи билан бир соатларда бўшаб йўлга чиқаман. Ўша жойда кўришамиз, келишдикми...

Насиба гўшакни стол устига омонатгина қўйиб хаёллари тўзғиб кетди.

"Унга нима қилган бўлиши мумкин? Телефонда ҳам учини чиқармади. Бирор бир муаммо бўлдимикин? Рафиқаси орамиздаги муносабатларни пай-қаб жанжал кўтарган бўлса-я? Наҳот айрилиқ онлари яқинлашди..."

Юрак-бағрини сиққан бу саволларга тезроқ жавоб олишни истади. Ундан айрилгиси йўқ. Тақдир уларни мана шу аросатли йўлда учраштирди-ю, шу кунгача фақат муаммо, ташвишлар билан сийлаб келяпти. Тўрт йил аввал ўша жой: истироҳат боғидаги ўриндиқлардан бирида кўз ёшларини артиб ўтирган Насиба илк бора унга дуч келган эди. Жуда қайсар қизнинг қўрслик қилишига қарамай Санжар жимгина йўлини давом эттирб кетмади.

Юз кўзларида меҳр балқиб турган бу дилшикаста қизнинг аламзада эканлиги шундоққина маълум эди. Насиба ўшанда ширин сўзлари билан йигитни аврагани йўқ. Ноз-карашма қилиб кўнглига қулф солишга интилмади ҳам. Аксинча, бор аламини шу бегуноҳ кимсадан олди. Етти ёт бегона бўлишига қарамай, ўз ҳолига қўйишини айтиб, бақириб берди. Лекин Санжар кетмади. Вазминлик билан ўжар қизнинг дилини топди. Узоқ вақт гаплашишди. Сўнг фавворалар ёқалаб сайр қилишди. Насиба ҳам кўнгли ҳаловат топганидан хурсанд  бўлди. Бу тарзда танишганларнинг аксарияти  қайта учрашиш илинжида хайр-лашар чоғи, бир-бирининг телефон рақами ва манзилларини сўраб олишади. Аммо уларда бундай бўлмади. Насиба икки-уч соат олдинги тушкунликдан қутилиб, мамнун қиёфада уйга етиб келди. Ана шундагина у йигитнинг ҳазил-ҳузулларини қўмсади, орланиб телефон рақамини сўрамаганидан афсусланди. У йигит ҳам, ҳатто иш жойи, касби-кори ҳақида суриштиргани йўқ.

"Тавба, одатда бу ҳақда суриштирмаган одам йўқ эди. Нега у қизиқмади? Эҳ, Насиба... бундай қўрсликдан сўнг қайси йигит сендан телефон рақам сўрасин?"

Санжар билан бўлиб ўтган суҳбатини эслаб кулиб юборди. Хонадош қизлар ундаги бу ўзгаришдан суюнчи олишга ўтди?           

- Ха, дугонажон, ким у юрагингизни ўғирлаган? - деди  шаддот Шоҳиста. 

- Вой, қанақа юрак ўғриси? - деди юзлари қизарган Насиба уялиб.

- Ия, ҳали биздан яширмоқчимилар? - саволлар ёмғирини ёғдириб маҳкам ушлаб олди. - Келишган, баланд бўйлими? Қаерда ишлар экан? Қаерлик экан?..

- Вой, бошим оғриб кетди, - саволларга тайинли жавоби йўқлигидан шартта ўзгарди. - Шоҳиста, нима фолбинлик қиляпсизми? Ким ва нима ҳақида гапиряпсиз ўзи? 

- Ҳа, кимнидир учратиб севиб қолганлигингиз шундоққина юз-кўзингиздан маълум-ку. Ишдан нуқул безиб, ҳомуш уйга кириб келгансиз. Бугун илк марта сизни бундай мамнун ҳолатда кўраяпман, аниқ учратгансиз-а? Фақат айтишни хоҳламаяпсиз?

- Унақа эмас. Нима ишдан яхши кайфиятда келиш мумкин эмасми? Ҳа, деб ташвишларга аза тутиб, қовоғимни солиб юришим керакми?

