+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

14 Сен 2017

ЮРТИМИЗ РАВНАҚИ ЙЎЛИДА АСТОЙДИЛ МЕҲНАТ ҚИЛАМАН,

(38-сон) Фаол ёшларимиз

 

- дейди "Шуҳрат" медали соҳибаси Дилрабо Рустамова.

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - мустақиллик байрами арафасида Андижон давлат университетининг факультетлараро чет тиллари кафедраси ўқитувчиси Дилрабохон Рустамова юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёш авлод вакилларини мукофотлаш тўғрисидаги Президент Фармонига кўра "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.

Дилрабохон Рустамова 1988 йилда Бўз туманида зиёли оилада таваллуд топган. Болалигидан билимга чанқоқ, тиришқоқ бу қиз Асака туманидаги 4- умумтаълим мактабида фақат аъло баҳоларга ўқиди, сўнг АДУ қошидаги Асака академик лицейида таҳсил олди, Андижон давлат тиллар педагогика институтининг (ҳозирги АДУ) хорижий тиллар факультетида ўқиб, билимларини янада мустаҳкамлади. 2009-2011 йилларда эса Тошкент давлат педагогика институти магистратурасини, 2011-2014 йилларда Андижон давлат университети докторантурасини тамомлади.

Илм йўлидан дадил одимлаётган Дилрабо ҳеч қачон ўқиб-ўрганишдан, изланишдан тўхтамади. Ҳамиша фаол ва етакчилар сафида борди.  Ҳозирда у ўзи таҳсил олган университетда талабаларга инглиз тилидан сабоқ бермоқда. Ёш мутахассис сифатида устозлари, тажрибали профессор-ўқитувчилардан касб сирларини пухта ўрганиб бормоқда. У ёш бўлса-да, ўзининг меҳнатсеварлиги, тиришқоқ ва интилувчанлиги, қолаверса, камтарлиги ва бошқа инсоний фазилатлари билан нафақат ҳамкасблари, устозлари, балки талабалар орасида ҳам ҳурмат топа олган.

Университет Ёшлар иттифоқининг етакчи ва ташаббускорларидан бири сифатида турли тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда доимо фаол иштирок этади. Жамоат ишларидаги фаоллиги, спорт, илм-фан йўналишидаги ютуқлари учун 2014 йилда Андижон шаҳрида барпо этилган "Камолот" уйларидан бирининг соҳибасига айланганлиги унга янада катта куч ва шижоат берди. 

Дилрабохон филология фанлари доктори, профессор Шоҳидахон Шаҳобиддинова раҳбарлигида "Метафорик эвфемизациянинг лингвомаданий ва социопрагматик аспекти" мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.  Унинг "Тил - ментал кўзгу", "Қадрият ва тил муносабати хусусида", "Эвфемизация омиллари ҳақида айрим мулоҳазалар", "Метафорик эвфемизациянинг тадқиқи ҳозирги кун тилшунослигининг долзарб муаммоларидан бири", "Борлиқни лисоний англашда миллий-маданий эвфемизмларнинг ўрни", "Атовчи ва ифодаловчи метафорик эвфемизмлар" каби илмий мақолалари қатор республика ва хорижий нашрларда чоп этилган.

Дилрабо ўқиш, илм олиш билан бирга, кўп йиллардан буён спортнинг  каратэ-до тури билан шуғулланиб келади. Устозлари кўмагида каратэ-донинг ўзига хос техникасини пухта ўрганди, маҳоратини ошириб борди. Тиришқоқлиги, ғалабага бўлган қатъий ишончи туфайли жуда кўп республика ва халқаро турнирларда ғолиблар қаторидан жой олган. У каратэ-до бўйича шаҳар, вилоят кубоги соҳибаси, уч карра Ўзбекистон, бир карра Марказий Осиё чемпионлигини қўлга киритган маҳоратли спортчидир.

Дилрабо ҳозирда икки нафар шириндан-шакар фарзанднинг меҳрибон онаси. У ота-онаси, қайнона ва қайнотасининг хизматларини қилиб, дуоларини олмоқда. Ана шу дуолар уни эл ичида ҳурмат-эътиборга сазовор қилаётган бўлса ажаб эмас.

Андижон давлат университети хорижий тиллар факультети инглиз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси бўлиб меҳнат қилаётган Дилрабонинг турмуш ўртоғи  Дилшодбек Рустамов доимо уни қўллаб-қувватлайди,  кўмак беради. Ахил бу оилага барчанинг ҳаваси келади.

- Менинг камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, мукофотга лойиқ топилганимдан беҳад хурсандман, - дейди биз билан суҳбатда ёш олима, қаҳрамонимиз Дилрабо Рустамова.  -  Ушбу мукофотни нафақат менга, балки бутун Андижон ёшларига берилган мукофот деб биламан. Эришаётган ютуқларимда устозларим, яқинларимнинг хизматлари ниҳоятда катта. Энди мана шу эътиборга муносиб бўлишга, юртимиз равнақи йўлида бор имкониятимни ишга солиб, астойдил меҳнат қилишга ҳаракат қиламан.

Биз ҳам ёш олима, вилоятимиз ёшларининг фаол ва ташаббускор вакиласи Дилрабо Рустамованинг келгусидаги ишларида омадлар тилаб қоламиз. 

 

 Одилжон КАРИМОВ

 

Суратда: ёш олима, "Шуҳрат" медали соҳибаси Д. Рустамова.