+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 17 Июнь 2021
    МАШҒУЛОТДАН ОНАЛАР МАМНУН БЎЛДИ
    Андижон туманидаги 41- умумтаьлим мактабида "Оналар мактаби" тўгарагининг навбатдаги машғулоти ўтказилди. Вилоятимизда кенг оммалашаётган “Оналар мактаби” тадбирлари оналарнинг қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Шу боис ҳам…
  • 23 Май 2021
    ЎҚУВЧИ ҚИЗЛАР БАДИИЙ ГИМНАСТИКА БЎЙИЧА МУСОБАҚАЛАШДИ
    Май – жисмоний тарбия фан ойлиги Маълумки, умумтаълим мактабларида май ойи – жисмоний тарбия фан ойлиги, деб эълон қилинган. Шу муносабат билан ўқувчи ёшларни соғлом…
  • 20 Май 2021
    “Пазанда ходима аёл” кўрик-танлови бўлиб ўтди
    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ишчи гуруҳи ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходима аёллар ўртасида “Пазанда…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

«Оҳ»нинг етмас манзили бўлмайди

(47-сон) Ҳикоя

Хизмат сафаридан  қайтган Мадина қўл остидаги ходимлар билан бир-бир кўришиб ўз хонасига йўналди. Қабулхонада  ўтирган ёрдамчи қиз тезгина ўрнидан туриб раҳбарини қаршилади:

 

- Ассалому алайкум, Мадина опа! Яхши келдингизми?

- Ваалайкум ассалом, Дилнозахон! Мадина яқин келиб, сўрашиш  учун қўл узатди.

- Сафарингиз яхши ўтдими?

- Шукр, яхши ўтди.

- Мадина опа, чой дамлайми, қаҳвами?

- Кўк чой дамлай қоласизми, дегандим. Йўлда бироз қон босимим кўтарилгандек...

Ёрдамчи қиз  патнисда чой олиб кириб:

- Мадина опа, сиз йўғингизда бир аёл уч-тўрт марта қўнғироқ қилиб сизни сўради. Жуда зарур иши бор экан.

- Ким экан у? Одатдаги иш таклифи бўйича сўраган мижозлардан биридир-да, деган хаёлда йўқлигида иш столида тўпланиб қолган ҳужжатларни бир-бир кўздан кечирганча сўради.

- Билмадим... Овози аллақандай ташвишли эди. Қачон келишингизни, қаердалигингизни, телефон рақамингизни сўради. Бермадим. Менимча у эски танишларингиздан бўлса керак...

- Рақамини олганмидингиз? 

- Ҳа, ёзиб қўйгандим. Ҳозир олиб кираман.

Ёрдамчи қиз чаққонлик билан коридорга чиқиб, бир парча қоғоз олиб чиқди.

- Мана бу рақами...

- Яхши, раҳмат, Дилнозахон...

Ёрдамчи қиз хонани тарк этди. Мадина қоғозга ёзилган рақамларга қараб ўйга толди. Ким экан бу аёл? Эски танишлариданмикан? Ёки бирор курс-дош дугонасимикин? Собиқ синфдошларидан бирими? Қариндошларими? Бирор битмаётган ишида ёрдам сўрамоқчидир-да. Ишлар юришиб, номи танилганидан бери бунақалар тез-тез мурожаат қилиб турибди-ку! - хаёлидан ўтказди у.

Хизмат сафарида юрганида ишхонасида ҳам ишлар кўпа-йиб кетган. Уларни саранжомлагач, ёрдамчиси берган рақамга қўнғироқ қилишни кўнглига тугиб қўйди. Компьютерни энди ёққан эди, эшик тақиллаб ёрдамчи қиз кўринди:

Мадина опа, телефонни оласизми? Боя сизга айтган аёл...

Мадина боши билан тасдиқ ишорасини бериб, стол устидаги телефон гўшагини кўтарди:

- Лаббай, ассалому алайкум!

- Ваалайкум ассалом...

- Эшитаман?

