+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

07 Сен 2017

БАХТЛИ БЎЛИШ ИНСОННИНГ ЎЗИГА БОFЛИҚ

(37-сон) Бизнинг суҳбат

Чоршанба - оилаларни мустаҳкамлаш куни

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар барқарор бўлади. Шу маънода жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал ва бахтиёр бўла олмайди. Бахтиёр оилада эса соғлом, баркамол болалар дунёга келади, улғайиб камол топади. Бугунги соғлом бола- эртаги комил инсон, юрт ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган ҳар томонлама етук шахс бўлиб  етишади. Фарзандларимиз жисмонан ва маънан етук бўлиши,  оилада соғлом маънавий муҳит яратилиши учун дастлаб оиланинг барпо бўлиши, яъни икки ёшнинг турмуш қуришида мустаҳкам пойдевор бўлиши тақозо этилади. Умуман, оила мустаҳкамлиги, унинг бахти нимадан иборат сингари қатор саволлар доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик уюшмасининг раҳбари Замирахон Тиллаева билан суҳбатда бўлдик. Қуйида ана шу суҳбат эътиборингизга ҳавола этилади.

- Бир қараганда бахтли бўлиш жуда осон, бир қараганда эса қийинга ўхшайди. Сизнингча, оилавий ҳаётда тўлиқ бахтиёр бўлиш мумкинми?

-      Албатта мумкин! Бахт ўз-ўзидан келмайди. Ҳар бир инсон бахтни ўзи яратади. Хатти-ҳаракати, тили, атрофдагиларга муносабати, атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни қабул қилишига қараб, инсон нечоғлик бахтиёр эканлигини билиш мумкин. Инсон мукаммал бахтни ҳис қилиши учун у аввало. маънан бой бўлиши керак. Чунки юксак маънавиятга эга инсонгина атрофида юз бераётган воқеаларни тўғри талқин қилади, улардан тўғри хулоса чиқаради. Бу инсонни бахтиёрликка етаклайдиган энг муҳим жиҳатдир.

Моддий бойлик қоринни тўйдириши мумкин, аммо кўнгилни тўйдириши гумон. Кўнгли тўлмаган одам бахт қадрини қайдан билсин? Оиланинг бахтиёрлиги - аввало жуфтларнинг ўзаро аҳил-иноқ яшаши, бир-бирини тўғри тушунишида. Оилалар тинч-тотув яшашса, жамиятга келтирадиган ютуқлар ҳам кўпаяди, фарзандлар яхши тарбия кўради. Яна бир муҳим нарса шуки, бахтнинг тўкислиги шубҳасиз фарзанди билан боғлиқ. Фарзандлари соғлом, тарбияли, ақлли расо оила - бахтиёрдир.

 

-      Айрим кишилар оила масаласи, айниқса, турмуш қуришга жиддий қарамайдилар. Икки ёшни бирлаштириб, янги оила барпо этишни эмас, тўй қилиб, қанчалик "қўли узун"лигини, топармон-тутармон эканини элга кўз - кўз қилишни истайди. Сиз бунга қандай қарайсиз?

-      Афсуски, орамизда ана шундай одамлар ҳам бор. Фаолиятимиз тақозоси билан бундай ҳолатларга тез-тез дуч келамиз. Оила - муқаддас даргоҳ. Унинг остонасига шунчаки "эрга тегаман", "уйланаман" ёки "болаларимни тўй қиламан" деган ҳою ҳавас билан эмас, "мустаҳкам, аҳил ва бахтли оила эгаси бўламан, хонадоним чинакам саодат маскани бўлади, соғлом болаларга ота-она бўламан" деган чин ихлос ва пок ният билан қадам қўйилиши керак.

Бахтли оила қуриш учун аввало. унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши шарт. Бунинг учун никоҳланувчи ёшлар соғлом, дунёқараши бир-бирига мос, бир-бирларини тушуна оладиган бўлиши муҳимдир. Оила мустаҳкамлигининг яна бир асоси - ёшлар бир-бирига меҳру муҳаббатли бўлишидир.  Бир-бирига кўнгил қўйиб турмуш қурган ёшлар турмуш машаққатларига сабрли бўлади. Қолаверса, бир-бирининг феъл-атворини яхши билгани учун, кайфиятига, нимани қандай қабул қилишига қараб муомала қилади. Оилавий бахтнинг асосини мана шундай икир-чикирлар ташкил қилади.

