Мутахассис тавсияси
(Илмий тажриба)
Мамлакатимизда суғориладиган ерлардан унумли ва оқилона фойдаланиш орқали имкон қадар мўл ва сифатли ҳосил олиш, айниқса, сув ресурслари чегараланган юртимизда сувдан самарали фойдаланиш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, олимлар томонидан олиб борилган кўп йиллик изланиш ва тажрибалар шуни кўрсатадики, ҳар қандай экинга бериладиган азот ва калийнинг кўпи билан 40-45 фоизи, фосфорнинг 20 фоизи қисми ўсимлик томонидан ўзлаштирилади. Қолган азотнинг бир қисми ҳавога буғланиб кетади, ўғитларнинг бир қисми эса тупроқда қолади, яна бир қисми эса экинни суғориш учун берилган сув билан ювилиб кетади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, яъни экин майдони, мавжуд сув ресурслари ҳамда қўлланилаётган табиий ва химиявий озуқалардан унумли фойдаланишга эришиш орқали ҳосилдорликни ошириш бўйича зарур изланишлар олиб борилмоқда.
Қолаверса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига аввалги йиллардаги ташрифида Олтинкўл туманидаги «Кўҳна водий баҳори» фермер хўжалигида бўлганида «Иқлим шароити юртимизга ўхшаш қатор хорижий давлатларда пахтадан 70 центнергача ҳосил олинади». Қандай қилиб? Илм билан, ақл билан. Андижонда ер камлигини ҳисобга олиб, ундан икки карра самарали фойдаланиш зарурлиги”ни таъкидлаб, ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш бўйича кўрсатмалар берган, шунингдек, давлатимиз раҳбари: «Фермер далага режа учун эмас, даромад учун кириши керак. Соя экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш мумкин. Тўғри, бу қийин. Лекин қайси иш осон?», дея савол қўйган ва бу борада қатор вазифаларни белгилаб берган эди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, андижонлик аграр соҳа олимлари ғўза билан бирга серҳосил, тезпишар, экологик тоза маҳсулотларни бера олиш имкониятига эга бўлган ҳамкор экинлар - соя, ерёнғоқ, севок пиёзи, зира ва бошқа турли сабзавот экинлари етиштириш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар олиб бормоқда.
Хусусан, ғўза қатор орасига ҳамкор экин сифатида зира экиш тажрибаси ана шу йўналишдаги ишларимиздан биридир. Зира ғўзанинг асосий ривожланиш фазаларига жиддий рақобат туғдирмасдан, қатор ораларида экилади. Бунда агротехник тадбирларни илмий асосда режалаштириш, экиш муддатлари ва озиқлантириш меъёрларини тўғри белгилаш, суғориш режимини мувофиқлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу жараёнда нав танлаш муҳим ҳисобланади. Бунда ҳосилдорлиги юқори, ташқи стресс омилларга бардошли ва бозор талабидан келиб чиққан олган ҳолда экиладиган навни танлаш муҳимдир. Уруғнинг тўла, ўлчами ва ранги бир хил, серҳосил ва турли касалликларга чидамли бўлиши мақсадга мувофиқ.
Республикамизда сўнгги йилларда маҳаллий шароитларда етиштирилиб келинаётган Хитойнинг серҳосил ва касалликларга чидамли бўлган “Сиюнэчэн-1”, “Шинжон зираси”, “Син зираси”ни, шунингдек, “Самарқанд”, “Тожикистон”, “Эрон”, “Андижон” каби зира навларини экиш тавсия этилади.
Пахтани ҳамкор экин, хусусан, зира билан бирга етиштиришда, ғўза навларини танлашда 76 см.ли қўшқатор схемада экилишини ҳисобга олиб, ғўзанинг маҳаллий “Андижон-36”, SP-207, SP-209, хорижий “Xinluzao-52”, “Xinluzao-78” навларини экиш мақсадга мувофиқ.
Экишдан олдин гектарига 150 килограмм карбомид, 500 килограм суперфосфат қўлланилади.Тупроқ ҳарорати 8-10°С бўлганда, март ойининг бошларида ёппасига 76 см.ли қўшқатор схемада қаторлаб, ёки кенг қаторлаб пленка остига экилади. Гектарига 2-2,5 миллион дона зира - уруғ сарфланади. Экиш чуқурлиги 1-2 сантиметрдан ошмаслиги керак. Тупроқда ҳаво ҳарорати етарли бўлганда зира майсалари 7 кунда, чигит кўчати эса 10-12 кунда кўрина бошлайди.
Ҳар бир уяда, тўлиқ кўчат хосили қилиш учун пленка тешикчалари юпқа тупроқ билан қопланиши керак. Экиш чигит билан бир вақтда ёки алоҳида амалга оширилиши мумкин. Зира ўсимлигини экишда гектарига 7-7,5 килограм уруғ экиш меъёрига амал қилиш мақсадга мувофиқ.
Зира турли экиш схемаларида экилади. 2,05 метр кенгликдаги плёнкадан фойдаланилади. Бир плёнкада 6 қатор ва 3 та суғориш лентаси мавжуд бўлиб, улар орасидаги масофа (1 см. + 63 см. + 13 см. + 63 см. + 13 см.) + 63 см.] × 10 см. Томчилатиб суғориш лентаси ғўза қаторларининг ўртасига ётқизилади. Зира кенг пахта қаторлари орасига плёнкага, ҳар бир кенг қаторга 2 қатордан, жами 4 қатор экилади. Плёнкалар орасига иккита қатор устма-уст тушадиган қаторларга экилади. Зира оралиғи [(15 см. + 61 см. + 15 см. + 61 см. + 15 см.) + 63 см.] × 10 см., ҳар бир тешикка 5-8 донадан зира уруғ экилади.
