+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Янв 2017

ВАТАНГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ МУҚАДДАС БУРЧ

(3-сон. Ҳарбий аёлларимиз)

Аёл аслида нафосат, назокат тимсоли. Аёллик нафосатини унутмай, зиммасидаги вазифаларни, қолаверса, оила юмушларини адо этиш билан бирга, ҳарбийлар сафида Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилиб келаётган опа-сингилларимиз шаънига ҳар қанча таҳсинлар айтсак ярашади.    

Оддий аскар Ферузахон Абдуллаева Андижон шаҳрида туғилиб ўсган. Ҳарбийлар сулоласининг вакиласи. Дадаси Мамадали Умаров ҳам ҳарбий, Қуролли кучлар зобити эди. Шунданми у Андижон шаҳридаги 37-мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ҳарбий бўлишни орзу қилган. Мактабда барча фанлар, айниқса, жисмоний тарбия ва бошланғич ҳарбий таълим фанидан фақат аъло баҳоларга ўқиди. Астойдил ҳаракат қилган киши албатта, ўз орзусига етишади. Ферузахон ҳам йиллар ўтиб, ўз орзусига етишди.

Мактабни муваффақиятли тамомлагандан сўнг  Андижон давлат тиллар педагогика институти (ҳозирда Андижон давлат университети)да таҳсил олди. Институтни тамомлаб, меҳнат фаолиятини ўзи ўқиган мактабда ўқитувчиликдан бошлади. Лекин ҳарбий форма кийиш, ҳарбий хизматчи бўлиш иштиёқи уни асло тарк этмади. Ниҳоят, 1997 йили Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмга ишга кирди.

Ёш, шижоатли Ферузахон ҳарбий соҳада сидқидилдан хизмат қилди, ўзига топширилган ҳар қандай вазифани бекаму кўст адо этди. Ҳаёт уни Сайдулло исмли ҳарбий йигит билан учраштирди. Улар умр йўлларини боғлашди. Ҳаётда ва хизматда бир-бирларига елкадош бўлдилар. Кўплар ҳавас қиладиган  ушбу оилада бугун Сарвиноз, Абдулло ва Нурмуҳаммад исмли фарзандлар камолга етмоқда.

- Аёл киши учун ҳарбий бўлиш осон эмас, - дейди  Ферузахон Абдуллаева. - Лекин атрофида уни тушунадиган инсонлар бўлса, ҳар қандай қийинчиликларни осон енгиб ўта олади. Шу маънода мен турмуш ўртоғим ва оила аъзоларимдан ҳамиша миннатдорман. Улар доимо мени қўллаб-қувватлашди. Уларнинг ишончи, кўмаги  менга куч беради, янада шижоат билан хизмат қилишга ундайди.

Дарҳақиқат, Ферузахон чинакам бахтиёр аёл. У ўзи орзу қилган касб, кўплар ҳавас қилса арзийдиган оила соҳибасидир. Бир қиз, икки ўғлининг камоли, турмуш ўртоғининг ҳар қадамда қўллаб-қувватлаши, кўмаги уни бахтли аёлга айлантирди. Аслида аёл учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак?!

* * *

Оддий аскар Хилолахон Сатторова Қўрғонтепа туманининг Жомий маҳалласида туғилиб ўсган. У ҳам болалигидан ҳарбий либос кийиб, Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қиларди. Тумандаги 11- мактабни муваффақиятли тамомлагандан сўнг, Андижон тиббиёт коллежида таҳсил олди.  Ҳарбийликка бўлган кучли қизиқиш, орзуга етишиш иштиёқи уни ҳамиша олға интилишга ундади.

- 2005 йилдан буён ҳарбий соҳада хизмат қиламан, - дейди Хилолахон Саттарова. - Оила аъзоларим, айниқса, турмуш ўртоғим, нафақадаги ҳарбий Маматқул Обиджоновнинг кўмаги ва қўллаб-қувватлаши билан зиммамдаги вазифани тўла-тўкис адо этиб   келяпман. Хизматим давомида қисм командирининг ташаккурнома ва фахрий ёрлиқларига сазовор бўлдим.

Бугун оилам тинч, фарзандларим Мавлуда, Муҳайё ва Моҳинурнинг камолидан қувонаман. Оилам ардоғида, севган касбим билан шуғулланиб, ҳамкасбларим ҳурматини қозонаётганлигимдан беҳад мамнунман.

* * *

Дилноза Раҳимова Навоий вилоятининг Кармана туманида туғилган. Жиззах алоқа коллежини тамомлаб, 2010 йилда алоқачи сифатида ҳарбий хизматни бошлаган. Аввал Тошкент шаҳрида, мана икки йилдирки, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда хизмат қилмоқда. Меҳнатсевар,  тиришқоқ ва ўзига топширилган ҳар қандай вазифага масъулият билан ёндашади. Шу боис ҳам, у ҳамкасблари орасида алоҳида ҳурмат-эътибор топа олган.

- Ватан хизматига камарбаста бўлиш муқаддас ва шарафли бурч, - дейди Дилноза. - Мен эгнимга ҳарбий либос кийиб, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётганлигимдан, зиммамдаги шарафли бурчни    сидқидилдан адо этаётганлигимдан ҳамиша фахрланаман. Юртимга муносиб фарзанд бўлиш учун бор билим ва салоҳиятимни баҳшида этаман.

* * *

 Бугун Ватан ҳимоясига бел боғлаб мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида мардона хизмат қилаётган Феруза, Хилола ва Дилноза сингари барча қиз-аёлларимизни Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этамиз. Улардек жасур ва қатъиятли опа-сингилларимиз сафи кенгаяверсин.

 

СанобархонСУЛАЙМОНОВА,

 

Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм бўлими ходимаси.