+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

07 Март 2017

ЙИЛЛАР МАРЖОНИДА ЯНА БИР ГАВҲАР

(11- сон) Кўнгил битиклари

Мунаввара УСМОНОВА 1965 йилда Марҳамат туманида туғилган. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритмоқда. «Дийдор», «Сизга ўхшасин», «Соғинч манзили», «Юрагимдасан Ватан», «Бундай элни қайдан топасан?» номли    китоблари чоп этилган.

Мустақиллик халқимизга озодлик бахтини берди, тинчлик ато этди. Заҳмат ва машаққатларга тўла зафар йўлининг нурафшон тонги сари дадил одимладик, ғурур ва ифтихор билан юксалдик, дунёларга тенглашдик. 

Истиқлол даврида ҳар бир йилнинг алоҳида номланишида ҳам катта ҳикмат мавжуд. 2017 йилнинг "Халқ билан молоқот ва инсон манфаатлари йили", деб аталиши замирида халқимизнинг бахт саодати, фаровонлиги билан боғлиқ улкан ниятлар мужассам. Зотан, одамийлик, ҳалоллик, олийжаноблик, меҳр-оқибат, ғамхўрлик сингари асл инсоний фазилатлар тинч ва фаровон юртдагина шаклланади. Демак, халқимиз орасида яшаб келаётган ана шундай фазилатларга умр бериш баробарида, оила ва жамиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва унда юзага келаётган ўзгаришларни ўрганиш, муаммоларга биргалашиб ечим излаш - бугунимизнинг асосий вазифасига айланди, десак хато қилмаган бўламиз. Бу вазифа ҳар бир йилда ўзига хос йўсинда ҳал этилади. Ҳар бир хонадон соғлом муҳитни, тинч - осойишта ҳаётни, тўкинликни орзу қилади. Лекин бундай ҳаётга эришиш фақат орзу қилиш билан амалга ошмайди. Ёши улуғ инсонлар аввало, ёшларнинг касб-ҳунар эгаллашига, жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам бериши зарур. Бунда маҳалла ва жамоатчиликнинг тутган ўрни ҳам муҳим.

 Мен бир оилани биламан. Ўша пайтларда туман ҳокимлигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлимида фаолият юритар эдим. Чекка қишлоқларнинг бирида вояга етмаган тўрт нафар бола ота-онасиз қолганини эшитиб, дарҳол йўлга отландик. Бизни маҳалла оқсоқоли қарши олди.

Қиш - қировли кунлар,   ҳайҳотдай ҳовли бурчагига солинган омонатгина кулба. Хона ичи нимқоронғи... Танча атрофида ўтирган болалар бизни кўриб акасининг пинжига суқилишди. 11-12 ёшлар чамасидаги болакай бизга салом бергач:

- Овора бўлиб кебсизлар, барибир, "детдомга" бормаймиз. Укаларимга ўзим қарайман! - деди вужуди титраб, кўзларида ёш билан.

- Биз сизларни олиб кетгани эмас, хабар олгани келдик, ўғлим! - дедим болаларнинг аҳволига юрагим ачиб. Ўтириб суҳбатлашдик. Муҳаммаджон худди катта одамлардай фикрларди:

 - Аяжоним охирги кунларда дарди кучайиб жуда қийналди. Бизни эшитмасин деб юзини ёстиққа босиб инграб ётарди. Барибир, кўзимни юмиб ётганим билан ухлолмасдим. Ўша куни тунда аямни азоб чекаётганига чидаб туролмай қўшни маҳаллада яшайдиган дўхтир холани уйигача югуриб бордим. Дарвозаси олдида анча туриб қолдим. "Совуқ ўтиб кетади-ку, ярим тунда нега қор босиб оёқ яланг келдинг, болам", - деганида оёғимга пойабзал киймаганимни билдим. Муолажадан сўнг бироз жони тинчигач аям, менга шундай гапларни айтди:

- "Муҳаммаджон! Сени худога, укаларингни сенга омонат топшираман, болажоним! Катта бола бўлиб қолдинг, сенга ишонаман. Адабиётдан яхши ўқийсанку-а? Эслагин, Бобур Мирзо сенинг ёшингда юртга пошшо бўлган. Ўшанда отаси қўққисдан оламдан ўтганди-а? Оила деган мамлакатни энди сен бошқарасан. Пошшо болам мени...