      

- Кўп ҳолларда кишилар жамиятдаги мавқеига қараб қуда-анда тутинишни маъқул кўришади...

-      Шундай ҳолатларга дуч келганимда юрак-юрагимда оғриқ туяман. Икки аёл бир дугонасининг "гап"ида танишиб қолади-да, эртаси куни бири қизини, бири ўғлини олиб чиқиб учраштиришади, қарабсизки бир ойдан кейин тўй қилишяпти. Ёшлар бир-бирини танимайди, феъл-атворини билмайди. Келишмовчилик, зиддиятлар, асаббузарлик, дилхиралик... Айримлар "Боламни кўнглига қарасам, худо билади у қандай одам билан топишади?" деган хадик билан ҳам фарзандларига ўзлари жуфт излашади. Шундай ота-оналарга: "Сиз фарзандингизга яхши тарбия берган бўлсангиз, у албатта, ўз дунёқарашига, сиз ва оилангизга мос келин топади", деган бўлардим.

 

-      Никоҳдан олдинги тиббий кўрик ҳақида кўп гапирилмоқда. Шундай бўлса-да, айрим кишилар никоҳдан олдинги тиббий кўрикка панжа орасидан қарамоқда. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?

-      Дарҳақиқат, никоҳдан олдинги тиббий кўрик масаласи ўта жиддий ва муҳим масала. Яқинда шу ҳолат билан боғлиқ нохуш воқеа юз берди. Бир оиланинг ўғли саратон хасталигига чалинган экан. Шифокорлар бемор йигитнинг умри оз қолганини айтишибди. Ота-она "ўғлимиз тўй кўрсин" деб, ўғлининг касалини яшириб, бир қизни келин қилишган. Орадан бир йил ўтар-ўтмай куёв вафот этади. Гулдай қиз бева бўлиб, ота уйига қайтди. Йигит ота-онасида инсоф, озгина виждон бўлганда эди, бундай ишга қўл урмаган бўлардилар. Дардни Аллоҳ беради, инсон қисматига рози бўлишни ҳам билиши керак. Эндигина ўн тўққиз ёшга тўлган қиз касалманд ўғлининг тўйини кўришни ният қилган ота-она орзуси йўлида қурбон бўлди.

-      Яна бир салбий ҳолат - қизларни эрта турмушга узатиш хусусида мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз?

-      Шукрки, юртимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Оиланинг жамиятдаги нуфузидан келиб чиқиб, Бош Қомусимизда ҳам  оила масалаларига алоҳида боб бағишланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси "Оила" Кодекси ҳам умумэътироф этилган ҳуқуқ меъёрларига тўла мос равишда тузилган. Кодексимизда аёллар учун никоҳ ёши 17, эркаклар учун 18 деб белгиланган. Бироқ бу дегани- шу ёшдан бошлаб ҳамма турмуш қуриши керак, дегани эмас. Никоҳланаётган ёшлар оила масъулиятини тўла англаб етиши, оилани қадрлай олиши, ҳам жисмонан, ҳам руҳан оила қуришга тайёр бўлиши керак. Ўн етти яшар қизалоқ, ўн саккиз яшар йигитча оила масъулиятини қайдан билсин? Шу ўринда айрим оналарга ҳам эътирозим бор: қизлари ҳали жуда ёшлигидан сарпо - сеп йиғишга тушишади-ю, қизларининг соғлиги, маънавий дунёси билан деярли қизиқишмайди. Қиз бола кўринишидан дуркун бўлса-да,  лекин оналикка жисман ва руҳан тайёр бўлмаслиги мумкин.

