+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

29 Март 2018

"АЗИЗ ВАТАНДОШ, ҲАР КУНИНГИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!" вилоятимизда ўтказилган Наврўз байрами тантаналари шундай номланди

Андижон байрам оFушида

Наврўз байрами муносабати билан сўлим ва хушманзара Боғи Бобурда ташкил этилган халқ сайли андижонликлар учун ҳақиқий шодиёнага айланди. Буюк шоир номи билан аталган боғи Бобурга икки юздан зиёд вилоят корхона ва ташкилотлари, идора ва муассасалари ходимлари, минглаб аҳоли вакиллари ташриф буюрдилар.

Байрам тадбирларида вилоятимиздаги таълим муассасалари жамоалари баҳорий таомлар кўргазмаларини тақдим этдилар. Туман ва шаҳар маҳаллаларидан келганлар эса миллий ўйинлар, халқ оғзаки ижоди ва саҳна кўринишлари билан тантаналарга файз киритишди.

- Бу йилги сайл  ҳар йилгидан бошқача, шукуҳли, ҳар бир лаҳзасида миллий урф-одат ва қадриятлар тўла акс этган ҳолда ўтказилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз, - дейди Боғишамол даҳасида яшовчи Муборак Ибрагимова. - Халқона ўйинлар, фольклор санъатининг энг яхши намуналарига кенг ўрин берилмоқда. Ҳунармандлик кўргазмаларини кўриб, кўз қувнаяпти. Миллий таомларимиз, китоб кўргазмаларининг ташкил этилгани таҳсинга лойиқ. Баҳорни, Наврўзни соғинган диллар шўх қўшиқ ва лапарлардан яйради.

Боғда ташкил қилинган гавжум кўргазмалардан бири - китоб савдоси бўлди. Уни Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, "Андижон китоб савдо", "Бекет", "Шарқ зиёкори" ҳамда якка тартибдаги тадбиркор "Ҳасанов Ҳусан" мутасаддилари уюштирдилар. Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари кўргазмалари соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланди. Улар томонидан ташкил этилган кўргазмалардан баҳорий ва парҳез таомлар жой олди.

Тушликка эса кўпдан буён овоза қилинаётган девзира гуручдан 2 тонналик ош дамланди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ошпазлар ассоциацияси вилоят бўлими ташаббуси билан тайёрланган палов 12 нафар маҳоратли ошпаз томонидан пиширилди.

- Ошимизга 400 кг қўй гўшти, 150 кг ёғ, 50 кг думба ёғи, 400 кг сабзи, 400 кг гуруч ишлатилди, - дейди бош ошпаз, Андижон шаҳридаги "Нодира" ресторани ходими Хуршидбек Ҳасанов. - Кўпчиликнинг ризқи қўшилган таом пиширилаётганда Аллоҳ барака нурини ёғдириб, қозон атрофида фаришталар саловат айтиб туришаркан. Таомга ҳатто бошқа давлатлардан келган меҳмонларнинг ҳам ризқи қўшилган экан, шунинг учун ҳажми катта бўлгани билан пиширишда қийналмадик.

Байрамнинг асосий қисми - концерт дастури олдидан  вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бутун Андижон аҳлини Наврўзи олам билан муборакбод этди. Таниқли санъаткорлар, шаҳар ва туманларнинг фолькор жамоалари ижросидаги қўшиқ ва лапарлар, аскиячилар, турли миллат вакилларининг мусиқий чиқишлари, болажонларнинг беғубор рақсларига байрам иштирокчилари  жўр бўлдилар.

Боғи Бобурда бошланган Наврўз тантаналри Андижон шаҳридаги А.Навоий номли маданият ва истироҳат боғи, Болалар ва Ёшлар боғларида  ҳам юқори кўтаринкилик билан ўтказилди.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА,

"Иқбол" мухбири.

 

МарҲаматда Наврўз шодиёнаси

Наврўз байрами тантаналари Марҳамат туманида ҳам кўтаринкилик, шоду хуррамликда ўтказилди. Туман марказидаги марказий ўйингоҳ, маданият ва истироҳат боғи фарзандларини сайлга, Наврўз шодиёналаридан баҳраманд бўлишга етаклаб келган оилалар билан гавжум бўлди.

Бир томонда ёш     ҳунармандларнинг сопол буюмлари, зар дўппилари, рассомларнинг табиатни, ёшликни тасвирлаган суратлари, ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналари, яна бир томонда миллий таомларимиздан кўк чучвара, қатлама, сомса, сумалагу ҳалим. Сайлга ташриф буюрган аҳоли баҳорий таомлардан баҳраманд бўлиш билан бирга, унинг фойдали хусусиятлари ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлдилар. Дорбозлару, полвонлар карнай-сурнай садолари остида ўз санъатларини намойиш этган бўлсалар маҳаллий аҳоли хўроз уриштириш, кураш каби миллий анъаналаримиз жозибасидан завқ олди. Тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари эса қалби қайноқ шоир Муҳаммад Юсуф шеърларини ўқиш бўйича баҳру байт мусобақасини ўтказишди.

- Ялпизларга суянган, қизғалдоқларни пешонасидан ўпган шоир Муҳаммад Юсуф баҳорни, гулларни жуда яхши кўрарди, табиатни маҳорат-ла мадҳ этарди, - дейди ўқувчи Руҳшона Шоиржонова. - Шоир туғилиб ўсган гўшада баҳорни, шоирни эсласак, унинг руҳини шод айлаган бўламиз. Шеърий мусоҳабамиз ғоят қизғин ўтди. Томоша қилган одамлар орасида ҳам шеърият ихлосмандлари кўп экан, баҳру байтимизга қўшилишди.

