+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

УМР ЗАВОЛИ

Ислом дини мусулмонларнинг ақли, насли, жисми, дини, мол-мулки, шаъни каби энг муҳим асосларини муҳофаза қилишга буюрган. Булардан бирига қилинган тажовуз динимизда инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади. Аммо жамиятда шундай иллат ва балолар борки, улар юқорида тилга олинган барча инсоний асосларга бирдек таҳдид қилади. Ана шундай ҳалокатли иллатлардан бири гиёҳвандликдир.

     Аср вабоси деб ном олган бу иллатнинг ҳозирги пайтдаги кўлами ва зарари шунчалик улканки, уни бутунлай даф қилишга бирор давлат ёки тузилманинг кучи етмаётир. Бу шундайин даҳшатли иллатки, инсоният ҳаётига хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган бу машъум балога қарши барча баравар курашиши керак. Аллоҳ таоло барчамизни огоҳлантириб айтади: "...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!.." (Бақара сураси, 195-оят ).

Мирқот ас-Суъуд китобида қуйидаги ривоят келтирилади: Аъжам давлатидан бир киши Қоҳира шаҳрига келиб гиёҳванд модданинг ҳаромлигига далил сўрайди. Мазкур масала юзасидан мажлис ташкил этилиб, унда ўз даврининг етук уламолари иштирок этади. Йиғилишда ҳофиз Зайниддин ал-Ироқий гиёҳванд модданинг ҳаромлигига ибни Умар Умму Салама (Р.А) дан ривоят қилинган, яъни "Пайғамбар (С.А.В.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар" ҳадисини далил қилиб мажлис аҳлини тан қолдирди.

Исломда гиёҳвандликнинг зарари ва офати ҳақида уламолар кўплаб асарлар ёзишган. Чунончи, Имом Саноний шундай дейди: "Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатъи назар маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб истеъмол қилинишида кайф бердими-у мутлақ ҳаромдир". Гиёҳвандлик -инсоннинг гиёҳванд моддага ўрганиб қолишига айтилади.Аҳоли, айниқса, баъзи бир ёшлар орасида маълум бир кишилар ўзларининг интизомсизлиги, фойдали меҳнат билан шуғулланишни истамаслиги, ўз-ўзини назорат қила олмаслиги, ота-оналарнинг назоратидан четда қолганлиги ва шундай моддаларга қизиққанлиги учун гиёҳванд бўлиб қолмоқдалар.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, одам бу моддага жуда тез ўрганиб қолади. Тананинг бунга эҳтиёжи кескин ортиб боради. Тананинг фаоллиги сусайиб. қарамлик-мутелик ҳолати юзага келади. Гиёҳвандликка ружу қўйган одам оиласини, шунингдек, жамиятни ҳам издан чиқариши мумкин.

Гиёҳвандликка мубтало бўлган одам атроф-муҳитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг домига тушган бемор нафақат ўз яқинлари, балки, юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Бундан  ташқари бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди. Кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Ҳар йили ўртача 200 минг киши бу балонинг зарари оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда.

Ҳозирги кунда инсоният учун энг хавфли таҳдидлардан бири терроризм балосидир. Гиёҳванд моддалар савдосидан келаётган маблағлар эса, ана шу жирканч балога, инсонларни  ҳалок қилишликка молиявий таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган.

Давлатимизнинг саъй-ҳаракати ҳам ҳар томонлама комил, соғлом, олижаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажраб турадиган намунали жамият қуришга қаратилган.Шунинг учун юртимизда барча турдаги гиёҳвандликка  қарши кураш олиб борилади.

Шундай экан, сизу биз ота-оналар ҳам, ёши улуғлар панду насиҳатларимизни, ҳаётий тажрибаларимизни ўсиб келаётган жондан азиз фарзандларимиздан аямаслигимиз, уларни гиёҳвандлик йўлига кириб қолмаслиги учун доимо назорат қилиб боришимиз, илм-ҳунар ўргатишимиз, жисмоний меҳнат ҳамда спорт билан шуғулланишига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни гиёҳвандлик иллатидан сақласин.

Баҳодиржон РЎЗИБОЕВ,

Олтинкўл туманидаги "Миробод ҳожи" жоме масжиди имоми.