У ўзи билмаган ҳолда Санжар айтган гапларни такрорлаганини англади. Бир соатча олдин худди шу сўзларни айтиб, «очилиб юринг, самимийлик сизга ярашади», деб насиҳат қилганди у. Насиба яна ўйга толди. Ўзи бугун унга нимадир бўлди. У олдин ҳеч кимнинг сўзларини такрорламас эди. Ҳатто, қаттиққўл бошлиғининг ҳам. Хонадаги қизлар унинг ўйчан нигоҳини кўриб, индамай қўяқолишди. Бугун кечки овқатни тайёрлаш унинг гали. Ошхонада якка ўзи егулик ҳозирлашга тушди. Қизлар ҳам халал бермайди. У бамайлихотир Санжар билан бирга ўтган      вақтни, суҳбатни ўйлаб картошка, пиёз ва сабзини арчарди.

Санжар ва у билан сайр қилиб юрган хаёллар вужудини эгаллади. Шу тобда яна унинг сўзларини эслади: "Жаҳлингиз чиққанида, гармдорили сўзларингиз билан қаршингизда турган кишини саваламанг!"

Шу зайл одатда ярим соатда тайёр бўладиган таом анча кеч пишди. Қизлар овқатнинг хушбўйлигидан бай-байлаб  дастурхон атрофига йиғилишди. Қоидага биноан овқат тайёрлаган киши идишларга сузиб сўнг ўзи ўтиради. Қизлардан биринчи бўлиб шошқалоқ Дилдора таомдан татиб кўрди. Кўзлари бежо бўлганлигини кўрган Шоҳиста таажжубланиб тикилди. Насиба ҳам дастурхонга ўтирган пайт Шоҳиста қошиғини секин косасига суқди-ю оғзига олган луқмани юта олмай ошпазга тикилди. Насиба ҳамманинг афт-ангоридан хавотирга тушиб дарров овқатдан татиб кўрди-ю ўзининг ҳам чеҳраси дугоналари билан бир хил бўлиб қолди. Фақат юзлари қизарганлигини ҳисобга олмаса.    

- Айтгандим-ку, севиб қолгансиз, - овқатнинг шўр бўлганлигини ҳазилга бурди Шоҳиста. - Ким экан у шундай малакнинг хаёлларини ўғирлаган? Энди айтмагунгизча сизга овқат қилдирмай турамиз!

Стол атрофида кулгу кўтарилди. Насиба ҳам ортиқ баҳона қилишга ҳожат қолмагани учунми қўшилиб кулди. Мана энди биргина Шоҳиста эмас, уч дугонаси уни саволларга кўмиб ташлади. Лекин биргина Санжар исмидан ташқари тайинли бир маълумот олишга муваффақ бўлишгани йўқ.

Тонг ёришди. Насиба бугун янги кунни бошқача қарши олди. Ўша уй, таниш кўча ва эски дераза. Аммо хонага урилаётган шамол тафти бошқача... Сочларини силаб, юзларини эркалаяпти майин шабада. Енгил ва очиқ чеҳра билан ишга отланди. Жамоадошлари ҳам унинг тўлин ойдек, хуш кайфиятда ишга келганлигидан хайрон бўлишди.  Тушликкача яхши кайфиятда юрди. Аммо овқатланиб бўлгач, Санжар ҳақида фикрлари бутунлай ўзгариб кетди.

Кеча ширин сўзлари, ҳазил-ҳузуллари билан кўнглини кўтарган йигит боғланиш учун ҳеч қандай маълумот қолдиргани йўқ ёки олмади ҳам. Шунчаки, тасодиф туфайли ғамгин бир қизнинг кўнглини чоғ қилди-да, кетди. Сарҳадсиз хаёлларида сайр қилиб юрган Санжар ҳақидаги ўйларини ҳайдаб солди. Ортиқ уни эслаб, паришонхотир бўлмасликка аҳд қилди. Агар қайта кўриша олмаса, ўзи қаттиқ сиқилади. У йигитнинг эса фақатгина исмини билади холос. Кайфияти бузилди. Яна ўша таниш жойга келди. Лекин бу гал ўтирмади. Фойдасиз ва мантиқсиз узоқ кутишнинг нима кераги бор. Қулоқчинни сумкасидан ахтаришга тушди. Шу пайт унга кимдир тўқнашиб кетди. Жаҳил билан қичқирди. 