Уруғнинг бир хил униб чиқишини таъминлаш, тупроқни нам сақлаш учун дастлабки суғориш енгил ўтказилади. Биринчи суғоришда тупроқ шароитини ҳисобга олган ҳолда томчилатиб суғориш учун гектарига 450 м³ сув сарфланади. Суғориш ҳосилни пишиш давригача тупроқ шароитини хисобга олган холда 8–10 марта суғорилади.
Зира уруғларининг униб чиқиши 15 кунгача давом этиши мумкинлиги сабабли, суғориш 20 кун оралиғида бўлиши керак. Хосилни сифатли йиғштириш учун пишиб етилиш даврида суғоришни камайтириш керак.
Томчилатиб суғоришда азотли ўғитларнинг исрофгарчилиги камайиб, фойдаланиш самарадорлиги ошади, илдиз тарқалган қатламга тайёр эриган ҳолда етказиб берилганлиги сабабли илдиз орқали ўзлаштириш коэффициенти ортади. Томчилатиб суғориш май ойининг 2- ярми ва июнь ойининг 1-ярмида 1-2 марта, тупроқдаги намликни ҳисобга олган ҳолда ҳар суғоришда сув сарфи гектарига 180–225 м3 ни, суғоришлар ораси 8–10 кунни ташкил этади. Июль ойида ғўза гуллаш ва ҳосил тўплаш фазасига ўтганда, ғўзанинг ўсиши тезлашиши ва ҳаво ҳароратини кўтарилишини ҳисобга олиб, суғориш меъёрини ошириш ва суғориш муддатларини кисқартириш, яъни 4–5 кунда томчилатиб, кейинги суғоришларни 5–7 кунда ўтказиш ва ҳар суғориш лозим.
Сентябрь ой бошида агар тупроқдаги намлик етарли бўлмаса ва ғўза тез етилгани кузатилса, кўсакларни етилишини инобатга олган холда бир марта 150–180 м3/га меъёрида томчилатиб суғориш ишлари амалга оширилади.
Зира ва пахтани бирга парваришлаш даврида, ғўзадаги касалликлар ва зараркунандаларнинг олдини олиш ва уларга қарши кураш чораларига мувофиқ амалга оширилалди.
Ғўза ва зира экилган майдонда бегона ўтлар тарқалишига йўл қўймаслик керак. Чунки, бегона ўтлар илдиз тизими ғўзанинг илдиз тизимига нисбатан тез ўсиб, ғўзага нисбатан бир неча марта кўп сувни ўзлаштиради. Чопиқ ишларини 2-3 марта сифатли ўтказиш ва август ойида 1-2 марта ўтоқ қилиш етарлидир.
Зира ўсимлиги ҳосилини йиғиштириб олиш жараёни ўсимликнинг тўкилувчан хусусияти сабабли жуда масъулиятли босқич ҳисобланади. Ҳосилни ўз вақтида йиғиш катта аҳамиятга эга, чунки кечиктирилганда уруғлар тўкилиб, сезиларли йўқотишлар юз беради.
Ҳосилни йиғиш учун энг мақбул вақт - уруғларнинг 70–80 фоизи жигарранг тусга кирган ва шамчалар қурий бошлаган давр ҳисобланади. Барглар сарғайиб, уруғ қаттиқ ва ўзига хос хушбўй ҳидга эга бўлади. Шу пайтда уруғ намлиги тахминан 18–20 фоиз атрофида бўлади. Агар ҳосил кечиктирилса, шамол таъсирида уруғлар тўкилиб кетиши мумкин.
Зира ҳосили қўлда ёки механик усулда йиғиб олинади. Кичик майдонларда ўсимлик илдизи билан суғуриб олинади ёки пастдан ўриб, боғлам қилинади ва 5–7 кун давомида қуритилади. Кейин уруғлари ажратиб олинади. Катта майдонларда эса донли экинлар учун мослаштирилган комбайнлар қўлланилади. Бунда барабан тезлиги паст ҳолда созланади, чунки зира уруғи майда ва нозик бўлади. Одатда ўриш эрта тонгда ёки кечқурун амалга оширилади, чунки шудринг тушган пайтда уруғ камроқ тўкилади.
Қуритиш жараёни табиий шароитда 7–10 кун давомэтади. Уруғлар қалин қилибт ўпланмаслик керак. Қуритилгандан сўнг намлик даражаси 8–10 фоизгача туширилади. Ортиқча қуёш остида қолдириш эфир мойларининг камайишига сабаб бўлиши мумкин. Қуритилгандан сўнг комбайндан чиқарилади.
Зира ўсимлигининг хушбўй хида ва таркибидаги эфир мойи ҳисобига нафақт зиранинг ўзи, балки ғўза ҳам турли касалликлар билан зарарланиши камаяди. Гўза қатор орасига зира экилганида ер, сув, ўғит ва бошқа ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги ортади. Ҳар гектардан ўртача 30–35 миллион сўмгача қўшимча даромад олишга эришилади.
Ферузахон ҲАСАНОВА,
Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари
илмий тадқиқот институти бўлим бошлиги, профессор.
Илҳомжон АБДУРАҲМОНОВ,
Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари
илмий тадқиқот институтининг Андижон илмий тажриба станцияси директори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.