... Биз холанг иккимиз умр бўйи армон билан яшадик. Отам урушдан қайтмади, онам ёш оламдан ўтиб кетгач, бировларнинг эшигида хизмат қилиб юриб улғайдик. Бир тишлам нонни миннатсиз емадик. Кўп қийинчиликларни кўрдик. Бировнинг қасрида яшагандан кўра, ўзингнинг хароба кулбанг бўлгани яхши. Очин-тўқин,    меҳрга зор юрган пайтларнинг асорати мана энди таъсирини ўтказиб, ётиб қолдим. Яхши замон, яхши одамлар орасида қаддимизни тиклаб, ҳузур қилиб яшаймиз, деганда... Болам, сизлар учун Худо умр бериб юзга кирсайдим... Барча орзу-умидларимни сенга қолдираман.

Уйнинг тўртта бурчаги, тўрт томонимдаги қўрғонларим, деб ярим жоним билан тўртовингни дунёга келтирдим. Укаларингнинг тўрт тарафга тарқаб кетишига йўл қўйма, болам! Қийналсанг ҳам бировга берма,   белингни маҳкам бойла. Пахса девор бўлсаям, меҳнат қилиб тикланган шу кўримсиз уй - даданг ва мендан мерос. Ҳар қандай кунда ҳам ўз уйингни сотма". Охирги сўзлари шу бўлди. Мен ўзим оиламизни онам айтганидек, бутунича ушлаб қоламан...

Олтинчи синфда ўқийдиган боланинг гаплари юрагимизни ларзага солди.

 Хавотир олманглар, - деди оқсоқол.

 Биз маърака куни маҳалла аҳли билан кенгашиб олдик. Қассоб укамиз гўшт-ёғидан, нонвой Олимжон нондан хабардор бўлади. Ҳар куни маҳалладан бир аёл навбати билан болаларнинг ош-овқатини пишириб, бирга тунаб қолади. Маҳалламиз катта: шу мурғакларни оқ ювиб, оқ тараб, тарбия қилиб улғайтириш қўлимиздан келади!

Бу гаплардан кейин мен ҳам: унда мени ҳам навбатга ёзиб қўйинглар, - дейишдан ўзимни тиёлмадим. Болалардан тез-тез хабар олиб турганим учун уларга қадрдон бўлиб қолдим. Муҳаммаджондан кичиклари тўққиз, етти, уч ёшда эди. Айниқса болаларнинг кенжаси - қўнғироқ сочли Маликага ўз боламдай меҳрим тушганди. Бир гал Муҳаммаджондан орзулари ҳақида сўрадим.

- Мени энг биринчи ниятим, катта бўлиб пул топсам, сигир сотиб оламан!- деди катталардай вазминлик билан.

- Сут-қатиқни яхши кўрасанми?

- Аяжоним касал бўлганида дўхтирлар ҳар куни сут-қатиқ ичиб турсангиз, дардингиз енгиллашади деганди. Мен ҳали у, ҳали бу қўшнининг уйига сут- қатиқ сўраб борардим. Ўша  пайтларда аям бошимни силаб; "Ҳовлимиз катта, сен ёнимга кириб қолдинг, терак кўчатларимиз етилса, янги уй соламиз, томорқага деҳқончилик қилиб пул йиғиб, ўзимиз сигир сотиб оламиз. Тўйиб-тўйиб қаймоқ еймиз"- дерди.

Титраб-титраб йиғлаётган болакайни нима деб юпатишни билмасдим...

- Мурувватли кишилар кўп ўғлим, қолаверса, раис бува сизларга ўз боласидай меҳр кўрсатяпти. Сигирни-ку, оламиз, аммо уни ёғингарчиликда қаерда сақлайсан, нима едириб боқасан, ким соғади? - дедим.

- Ўртоқларим билан гишт қуяман. Тераклар катта бўб қолди. Баҳорга чиқиб молхона қурамиз, сингилларим катта бўлгунча ўзим соғавераман - деди болакай кўзлари чақнаб.

Кунлар илигач, синфдош дўстларини дарсдан кейин ёнига олиб лой қориб ҳаракатга тушиб қолган болани кўриб, маҳалла аҳли ҳам ҳашарга бел боғлади. Қозиққа сигир бойланган куни эса хонадонда байрам бўлиб кетди. Муҳаммаджон онасига берган ваъдасининг устидан чиқди. Укаларига ҳам оталик, ҳам оналик вазифасини бажарди. Сағирликда юзларини сарғайтирмади. Болаликдан ҳалол меҳнатдан нон топишни ўрганди. Укаси Муроджонни нонвойга, Мухлисани тикувчи аёлга шогирдликка берди. Ука ва сингилларини ҳам касб-ҳунарга йўналтирди. Нураган уйлар ўрнига янги иморат тикланди. Аҳил маҳалланинг асл фарзандига айланиб, эл орасида обрў топди. У мурғак ёшиданоқ оиласи учун мустаҳкам қўрғон бўлди. Узилмас арқон, бузилмас онт бўлди. Бир оиланинг мустаҳкамлиги учун эътиқоди собит болакайдан тортиб, бутун қишлоқ, маҳалла ҳаракат қилди. Оқибатда бир хонадон тўзимади.