- Тавба, кўрми... - қаршисидаги йигитни кўриб, тили айланмай қолди.

- Яхшимисиз, - дея ҳазиломуз ҳол-аҳвол сўради. - бугун ҳам кайфиятингиз чатоқ кўринади?

- Ҳа-а-а, йўға, сизлигингизни билганимда...

- Бақирмасмидингиз, яхши унда яна бир марта синаб кўрамиз?..

Иккиси ҳам кулиб юборди. Насиба айни чоғда уни кутмаганди. Йўқ, ич-ичидан қайта учратиб қолишни истаган, лекин яна шу ерда учратиши бу бир тушдек эди.

* * *

- Нима бўлди - дея сўради капалаги учган Насиба.

- Онамни шифохонага ётқиздик, - деди Санжар бир аҳволда. - Тўсатдан бўлгани учун операцияга зудлик билан пул топишим зарур. Йиғиб юрганимни ишлатиб қўйган эдим. Энди қаердан, кимдан оламан шунча пулни...

- Менда йиғаётган икки миллион сўм пул бор.

- Қўйсанг-чи...

- Ундай деманг, сизга зарур. Мен эса орзу-ҳавасларимга йиққанман. Ахир шу орзуларим сиз билан рўёбга чиқадиган бўлса, нега уни сарфламаслигим керак. Ойижон соғайиб кетса бўлгани...

Санжар инкор этмади. Қиз азиз инсонидан жонини ҳам аямайди. Пулларини қизғанармиди? Муаммо ҳал бўлди. Лекин негадир Насиба бўлажак қайнонасининг ҳолидан хабар олишга бормоқчи бўлганида, Санжар мавриди эмаслигини айтарди.

Орадан вақт ўтиб, уларнинг муносабатлари анча палак ёзган эди. Санжарнинг ҳам ташвишлари кун сайин ортар, ҳали ишидан ҳайдалар, ҳали кимдандир қарз бўлиб қолар. Насиба эса имкон борича унга кўмаклашди. Оёққа туриб, бари  изига тушиб кетишини ўйлар, унга қаттиқ ишонарди. Негадир атрофдагилари унинг нуқул Санжарни қўллаб-қуватлашидан норози бўлишар, ҳаддан зиёд унга боғланиб қолганлигидан куюшарди.

Орада унинг оиласи, икки фарзанди борлигини билганида дунё кўзларига тор кўринди. Алданганлигидан изтиробга тушиб, қалбида ғафлат босган ғурури топталди. Лекин ундан буткул совиб қолмади. Чунки фақатгина у билан ҳаловат топади. Кўнгли унинг сўзларидан хотиржамлик туяди. Фақат угина кўнгил кўчаларига сайр қилиб, бекилиб қолган эшикларни очганди. Қолаверса, оиласи ва яқинлари ҳақида тайинли бир маълумот бермаган эди. Шунинг учун ҳам ота-онасига у ҳақда айтишга шошмаган эди. Энди нима деб айтсин, уйланган, оилали бир эркакка боғланиб қолганиними? Ёки севгани ўзганики эканлигини кеч англаб, алданганиними? Фақатгина хонадош дугонаси Шоҳистага дардини тўкди. Шаддот қиз эса дугонасининг лақмалигидан оғриниб, гоҳ далда, гоҳ хатоларидан куюниб дакки берарди. 

- Насиба, бўлди у билан учрашманг.

- Нима-а-а, менга насиҳат эмас, маслаҳат керак.

- Мен ҳам сизни ўйлаб, маслаҳат беряпман, - баттар асаблари бузилди. - У эркак ҳеч нима бера олмайди. Унинг қўл телефонига пул ташласангиз, муаммолари чиққанида ҳал қилиб берсангиз. Нима унга бойвачча хотин эмассиз-ку? Қанақанги, ҳамиятсиз эркак экан у?! 

- Ундан нолишни бас қилинг. Мен ҳозир уларни эмас, энди нима қилишим кераклигини ўйлаяпман.