Гулбаҳор УММАТОВА,

Марҳамат туманидаги 23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

 

Байрам шаҲрихонликларга чексиз қувонч улашди

Дилларга кўтаринкилик, шижоат олиб келган Наврўз шодиёналари шаҳрихонликлар томонидан ҳам катта тантана ва шодиёналар билан нишонланди. Туман марказидаги маданият ва истироҳат боғида корхона, ташкилот, муассаса ва маҳалла фуқаролар йиғинларидан иборат жамоалар баҳорий таомлар, пишириқлар билан дастурхон безадилар. Турли хил кўргазмалар ташкил этилиб, ҳар бир жамоа ўз йўналишида баҳорни тасвирлашга уринди.

Байрамга алоҳида ҳозирлик кўрган кичкинтойларнинг ғайрат-шижоати ўзгача. Улар миллий ўйинларимиздан бўлган варрак учириш, арқон тортиш мусобақаларида беллашиб, ўзларининг эпчил, чаққон ва бақувват бўлиб вояга етаётганликларини намойиш этдилар. Баҳорни, Наврўзойни тараннум этувчи қўшиқлари ҳам байрам иштирокчиларига хуш кайфият улашди.

 - Азал-азалдан Шаҳрихон уста ҳунармандлар, тадбиркорлар юрти ҳисобланган, - дейди "Андижонлик" маҳалласида яшовчи дўппидўз Ёрқиной Тўйчиева. - Бугунги Наврўз кўргазмалари ҳам асосан миллий ҳунармандчилик буюмлари - пичоқлар, бешиклар, махси-кавушларга, туманимиздаги тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бойлиги билан ажралиб турди. Баҳорий илиқлик, байрам дастурхонининг тўкин-сочинлиги одамларнинг кайфиятига кўтаринкилик бағишлади.

Байрам тадбирида хушовоз хонандалар, бадиий жамоалар ҳамда ёш истеъдод эгалари ўзларининг куй-қўшиқлари, рақс ва саҳна кўринишлари билан барчага олам-олам қувонч улашди.

 

Озода ОЛИМОВА,

жамоатчи мухбир.

 

Қорасувлик болажонлар яйраб ўйнашди

Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари барчани оммавий сайлга чорлади. Қорасувликлар 2018 йил     Наврўзини, баҳорни дилда қувонч билан, орзу умидлар рўёби сифатида қарши олдилар. Эрталабдан шаҳар Маданият ва истироҳат боғининг бош дарвозаси олдида карнай- сурнай, ноғоралар садоси барчани Наврўз сайлига чорлади.

Кичик амфитеатрда 27-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш истеъдодлари ўз санъатларини намойиш этдилар. Тасвирий санъат мутахассислиги ўқувчиларининг ижодий ишлари ҳам ташриф буюрганларнинг эътирофларига сазовор бўлди. Бу ўринда ёш мусаввир Г. Нуриддинова томонидан мато ва мойбўёқ ёрдамида яратган Бобур бобомизнинг сурат асари, М. Адҳамова томонидан яратилган Навоий бобомиз сурати, шунингдек, А. Нозимжонов ҳамда О. Шерматов мўйқаламига мансуб "Баҳор" суратлар кўргазмаси ҳам томошабинларда қизиқиш уйғотди. Бу ёш рассомларнинг маҳорат пиллапояларидан юксалиб боришларида устозлари М. Туробжонова, Г. Тешабоеванинг хизматлари салмоқлидир. 

Наврўз тантаналари доирасида ўтказилган кўргазма ва ярмаркалар, айниқса, китоб ярмаркаси китобхонлар учун ажойиб совға бўлди.

Палов тайёрлаш танловида шаҳар маҳаллаларининг энг моҳир ошпазлари иштирок этиб, ўз маҳоратларини  намойиш этдилар. Шунингдек, белбоғли кураш, шахмат мусобақаси ҳақиқий спорт байрамига айланиб кетди.

- Одамларнинг байрамона кайфияти, шижоатини кўриб,  беихтиёр қувонасан киши, - дейди шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Холматова. - Бу албатта, тинчлик-осойишталик, озод ва обод юртимизда инсон омилига кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Миллий ўйинлар намойиши, кураш, варрак учириш мусобақалари, бадиий жамоаларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди, шўх яллалар барчани рақсга чорлади.

- Байрамларда айниқса, болажонлар яйрашади, - дейди Қорасув тиббиёт бирлашмаси болалар шифокори Гулчеҳра Солиева. - Наврўзга етказганига шукроналар келтирамиз. Сумалак пишираётган онахонлар, баҳорда гул-гул очилган қизу жувонлар, мард ўғлонларимиз, умуман баҳорни соғинган халқимизни қутлуғ айём билан чин дилдан табриклаймиз. Баҳорий кайфият, офтобнинг тафти, байрам дастурхонларининг файзу баракаси, тинчлик-хотиржамлик барчага ҳамроҳ бўлсин!

 

Сирожиддин ҲАСАНОВ,

"Қорасув тонги" газетаси муҳаррири.

 

Наврўз байрами вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида катта тантана, шоду хуррамлик билан нишонланди.