+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ТОЗАЛИК ВА ОЗОДАЛИК САЛОМАТЛИГИМИЗ ГАРОВИДИР

Бир куни қўлидаги чиқинди тўла пакетларни кўп қаватли уйимиз олдидаги гулзор ичига ташлаб кетаётган ўсмирни кўриб қолиб, очиғи, қаттиқ жаҳлим чиқди.

Бола шом қоронғусида уёқ-буёққа ўғринча қаради, менинг балкондан кузатиб турганимни эса сезмади. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, чиқиндини ташлади-ю, кета бошлади. Орқасидан чақирдим ва унга чиқиндихона 50 метр нарида эканини айтиб, пакетларни олишни айтдим. Бола ҳижолат бўлганича индамай айтганимни қилди. Уни кўздан ғойиб бўлгунича кузатиб турдим.

... Шаҳримиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Ҳар куни кечқурун чиқиндиларни йиғиштириб, чиқиндихоналарни тозалаб кетиш тизими яхши йўлга қўйилди. Минг афсуски, баъзилар унча узоқ бўлмаган чиқиндихонага боришга ҳам эринадилар. Маиший чиқинди солинган салафан пакетларни шундоққина йўл бўйларида қолдирадилар. Оқибатда бу чиқиндилар ўзидан бадбўй ҳид таратиб, касаллик ташувчи ҳашоратларнинг  кўпайишига, уйлар атрофида тозалик, покизаликнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда.

Ҳар куни йўл бўйларида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганини кўриб қувонаман. Соҳа ходимлари куннинг жазирамаси, ҳатто ёмғирли кунларда ҳам гуллар экиб, кўчаларни супурадилар, гулзорларни бегона ўтлардан тозалайдилар. Баъзи фуқароларимизнинг маданиятсизлиги, инсонлар меҳнатини қадрламаслигини кўриб ачинаман. Кап-катта одамларнинг тамаки қолдиғи ёки писта пўчоғини ҳеч қандай истиҳоласиз рўпара келган жойга ташлашлари, чиқинди ташланадиган қути тургани ҳолда, музқаймоқ идиши ёки қоғозини майсалар устига улоқтириши кишини ҳайрон қолдиради. 

Халқимизда "Тозалик бор жойда қут-барака бўлади" деган гап бор. Бугун ёшми, кексами - ҳар бир юртдошимиз ана шу ҳикматли гапни шуурига сингдириб олиши керак, чор-атроф покизалигига ўзи ҳам масъул эканлигини ҳис этсин. Қолаверса, саранжом-саришта, тоза-озода жойда яшаш кишининг баҳри дилини очади, саломатлиги ҳам хавфсиз бўлади. Шундай экан, ҳар бир оила, таълим даргоҳида, маҳаллалар ва кўча-кўйларда тозаликни сақлашга эътибор қаратайлик. Бу оддий иш бўлиб туюлса-да, унинг замирида ўзимизнинг, яқинларимизнинг саломатлигини асраб-авайлашдек долзарб  масала ётади.

Биз нафас олаётган ҳаво, юраётган йўлларимиз, ўтаётган кўчаларимиз, меҳнат қилаётган ишхонамиз ва албатта, хонадонларимиз қанчалик саришта, чанг ва ғуборлардан ҳоли бўлса, кайфиятимиз шунча кўтаринки, саломатлигимиз ҳам мустаҳкам бўлади.

 

Озода ОРТИҚОВА, АДУ талабаси.