- Нимасини ўйлайсиз-а? У сизнинг бор-будингизни шилиб зулукдай ёпишиб олган ҳашорат-ку? Ундан қанча тез қутилсангиз ўзингизга шунча яхши! 

Насиба телефонидаги севимли қўшиғини қўйиб, хонанда билан бараварига алам билан йиғлаб куйлай бошлади. Шоҳиста унинг изтиробларига чидай олмай хонадан чиқиб кетди.

Гоҳ севгидан тошган дарёсиз,

Гоҳ меҳрга ташна саҳросиз.

Мен биламан сиз ҳам танҳосиз,

Кўргим келар сизни негадир...

 

Муҳаббатда мазмун эрур эрк,

Бир армонга ҳар ким эгадир.

Сизсиз менга барча йўллар берк,

Кўргим келар сизни негадир...

 

Тун кутаман ойдин, юлдузлик,

Кун кутаман нурафшон аслик.

Ҳе-е-ей, дилимни эзди ёлғизлик,

Кўргим келар сизни негадир...

* * *

- Ҳозиргина ишхонадан чиқдим, - ҳансираб гапира кетди Насиба. Уни қийнаган саволларга жавоб топишга муштоқ эди. "Наҳот ҳозир ташлаб кетишини айтса..." дея ич-ичида ҳадиксираб турди.

- Хабаринг бор, бозорда савдо қиламан, деб бизнес бошладим, ишим юришмади. Шу йил ўзи менга нуқул омадсиз келди. Қайси ишга қўл урмай, омадсизликка дуч келаяпман.  

- Ҳа, яна қарз бўлдингизми? - ўйлаганининг умуман акси бўлиб чиққанидан кўнгли хотиржам тортгандек бўлди.

- Ҳа-да-а-а...

- Энди нима қилмоқчисиз?

-      Топиб беришим керак пулни. Олдингга ёрдам сўраб келдим.

- Лекин менда ҳам ҳозир пул йўқ. Ўзимнинг ҳам ташвишлардан бошим гаранг.

Санжар индамайгина жим турди. Илгари ҳар хил ҳазил-ҳузулларини қилиб Насибанинг пулини осонгина қўлга киритиб кетар эди. Бу гал эса унинг кайфияти умуман йўқ. Аксига олиб, Насиба пули йўқлигини таъкидлаб турибди. Илк маротаба унга рад жавобини берди. Аниқроғи ёрдам бермади. Шу-шу Санжар дом-дараксиз йўқолиб қолди. Қайтиб кўринмади. Телефон рақамлари ўчирилган эди. Ўша таниш рақамлар ва азиз бўлган исмни қўл телефонидан топиб қўнғироқ қилди. "Абонент хизмат доирасидан ташқарида..."

Бу воқеалардан сўнг Насиба бир ойлик таътил олди. Хонада қамалиб кўчага ҳам чиқмади. Телефон рақамларини ўзгартирди. Фақатгина пул учун севимли ёр сифатида юрганлигидан иснод қилиб, ўзига келолмай юрди. Уни эслатувчи ҳамма нарсаларни йўқ қилди. Фақат шу севимли қўшиғини тингламаса қалби тилка-пора бўладигандек эзиларди. Кўча-куйда, ишхонасида унга илтифот кўрсатадиган эркакларни кўрганида уларга нисбатан   нафрат билан қарарди. У ишониб, кўнгил очган инсони томонидан алданди, севги борасида янглишди, танлаган кишиси унинг ишончига, садоқатига муносиб бўлмади. Санжар Насибани сохта севгисига маҳлиё қилиб, ўз мақсади йўлида фойдаланиб юрди. Бечора қиз эса қисқагина умр кўрган сохта севгига садоқат билан вафо қилди. Унга ишонди... Энди кимдир унга келиб севги ҳақида гапирса, муҳаббат қуруқ сафсата эканлигини айтади. Истироҳат боғида севишган жуфтликни кўрса, кўз олдида маккор Санжарнинг совуқ чеҳраси гавдаланади. Лекин нимагадир уни кўргиси келади. Соғинади… 

 

 

Ҳидоят САДРИДДИНОВ