- Мадина опа, мен Азизаман...

- Узр, қайси Азиза?

- Ҳалиги... Ўткир аканинг аёлиман...

-Айбга буюрмайсиз, синглим, қандай танишлигимизни эслатиб юборсангиз, ҳеч эслолмаяпман.

-Ҳалиги... Нима десамикан...- Гўшакнинг нарёғидаги аёл чайналди. Ўткир ака билан сизлар...

Мадинанинг юраги бир қалқиб кетди. Ўткирнинг хотини нега уни излаяпти? Орадан неча йил ўтиб кетди. Жароҳатлар ўрни битган бўлса-да, хотиралар буткул унутилмаган, эсига тушганда кўнгил оғриқлари янгиланар, қалбининг тубидан дуоибадга ўхшаган "оҳ" сизиб чиқарди.

- Хўш? - Бир зумда ўзини йиғиштириб, овозига жиддий тус берди.

- Дадаси бетоб... - Аёлнинг овози титраб кетди. - Оғир хаста...- Чидаёлмади. Ҳўнграб юборди аёл.

- Мендан нима ёрдам истайсиз?- Гарчи кўнгли бузилган бўлса-да, Мадина аёлга сир бой бермасликка уринди.

- Опажон,- аёлнинг овози илтижоли чиқди.- Дадамиз сизни сўраяптилар. Илтимос, бир мартагина келинг. Сизни кўриб қолсинлар, балки...- Гўшакдан йиғи эшитилиб турар, Мадина аёлга нима жавоб қилишни билмай, ўйга ботган эди.

- Боришдан олдин ўзим сизга қўнғироқ қиламан.

Ўкириб йиғламаслик учун лабларини қаттиқ тишлаб олган Мадина кўзларини катта-катта очган кўйи қаршисидаги мониторга термулиб қолди. Охири излаб қолибди-да! Хор қилган одамингга бир куни зор бўласан, деганлари чин экан. Қай аҳволда ташлаб кетган эди, қай аҳволга тушганида излабди. Ажабо, нега излабди экан? "Ҳеч қачон йўлим сен билан кесишмайди!" деб керилганди-ку? Мадина ҳатто тасодифан у билан учрашиб қолишни истамай, хаёлларидан, юрагидан уни буткул ўчириб юборганди. Қандай боради? Қай кўз билан у мунофиқнинг кўзларига қарайди? Бормаса-чи? Борса нима бўлади?..

Мадина шу хаёллар билан икки кунни ўтказди. Ишхонада ҳам, уйида ҳам қўли ишга бормас, ўйчан, камгап бўлиб қолди. Учинчи кун юрак ютиб Ўткирнинг хотини берган манзилга, онкология диспансерига йўл олди. Ичкарига кираётганида таниш овоздан чўчиб тушди:

- Мадина опа!..- Ўгирилиб қарамаса-да, таниди - ишхонасига қўнғироқ қилган аёл. Яъни Ўткирнинг хотини. Турган жойи-да тўхтади. Аёл бир зумда қаршисида пайдо бўлди:

- Раҳмат, опажон! Келишингизни билардим!

Мадина истар-истамай аёл билан салом-алик қилди. Бироқ одамийлик юзасидан истаса-да, Ўткирни сўрашга тили бормади. Тўғрироғи, дилидаги истак тилига чиқмади. Индамай аёлнинг орқасидан юриб кетди. Ичкарига кирган эдилар, аёл сўз қотди:

- 32- хона, Мадина опа. Ҳув ана, коридорнинг охиридаги эшик. Ўзингиз бора қолинг. Сизда муҳим гаплари борга ўхшайди. Анчадан бери сизга илҳақ ётибдилар!..

- Кечирасиз, синглим, менга халат берасизми?, - дея Мадина ҳамширага мурожаат қилди.

