+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

14 Сен 2017

АЁЛ НАФАҚАТ ЎЗИ, БАЛКИ ОИЛАСИНИНГ САЛОМАТЛИГИ УЧУН МАСЪУЛДИР

(38-сон) Бизнинг суҳбат

Аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда кейинги пайтларда дунё миқёсида кенг тарқалиб бораётган онкологик хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, касаллик илгари асосан эркаклар ўртасида кузатилган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу касаллик билан аёлларнинг хасталаниши ҳам эркаклар билан деярли тенглашган. Бунинг сабаби нимада? Унинг олдини олиш мумкинми? Касаллик қандай оқибатларга олиб келади? Шу ва мавзу доирасидаги бошқа бошқа қатор саволлар билан Андижон давлат тиббиёт институти клиник радиология ва онкология кафедраси доценти Маҳбубахон Султонқуловага мурожаат қилдик.

 

- Айтингчи, аёллар ўртасида ўсма касалликларининг кўпайиб бораётгани ҳақида аниқ статистик маълумотлар борми?

- Албатта, бор. Аёллардаги ўсма касалликлар бугун давр муаммосига айланиб улгурган. Чунки кўкрак бези ракидан жабрланганлар сони дунё бўйича йилига 1 миллион нафардан ошиб кетмоқда. Бачадон бўйни раки билан оғриганлар сони 800 - 1 миллион нафарга яқинлашди. Таъкидлаш жоизки, бундан 10-15 йиллар аввал аёлларда ўпка раки жуда камдан-кам ҳоллардагина учраган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу хасталикка чалинган аёллар кўпчиликни ташкил этмоқда. Умуман, ошқозон, ичак раки, аёлларда лимфа тизими ўсмалари кўп учрайдиган касалликларга айланган. Бундан ташқари, аёлларда ўсма касалликларнинг ёшариши кузатилмоқда. Таҳлилларга кўра, бундан 20-30 йил аввал касалликка чалинган аёлларнинг 60-70 фоизи 50 ёшдан ошганлар бўлган бўлса, бугунги кунга келиб, мана шу тоифадаги беморларнинг 60-70 фоизини хали 50 ёшга етмаган аёллар ташкил этмоқда. Бу ташвишли ҳолат. Кўплаб аёллар ҳаётининг энг муҳим палласини бошидан кечираётган, оиласини энди-энди оёққа тургазиб, фарзандларини йўлга солаётган, яхши мутахассис сифатида шаклланаётган бир даврда ушбу касаллик билан оғриётганликлари ачинарли, албатта.

 

- Касалликка олиб келувчи омиллар ҳақида тўхталсангиз?

- Ўсма касалликларининг келиб чиқишига асосан, ташқи ва ички муҳит, шунингдек, биологик ҳамда физик-химик омиллар сабаб бўлмоқда. Айниқса,  ташқи муҳит таъсири муҳим аҳамият касб этмоқда.

Атмосферанинг канцероген моддалар билан тўйиниши, турли кимёвий моддаларнинг кундалик ҳаётимизга кириб келиши, бир неча марта техник ишловдан ўтган озиқ-овқат маҳсулотларининг ишлатилиши, фаст-фудлар, гармонлар билан боқилган жўжалар истеъмолининг кўпайиб бораётганлиги касаллик келиб чиқишига асосий омил бўлмоқда. Бундан ташқари, турмуш ўртоғи хорижга ишлагани кетиб, йиллар давомида аёлларнинг жуфтсиз яшашлари ёки бир-иккита туққандан сўнг аборт қилдиришлар, шунингдек, оилавий жанжаллар туфайли юзага келадиган стресс ҳолатлари, бола тарбиясидаги муаммолар... Буларнинг барчаси аёл организмида турли хасталиклар, айниқса, ўсма касалликларининг  урчишига олиб келаяпти.

 

- Вилоятимизда ўсма касалликларининг асосан қайси тури билан касалланиш кўпроқ кузатилмоқда?

- Айни пайтда аёл ва қизлар ўртасида сут (кўкрак) бези рак олди касалликлари ва раки нисбатан кўпроқ кузатилмоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, ҳар 100 минг нафар вилоятимиз аҳоли орасидан 17-18 нафар киши ана шундай касалликка чалинган. (Иккиламчи репродуктив) Жинсий аъзоларнинг  рак олди ва раки билан хасталаниш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда.