Ҳа, илмли бўлиш, ҳунарли бўлиш оилани мустаҳкамловчи асосий омил. Бу кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам эскирмайдиган ҳақиқат.

 Инсон йилма-йил ҳар лаҳзада улғайганини ҳис қилади. Ҳаётнинг баланд-пастидан ўтиб, ўзим ҳам қайнона бўлганимдан яратганга шукроналар айтдим. Байрам дастурхонимизда ўтириб дуолар қиладиган, ҳамиша меҳри билан ҳар қандай мушкулимизга ечим топиб берадиган кайвони инсон -  қайнонам раҳматли ёдимга тушди, хотиралар жонланди.

 Катта хонадонга бош келин бўлиб тушдим. Қайнонам тўққиз нафар фарзанд кўриб вояга етказган, мулоҳазали, босиқ аёл экан. Тонг саҳарда кўча, ҳовлини супуриб бўлгунимча қайнисингилларим нонушта тайёр-лашади. Қўлимни ювиб энди қаторга қўшилиб ўтирсам, қайнонам имо қилиб, мени четга чақирди.

Қизим, бу ҳовли-эшик менгача, сиз келгунча ҳам супириб-сидирилган. Укаларингиз, сингилларингизнинг кўзи сизда. Ҳеч қаерда ёш келин-куёвни ҳаётга тайёрлайдиган мактаб йўқ. Улар учун биринчи ибрат бўласиз. Янги келинчаксиз, қора гулли кўйлак кийганингиз яхшимас.

Сепингиздаги энг чиройли кийимларингизни кийинг. Дастурхон бошида чиройли либосларингизни кийиб ўтирсангиз, ҳаммамизнинг баҳри-дилимиз очилади. Уй юмушини ҳеч ким тугатолмайди. Келинчаклик даврингиз эса ғанимат. Пардоз-андоз қилишга эринманг. Фарзандлик бўлгач, кўп нарсага улгурмай қоласиз. "Қуш инида кўрганини қилади", -деган нақл бежизмас. Мен ўқимаган,бир оми аёлман. Болаларимни ҳаётга тайёрлашда сиз менга кўмакчи бўлишингиз керак. Ҳар сўзингиз, кийиниш, юриш, туришингиз - бир мактаб экани эсингиздан чиқмасин, - деди.

Шундан кейин оилада ўзимни эркинроқ тута бошладим. Меҳмондай қимтиниб эмас, энг фаол мезбонга айланишга ҳаракат қилдим.

Уйимизга жуда кўп меҳмон келарди. Водийликлар удумига кўра, дастурхон ёзишдан олдин қўлга сув қуйилади. Чилопчин билан обдаста қайнонамнинг уйида елим халта билан ўраб қўйилар эди. Бир гал олиб чиқиб келган меҳмонларнинг қўлига сув тутдим. Уларни кузатгач, офтобга қўйиб қуритилган ўша анжомларни ўз жойига қўйишим талаб этилди. Бу ҳолат менга унча хуш келмаётганини юз-кўзимдан сезган онам менга уқтира бошлади:

 - Болам, қайнонам бунча инжиқ экан, деб дилингиз хижил бўлмасин. Бирорта сандиқ ёки жавонимда қулф йўқ. Болаларимдан бошқа ҳеч нарсанинг ҳисобини билмайман. Аммо тўртта нарсага ҳушёр бўлишингизни талаб қиламан. Дастурхон солишдан олдин меҳмоннинг кўзи тушадиган биринчи нарса - шу чилопчин бўлади. Баъзи хонадонларга меҳмонга борсангиз, кирланиб қорайиб кетган идишга қўл ювасиз. Кўнглингиз хира тортади. Хонадонимизга келган кишининг кўнгли хира бўлмасин десангиз, уйни, жиҳозларни эски бўлсаям, покиза тутинг.

Қайнонамнинг  панд-насиҳатлари, ўргатганлари менга ҳаётимда жуда кўп асқотди. У кишининг кўмаги билан қилган ишларим, юриш-туришимни кўриб ўсган қайнисингилларим ҳам тушган жойларида тиниб-тинчиб кетишди. Энди хотира сандиғимни титкилаб кўрсам, қайнонамнинг ҳар бир гапи, ҳар ишининг ўзи - бир маънавият дарси экан.

