+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

24 Авг 2017

ЭЛ АРДОFИДАГИ ОПА

(35-сон) Тўйхат ўрнида

Тошхон Хожиқосимовани нафақат асакаликлар, балки вилоятимиз аҳли, айниқса, кекса авлод вакиллари яхши билади. Опа ўз вақтида фидоийлиги, ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги билан бутун Ўзбекистонга донг таратган.

Ҳаёт йўллари ибрат ва ҳикматга тўла Тошхон опа бугун ўзининг муборак саксон ёшини қарши олди. Саксон йил бу айтишга осон холос. Бу йиллар давомида опанинг ташаббуси билан амалга оширилган эзгу ва хайрли ишлар, чекилган заҳматлар, қувончу ташвишлар баён этилса, бир неча китоб бўлиши аниқ. 

Тошхон опани матонатли, фидоий ўзбек аёли тимсолларидан бири десак асло муболаға бўлмайди. Ҳақиқатдан ҳам опа кўп йиллар эл-юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилди, мазмунли ва ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди.

Кўпчилик  яхши биладики, навқирон ва шижоатга тўла Тошхон опа Андижон давлат педагогика институтини (ҳозирги АДУ) тамомлаб, меҳнат фаолиятини дастлаб Асака туманидаги 4- умумтаълим мактабида бошлаган, фаолиятининг дастлабки йилидаёқ ўзининг интилувчан, тиришқоқ, қатъий ва талабчанлиги билан меҳнат жамоаси, ўқувчилар ҳурмат ва эътиборини қозона олди. Ёш мутахассисдаги ана шу жиҳатларни кўрган раҳбарлар уни туман ёшлар ташкилоти етакчиси вазифасига тайинлади. Бу ишда у ўзининг меҳнатсеварлиги, билимдон ва ташкилотчилигини намоён этди. Сиртдан Андижон пахтачилик (ҳозирги қишлоқ хўжалиги) институтида таҳсил олиб, билимларини янада бойитди.

Кейинчалик Асака туман ижроқўми раиси, Бўз, Олтинкўл туманларининг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган йилларда эса опанинг раҳбарлик, етакчилик салоҳияти тўла-тўкис намоён бўлди. Ана шу йиллар давомида опа туманлар иқтисодиётини, хусусан, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қурилиш, бунёдкорлик, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида жонбозлик кўрсатди. Энг асосийси, одамлар орасида "ташкилотчи ва фидоий раҳбар" деган ном олди, эл-юрт ишига камарбаста, эл суйган, "Опа" дея ардоқланган инсон сифатида ҳурмат-эътибор топди.

Халқ тили билан айтганда, опа қишлоқ хўжалиги, пахтачилик соҳасининг ҳақиқий академиги эди. Ер унумдорлиги, пахта ҳосилдорлигини ошириш борасида катта ҳаётий тажрибага эга инсон сифатида ҳам бутун республикада довруғ қозонди. Ҳамиша пахта режасини ортиғи билан бажариб, юрт улуғларининг, ҳатто, мамлакатимизнинг ўша вақтдаги  раҳбари Шароф Рашидовнинг эътибор ва эътирофига ҳам сазовор бўлди.

Меҳнат фаолиятининг сўнгги йилларида опа Асака шаҳрининг биринчи раҳбари вазифасида меҳнат қилди. У кишининг бошчилигида хайрли ва ибратли ишлар ҳар қанча таҳсин ва эътирофга сазовордир. Ўша йиллари шаҳарда кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари   бунёд этилиб, ишга туширилди. Бу Асака шуҳратини юксалишида, шаҳар аҳолисининг турмуш фаровонлигини юқори даражага кўтарилишида муҳим аҳамият касб этди.

Умуман, опа қаерда, қандай вазифада ишлашидан қатъи назар, ўз ишининг етук билимдони, одил ва ташаббускор раҳбар, самимий ва саховатли инсон сифатида кенг жамоатчилик, одамлар ҳурмат-эътиборини қозона олган. Опанинг самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. Шу боис ҳам бугун у кишининг кўксини  "Ҳурмат белгиси",  "Меҳнат шуҳрати" ва бошқа қатор орден ва медаллар, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20, 25 йиллик нишонлари безаб турибди.

Опа вилоятдаги кўплаб катта-кичик раҳбарларнинг устози сифатида устозлик мартабасининг энг юқори поғонасига чиқа олган инсонлардан бири эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлидир.  

Тошхон опани нафақат, моҳир ташкилотчи, салоҳиятли раҳбар, эл-юрт ишига   камарбаста инсон сифатидагина эмас, балки  ибратли оиланинг соҳибаси эканлигини ҳам кўпчилик яхши билади. Ака-укалари, яқинларига ҳамиша кўмакдош ва маслаҳатчи бўлди.     Фарзандлари Матлубахон, Баҳтиёржонларни ҳам юрт корига ярайдиган, комил инсонлар қилиб тарбиялади.

Бугун опа кексалик гаштини сураётган бўлса-да, туман, вилоят хотин-қизлар қўмиталари фаоли сифатида ёш авлодни Ватанпарвар, комил инсон қилиб тарбиялаш, оилалар   мустаҳкамлигини таъминлаш ишига ўзининг бой ҳаётий тажрибалари, маслаҳат ва насиҳатлари билан кўмак бериб келмоқда.

- Бугунги тинч-осойишта, дориломон кунларга етказганига шукур, - дейди опа биз билан суҳбатда. - Бу кунларга етиш осон кечмаган, қанча-қанча  юртдошларимиз шундай кунларни кўриш орзуси билан яшаб ўтди. Президентимизнинг оқилона сиёсати ва раҳбарлигида шундай кутлуғ кунларга етдик, бизни, ўзбекни дунё таниди. Халқимиз, айниқса, ёшларимиз мана шу тинчлик ва тўкинликнинг, ҳур кунларнинг қадрига етсин. Унинг янада гуллаб-яшнаши учун қўлидан келганча хизмат қилсин.

Ҳа,  Ватанимиз равнақи йўлида фидоийлик намуналарини кўрсатиб меҳнат қилган, ҳаёт йўли бизлар учун ибрат бўлган Тошхон опа ва у сингари табаррук оналаримиз омон бўлсин.

 

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Суратда: меҳнат фахрийси Тошхон опа Ҳожиқосимова.