Кўкрак бези раки шу қадар "айёр"ки, аёл ўзини қачон ушбу касалликка чалинганини билмай қолади. Қолаверса, касаллик бошланғич даврларда оғриқсиз кечади. Шу ўринда айрим мулоҳазаларни айтиб ўтиш муҳимдир: аёлларимиз ўз саломатликларига етарли даражада эътибор қаратмайдилар. Организмда бирор тугунча ёки шиш пайдо бўлса-да, "оғримаяптими, менга ҳалақит қилмаяптими, тураверсин!" деган салбий тушунча шаклланган. Аёлларимизда: "Менинг жисмимда ёт нарса пайдо бўлиб қолди, бу нима экан, текширтириб кўрай, шифокорга учрай" деган фикр бўлиши керак. Баъзи бир аёлларимиз ўзида рак олди касалликларини пайқасаям шифокорга учрамай юраверади. Қачонки касаллик ўтиб кетиб, оғриқ юзага келгандагина мутахассисга мурожаат этадилар. Бу опа-сингилларимизнинг тиббий саводхонлиги, маданияти етарли даражада эмаслигини кўрсатади.

Таассуф билан айтаманки, бугунги кунда кўплаб аёлларимиз гап-гаштакларга боргани вақт топади, ороланиш учун салонларда соатлаб навбат кутгани эринмайди, аммо ўз       соғликлари учун йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтгани имкон топа олмайдилар. Бу муносабат ҳаётдаги энг буюк неъмат саломатлигимизга хиёнатдан бошқа нарса эмас. Бу билан аёлларимиз нафақат ўзларига жабр қилади, балки оиласига, жамиятга ташвиш келтиради.

 

- Ўсма касалликларининг ҳаммаси ҳам ракка олиб борадими?

- Йўқ, ҳаммаси ҳам ракка олиб бормаслиги мумкин. Маълумки, тиббиёт фанида ўсма касалликлари асосан иккига бўлинади, яъни яхши сифатли ва ёмон сифатли ўсма касалликлар. Яхши сифатли ўсмалар масалан, норлар, липомалар, фибромалар, аденомалар, сут безларидаги фиброаденомалар, бачадон миомалари, булар яхши сифатли ўсмалар сирасига киради. Лекин қаерда жойлашишига, қанча даражада ўсишига қараб, улар ҳам ёмон асоратларга олиб келиши мумкин. Масалан, бачадон миомаси аёлда қон кетишига сабаб бўлади, анемияни юзага келтиради.  Шу боис, бачадон миомасига учраган бемор тезроқ даволаниши зарур.

Сут безларидаги фиброаденомалар узоқ йиллар жим тургани билан, бир кун "портлаши" бор. Агар зарур муолажалар қилинмаса, улар бир кун ракка айланади. Оддий липомалар ҳам хатарлидир. Мухтасар айтганда, организмда пайдо бўладиган ҳар қандай ўсма, ёғ  бу жисмимиз учун "келгинди". Шифокор кўмагида, албатта, ундан қутулиш чораларини кўриш керак.

 

- Аёлларимизнинг тиббий текширувдан тез-тез ўтиб туришлари, ўз саломатликларига эътиборли бўлишлари учун, энг аввало, нима қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?

- Бунинг учун энг аввало, опа-сингилларимизнинг тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтиришга жиддий эътибор қаратишимиз зарур. Қачонки аёлларимиз ўз саломатликлари ҳамма нарсадан устун, у ўзининг саломатлигига масъул эканлигини англаб етмас экан, бу борада ижобий натижаларга эришишимиз мушкул. Шу боис ҳам тиббиёт ходимлари томонидан олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз лозим. Аёлларимизга касаллик келиб чиқишининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи тамойилларига қатъий амал қилиш мавзусидаги махсус буклетлар ва йўриқномаларни кенг тарқатиш ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширади. 

Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган аёл биринчи навбатда     соғлигига эътибор қаратсин. Яъни 35 ёшдан ўтган ҳар бир аёл олти ойда бир марта маммолог, гинеколог кўригидан албатта ўтиши шарт. Агар саломатлик билан боғлиқ бирор ўзгариш бўлса УТТ, маммография, жинсий аъзоларнинг чуқур текширувидан ҳам ўтиши керак бўлади. Бундан ташқари, йилда камида бир марта терапевт, эндокринолог текширувидан ҳам ўтиш лозим. 35 ёшдан кейин ҳаёт фаслининг кузи бошланади, демак, аёл ана шу даврда ўз саломатлигига эътиборли бўлиши шарт!

Аёлларимиз яна шу нарсани унутмасликлари лозим. Турли ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари, гриль, табака, синтетик ичимликлар кимнингдир организмига тўғри келади, кимгадир йўқ. Аёл - оиланинг дегустатори (синовчи, татиб кўрувчи) сифатида ўзига маъқул келган нарсаларни оила аъзоларига ҳам илинади. Шу маънода у оиласи аъзоларига нима тўғри келиш-келмаслигини аниқлаб беради. Демак, аёл нафақат ўзи, балки бутун оиласининг саломатлигига масълудир. Шундай экан, такрор-такрор айтамиз: азиз аёллар саломатлигингизни асранг, ҳаётда саломатликдан-да улуғ неъмат йўқ.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.