- Мен момоқайнонанинг қўлига келин бўлиб тушганман. Энам юролмай бир жойда ўтирардилар. Хизматини қилганим учун кўп дуо олганман. "Тупроқ олсанг - олтин бўлсин болам. Бошқоронғилик пайтингда кўнглинг нима тусаса, энамга эримга, боламга деб илиниб ўтирма. Бу нозик палла саноқли кунларда ўтиб кетади. Юрагингнинг остидагини эҳтиёт қилсанг, ҳеч нарсадан сиқилмасанг, шу бир донагина сағиримнинг аторофи тўла паҳлавон бўлади", - дея елкамни силаб қўярдилар. Бу қайтар дунё мендан сизга, сиздан келинингизга қайтим бўлаверади, деб ўз тарихидан ҳам гапириб қўярдилар. Рўзғоримиз тўкис, еб-ичиш, кийишдан ҳеч камимиз бўлмаса-да, ҳаммамиз тенг меҳнат қилардик. Ипак қурти боқардик, гўдакларимизни онамизга қолдириб, ғўза чопиққа чиқиб кетардик. "Оила - катта салтанат, эрнинг вазири- аёл, ижрочи сизлар-да, болам", - деб, бизларни эркалатиб қўярдилар.

Қайнотамнинг ишдан қайтишига алоҳида тайёргарлик кўрардик. Ҳовлилар супурилиб, сувлар сепиларди. Ўзи учун ажратилган кўрпача ёзиларди. Онам қаерга тўй-маъракага боришларидан қатъи назар, дадам ишдан келганларида уйда бўлардилар. Ҳовлимиз жаннатнинг ўзи эди. Уларнинг бирор марта дадамга гап қайтарганини, ёки буюрган ишларини малол олганини эшитмаганман. Бир куни қайнотамдан ноҳақдан койиш эшитган онамга раҳмим келиб: "Мен бундай иш қилганим йўқ, десангиз бўлмайдими, буви, индамай кетаверасизми?",-десам: "Рўзғор тарозисида бири баланд келса, бири паст келиши керак. Агар эр-хотин тенг келаман деб, аравани икки тарафга тортса, оила бут бўлармиди. Бири қаҳр қилганда, бири меҳр билан қараса, ўртадаги илоҳий ришта мустаҳкам бўлади",- дердилар.

Қишин-ёзин қошидан ўсма узилмайдиган қайнонам ҳаммамизга ўсма қўйдирарди: "Бу   дунёга ҳаммамиз меҳмонмиз. Меҳмонга бораётган одам покиза, чиройли бўлиб боради. Уйда худди меҳмондай ораста бўлинглар. Токи эрларингиз менинг хотиним оламда энг саришта, гўзал аёл, деб қувониб юрсин," - дерди. Бир даста садарайҳон солинган гулдон доим хонтахта устида турарди.

 Бир куни қўшиқ хиргойи қилиб бешик тебратиб ўтирганимни кўриб, қизим, алла айтинг, қўшиқ бошқа, алла бошқа. Она сути болага озиқ бўлса, алла унинг кўнглини тарбия қилади, дегандилар.

Юқорида ёзилганлар биргина менинг қайнонамнинг дарсхонасида ўқиганларимдир. Биз катта халқмиз. Онамизга ўхшаш оиланинг олималари, академиклари озми? Улар ҳар бир хонадонда бор. Улар маҳаллаларнинг кўрки, хонадонлар таянчи. Шундай кўпни кўрган инсонлар билан  кўп-кўп мулоқотлар қилсак, уларнинг турмуш тарзидан ибрат ва андоза олсак, нур устига нур бўлади. Ҳар бир оиланинг яхши анъаналари, келин, набиралар тарихидан ёзилса, битта ибрат китоби бўлади. Жамият ичида яшар экансан, ҳеч бир одам алоҳида бахтли бўлмаганидай, ҳар бир инсоннинг саодати ён-атрофдаги қўшнилар бахтиёрлиги билан тўкис.

 

Халқимизнинг бебаҳо қадриятлари асло йўқолмайди. Ана шу қадрият ва анъаналар давлатимизнинг оилаларга, аёл ва болаларга, уларнинг саломатлигини сақлашга қаратаётган эътибори билан уйғунлашиб, мустаҳкам оила қасри бунёд этилаётир. Шу ўринда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили оилаларни мустаҳкамлаш, қолаверса, Ватан     ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш баробарида тарих, йиллар маржонидаги бир гавҳар бўлади. Истагим, энг аввало, юртимиз тинч бўлсин. Муҳтарама опа-сингиларимизни бугунгидай байрамона кайфият асло тарк этмасин. Андижонимизнинг, юртимизнинг ҳар бир аёлига мустаҳкам оиланинг бекаси бўлишлик, фарзандлар камолини кўришлик бахти насиб этсин.