Хонага яқинлашгани сари юраги увишар, қалбидаги тушунарсиз ҳиссиётлар; бир пайтлари жонидан ортиқ кўрган инсонидан нафратми, ижирғанишми ё шафқатгами ўхшаш алланечук туйғулардан вужуди титрарди. Эшик очилган заҳоти димоғига урилган қўланса ҳиддан кўнгли беҳузурланиб, боши айланиб кетди. Эшик олдида бир муддат туриб, ўзини ўнглаб ичкарига қадам қўйди. Оппоқ чойшабда, бир тутам бўлиб ётган, сочлари, қош-киприклари тўкилиб, афт-ангори бир аҳвол эркакнинг кўзларини айтмаса ҳеч қаери Ўткирга ўхшамасди. Мадина алам устида Ўткирни  қарғаган, уни абгор, хароб ҳолатда кўришни орзу қилган бўлса-да, ҳеч қачон ҳозирги қиёфада кўришни тасаввур қилмаган эди. Салом бериш, ҳол сўрашни ҳам унутиб тошдай қотиб турар, Ўткирнинг нурсиз кўзлари қаршисидаги сулув аёлга тикилган, хасталик сарғайтирган юзларига ёш думалади...

- Аллоҳ шифо берсин! - Мадина салом-аликдан сўнг саломатлик тилади. - Мени йўқлабсиз, тинчликмиди?!

Овозидаги кескинлик оҳанги ўзига ғалати туюлди чоғи, чуқур "уҳ" тортиб, беморнинг бош томонидаги курсига омонат ўтирди.

- Ўзинг нима деб ўйлаяпсан?...- Беморнинг хаста товуши инграгандек чиқди.

- Гапингизни гапиринг, - Мадина кескин оҳангда унинг сўзини кесди.

- Ҳа, биламан...- Бемор синиқ жилмайди. - Сенга қойил, таниқли тадбиркор аёлсан. Бир пайтлари орзу қилардинг таниқли, қўли узун тадбиркор аёл бўлишни, инсонларга ёрдаминг тегишини истардинг.   Орзуларингга эришдинг, лекин менсиз...

- Шуни айтмоқчи бўлиб чақиртирганмидингиз? Мадина унга нафрат билан қаттиқ тикилди. Нигоҳидан: "Сен мендан шафқат тиланаяпсанми?! Бир пайтлари бу дунё қайтар дунёлигини, хор қилганингга зор бўлишингни айтганимда нималар дегандинг?! Бошинг ёстиққа тегиб, инсоф битиб қолдими сенга?! Балки касал бўлмаганингда ҳеч қачон эсламасдинг мени?! Сендан нафратланаман! Оғир касал экансан-ку, қаршимда ўлиб ётганингда ҳам  нафратланаман сендан!" деган иддаолар ёғилаётганини Ўткир тушуниб турганди.

- Мендан нима ёрдам керак?! Кутилмаганда Мадинанинг овози кибрли янгради.- Нима қилишим керак, сизни эшитаман!

- Менга энг катта ёрдаминг - узримни қабул қил, мендан рози бўлгин, Мадина...- Ўткирнинг овози қалтираб, охирги сўзларини зўрға гапирди...- Орага бир муддат совуқ сукунат чўкди. Мадина ноқулай аҳволда қолган, қаршисидаги инсонни кечирай деса қалби истамас, кечирмай деса инсонийликдан бўлмасди.  Кўз олдида бир тутам бўлиб, қўланса ҳид ичида ётган шу одамни деб кўнгли бир умрга чил-чил синди. Ишончи, меҳр-муҳаббати, ҳурматига таҳқир билан жавоб берган, бутун умрини барбод қилган эркакка, инсон зотига бўлган ишончини поймол қилган бу кимса бошқача ҳолатда Мадинага рўпара келиб узр сўраганида юзига тупуриб юборишдан ҳам тоймасди. Лекин ҳозир...

- Мендан рози бўлгин, Мадина. Биламан, турмуш қилмадинг. Номардлигим сенга қимматга тушди. Аммо чорасиз эдим, чорасиз, Мадина! Бир томонда муҳаббатим, бир томонда оқ сут берган онам турганида мен ожиз она розилигини танладим.