Келин бўлиб тушган жойида қизга ҳамманинг кўзи қадалади. Соғлиги кўнгилдагидек бўлмаса, куёв уйидагилар маломат қилади, касалманд онадан носоғлом фарзанд туғилади. Фарзанди соғ-саломат туғилмаган оилада хотиржамлик, бахт қайдан бўлсин?! Борингки, узатилаётган қизнинг соғлиги жойида ҳам дейлик, унинг маънавий     дунёси қай аҳволда? Келинлик остонасида турган 16- 17 яшар қиз эр ким, қайнона-қайнота ким, кимга қандай муомала қилиш, фарзандли бўлса унга қандай тарбия беришни, рўзғор, турмуш машаққатларини қандай енгишу, борига кўниб, йўғига сабр қилишни биладими? Энг асосийси, қўлидан бирор юмуш келадими? Бу гаплар фақат қиз узатаётганлар эмас, ўғил уйлаётганларга ҳам тааллуқлидир.  Йигитлар оила муқаддасилиги, онаси ва аёли орасида тарозибон бўлиши кераклиги, ўғиллик, жуфтлик ва оталик масъулиятини ҳис этганидагина уйланишга, оила бошлиғи бўлишга  муносиб бўладилар.

 

-      Халқимизда: "Оила мустаҳкамлиги кўп ҳолларда аёл кишига боғлиқ"  деган гап бор. Бу фикр қанчалик тўғри?

-      Бу жуда ўринлди ва тўғри айтилган гап. Бу фикр нечоғлик ҳақиқат эканлиги асрлар давомида ўз исботини топиб келмоқда. Афсуски, биз кўп ҳолларда ана шу оддий ҳақиқатни англаб етмаяпмиз. Аёл тадбирли, оқила, доно ва оилапарвар бўлса, оила мустаҳкам бўлади. Ҳуқуқий меъёр бўйича аёл ва эркак тенг ҳуқуқли деб кўрсатилиши билан, аёлнинг масъулияти, оила ва жамиятдаги бурчи залворли. Бу ҳақида жуда узоқ гапириш мумкин, аммо энг қисқа ва лўнда фикр шуки, оиланинг мустаҳкам ва баҳтиёр бўлиши кўп жиҳатдан аёлга боғлиқ.

 

-      Сизнингча, оилавий ҳаётнинг бахт формуласи нималардан иборат?

-      Жуфтлар ўртасидаги муҳаббат, ўзаро ишонч, бир-бирини тушуниш, сабр-қаноат, соғлик, биргаликда меҳнат қилиш ва албатта, жуфтлик масъулиятини тўла ҳис қилиш оилавий ҳаётнинг бахтли бўлишини таъминлоовчи жиҳатлардир.

Бу борада катталар ёшларга ўрнак бўлиши керак. Ўзимиз амал қилмайдиган нарсаларни қандай қилиб ёшлардан талаб қиламиз? Эллик ёшли қайнона билан ўн тўққиз яшар келинниг ҳаётий тажрибаси, кўрган-кечирганлари бир хил бўладими? Йўқ, албатта. Қайноналаримиз ўз талабларини қўйишда ана шун жиҳатни инобатга олишса яхши бўларди. Ҳаётим, кўрган-кечирганларимдан келиб чиқиб, шунга амин бўлдимки, бахтли бўлиш ҳар кимнинг ўз қўлида. Бахт осмондан тушмайди. Унга сабр-қаноат, ширин сўз, хушмуомалалик, меҳнатсеварлик билан эришилади.

 

-      Опа-сингилларимизга, газетамиз муштарийларига қандай тилакларингиз бор?

-      Опа-сингилларимиз ҳамиша доимо соғ-саломат бўлсин, юқорида айтганимдай оқила, сабрли, юксак маънавиятли бўлишга интилсин. Шундагина улар ўзлари орзу қилган бахтга эриша оладилар, қолаверса, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топади, ҳурмат қозонади.  Шу ўринда "Иқбол" газетаси кўп йиллардан буён вилоятимиз хотин-қизларининг кўзгуси, яқин суҳбатдошига айланганлигини эътироф этишим керак. Истагим, ҳар бир қиз-аёл  газетанинг доимий мухлисига айлансин.  

-      Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

суҳбатлашди.