Онангиз менга уйланишингизга рози бўлмаслигини қалбимга киришдан олдин билмасмидингиз? Мен онангизни билмасдиму, она сизники, қалб сизники!   Сизга осилиб олмагандим, кўнглимга йўл топгунингизча ўлиб бўлгандингиз. Мен аҳмоқнинг бир хатоим - сизга ишонганим ва энг катта хатоим ўша тунда ижара уйимга сизни киритганим... Бу гуноҳим учун ўзимни кечирмайман, аммо Аллоҳдан ҳар тун йиғлаб авф сўрайман. Сиз эса ҳануз номардлигингизча қолибсиз! Шу аҳволингизда ҳам ўзингизни эмас, онангизни айбдор қиляпсиз. Сизга ҳатто раҳм- шафқат раво эмас!

Мадина: "Мана, жазоингни Аллоҳ ўзи берибди!" демоқчи эди-ю, тилини тишлади.

- Мен бир умр ўзимдан наф-ратланиб яшадим. Биласизми, ўзимни бахтга, муҳаббатга лойиқ кўрмадим! Атрофимда мени севганлар, турмуш қуриш таклифини қилганлар кўп эди. Лекин мен истамадим. Чунки турмуш қурсам бир умр тилим қисиқ, эрим, яқинларим олдида юзим шувит яшашим керак эди. Сиздан қолган жароҳатни бағримга босиб, ёлғиз яшашни афзал кўрдим. Балки, бола кўтарган, ўғлини ўйнатган, қизининг сочларини тараган аёлларни кўрганимда қалбимдан сизиб чиққан "оҳ"им амалингизга дуойибад бўлиб ёғилгандир?! "Оҳ"нинг етмас манзили бўлмайди, деганлари рост экан! Тунлари ухлаб қолгунимча йиғлаб, тонгда уйқудан кўз очган заҳотим кўз ёш тўкардим. Билмадим, билмадим, ҳар қандай ҳолатда ҳам агар сизнинг ўрнингизда мен бўлганимда рози-ризолик сўраёлмасдим. Агар ризолик сўрашга ўзингизни ҳақдор билсангиз ва мени кечиришга мажбур санасангиз, майли кечирганим, рози бўлганим бўлсин!

Мен ҳам кимнингдир севимли ёри бўлишим, чимилдиққа келин бўлиб, фарзандлар дунёга келтиришим, болаларимга гўзал тарбия беришим мумкин эди. Аммо сиз сабаб дунё неъматларидан бебаҳра ўтдим. Айтинг, айтинг менга, сиз ўзингизни кечира оласизми?!..

- Мадина, илтимос, турмуш қургин. Ҳали ҳам кеч эмас. Ўлим остонасида сендан илтижо қилиб сўрайман, турмушга чиқ!

- Энди кеч... Мадина оғир тин олди. Сўнг оҳиста «тақдиримда битилган бўлса турмушга чиқаман», дея пичирлади.

 Шу онда Мадина бемор  умрининг сўнги дамларини яшаётганини ҳис қилиб, юраги увишди. Ва гарчанд тилига чиқаришни истамаса-да, кўнглининг тубидан сас чиқди: - Хотиржам бўлинг, сиздан розиман!..

Ортиқ гапга ҳожат қолмагани учун Мадина оҳиста хонани тарк этди. Бир сўз демай эгнидаги касалхона халатини Азизага ечиб берди-да, қадамини тезлатиб юриб кетди. Кайфияти нохуш аммо, юрагидаги оғир юкдан халос бўлган, руҳи енгил эди. Машинасига ўтириб енгил тин олди. Бир муддат хаёлга чўмиб қолди ва жажжи сумкачасидан қўл телефонини олиб таниш рақамга хабар жўнатди: "Ота-онамнинг олдиларига ўтиб розиликларини ололсангиз, таклифингизни қабул қиламан..."  Телефонни сумкасига солиб, касалхона томонга бир кўз ташлади-да, машинасини ўт олдирди...

 

 

Умида АДИЗОВА