+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

06 Янв 2017

ЎЗБЕК АЁЛИ - БАХТЛИ АЁЛДИР

(2- сон) Бизнинг суҳбат

Опа-сингилларимизнинг ижтимоий-руҳий ҳолатини яхшилаш, турли стресс ҳолатларга тушиб қолган аёл ва қизларга психологик ёрдам кўрсатишга қаратилган тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш бўйича вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи "Психолог" уюшмаси томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Олиб борилаётган ишлар, қолаверса, бугунги кун аёли руҳиятига боғлиқ қатор саволлар билан уюшма раҳбари Наима ҲАЛИМОВА суҳбатида бўлдик. 

Наима Ҳалимова - 1973 йилда Қўрғонтепа туманида таваллуд топган, 2001 йилда Хўжанд давлат университетини, 2001 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини психология мутахассислигини  тамомлаган. Айни кунда Андижон давлат университети Психология кафедраси мудири сифатида фаолият юритмоқда, психология фанлари номзоди, доцент. Соҳага оид 50 дан зиёд илмий мақола, 5 та ўқув-услубий қўлланма ва 1 та монография муаллифи.

Оилали, икки нафар фарзанди бор.

- Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган "Психолог" уюшмасининг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

- Уюшмамиз қўмита ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бир неча йиллардан буён жамоатчилик асосида самарали фаолият юритиб келмоқда. Уюшманинг асосий мақсади, стресс, руҳий тушкунлик ҳолатларига тушган опа-сингилларимизга маънавий-руҳий кўмак бериш, маҳаллалар, таълим муассасалари, айниқса, оилаларда ана шундай ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боришдан иборат. Бу ишларни ташкил этиш ва амалга оширишда энг аввало, вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, уларнинг бошланғич ташкилотлари, шунингдек, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари шаклланган.

- Олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари хусусида тўхталсангиз?

- Уюшмамизга жалб этилган мутахассислар томонидан якунланган 2016 йилда меҳнат жамоалари, маҳаллалар, шунингдек, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежлар, олий ўқув юртларида 300  дан ортиқ учрашув, давра суҳбати ва семинарлар ўтказилди. Ана шу тадбирларда қарийб 30 минг нафар аҳоли вакиллари, хусусан, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этдилар.

"Хотин-қизлар психологиясини ўрганиш, улар ўртасида нормал руҳий ҳолатни шакллантиришнинг муҳим жиҳатлари", "Оила муносабатлари: эр-хотин-, қайнона-келин ўртасидаги психологик муносабатлар", "Шахс салоҳияти, ўзлигини тўлақонли юзага чиқишида психологик жараёнларнинг роли", "Одам савдоси - давр муаммоси", "Хотин-қизларнинг мулоқот психологияси" сингари  мавзулардаги маъруза ва чиқишларимиз кўпчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Айниқса, прокуратура, ички ишлар идоралари, ҳарбий қисмлар, ФҲДЁ бўлимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирларимиз  юқори самралар бермоқда. Бу каби тарғибот ишлари жорий йилда ҳам изчил ва тизимли равишда давом эттирилади.

-     Сизнингча аёл қачон мукаммал бахтга эришади?

- Аёл қачон, кимгадир кераклигини, ким учундир азизлигини ва ўша инсон унинг учун ҳам қадрли эканлигини билсагина ўзини бахтли ҳис қилади. Дунёда ҳеч нарса аёлга муҳаббатчалик бахт беролмайди. Баъзан, оиласи, фарзандлари, турмуш ўртоғи бор аёллар ҳам бахтсизликдан нолишади. Ана шундайларга файласуфнинг  "Баъзида бахтни узоқлардан қидирамиз, у эса шарпа ва сассиз ёнимизда турган бўлади" деган иборасини эслатган бўлардим. Бахтсизлигидан нолиган аёллар ёнгинасида турган бахтни қадрига етмайди, чунки уларнинг кўпчилиги    бахтнинг ўзи нимада эканлигини ўйлаб кўрмайдилар.

- Моддий тўкинликни орзулаб, эрининг кам пул топишини рўкач қилиб, хорижга отланаётган аёлларга нима деган бўлардингиз?

- Бизга пул топиш мақсадида чет элларга кетган, аммо қайтиб келганда оиласидаги муаммоларни ечолмай қийналган кўплаб аёллар мурожаат қилишади. Кимнингдир эри билан оралари совуқлашган, кимнингдир фарзанди тарбияси издан чиқиб кетган,  яна кимнингдир оиласи бузилиш арафасида. Буни қаранг-ки, уларнинг йиллаб азоб билан топиб келган пуллари бу муаммоларни ечолмайди. Негадир улар "фарзандимни моддий аҳволи яхшиланса бўлди-да", деб ўйлайди, фарзандига бериши керак бўлган тарбия, меҳрни шу нарсалар билан ўлчайди. Албатта вақти келганда бола ҳам ота-онасига қилиши керак бўлган ғамхўрликни моддият билан қайтаради.

 Она ўз вужудидан бошқа бир вужуд ясаб, боласини дунёга келтиради. Фарзанд онасининг меҳридан куч олиб вояга етади. Бу меҳрнинг ўрнини ҳеч қандай бойлик боса олмайди. Кўчада қоқилиб, тиззасини шилиб олиб, йиғлаб келган жигарбандининг кўз-ёшларини арта олмаган, ўқитувчисидан мақтов эшитган боласининг чақнаб турган кўзларини кўра олмаган она, келажакда ундан меҳр-муҳаббат кутмасин! Фарзанди онасининг бозор-ўчаридан, дори-дармонидан хабар олиб туриши аниқ. Аммо меҳрга зор онасини тушуна олмайди. Чунки у меҳрга зор бўлганда, унга ҳеч ким буни бера олмаган. Айтадилар-ку, экканингни ўрасан деб.  Пул, бойлик куйида ёш болаларини бировларга ташлаб хорижга кетаётган аёллар мана шу ҳақда ўйлаб кўрсинлар. Топиб келган бойликлари эвазига чет эл мебеллари, машиналар, қимматбаҳо жиҳозлар сотиб олишлари мумкин, аммо  инсон учун ҳар нарсадан азиз бўлган оила бахтини, фарзанд меҳрини, обрў-эътиборни сотиб ололмайдилар.

Эрининг эътиборсизлиги ёки қайнонасининг зулмидан  арз қилиб келадиган аёллар ҳам учраб туради. Уларнинг аксари уй бекалари. Иссиқ-совуқ суви эшигида, кирини машина ювиб, тайёр газда овқат пиширадиган аёллар кун давомида нима билан ҳам шуғулланишсин?! Албатта, бекорчиликдан майда гапларга ўралашишади-да, турмуш ўртоғининг қадамини "пойлаш"га ўтишади. Яна "бахтсиз"лигига қайноналарини  айбдор қилиб, жанжал чиқаришга уринишади. Агар шу аёл бирор бир жойда ишласа, ютуқларга эришса эди, албатта, турмуш ўртоғининг, қайнона-қайнотасининг олдида ҳам обрўси, ҳурмати бўланд бўларди, турли можароларга эса умуман вақти бўлмасди.

- Истиқлол ўзбек аёлига кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Бугун орамизда шижоати, меҳнати ва фидойилиги билан ҳурмат топаётган аёллар кўпайиб бормоқда...

-  Инсоният тамаддунидан маълумки, дунё тарихида илғор фикрли инсонлар ҳамиша аёллар масалаларига жиддий эътибор қаратиб келганлар.  Бунинг боиси, Аллоҳ аёлни табиатан гўзал, доно, оқила,       бунёдкор,  яратувчан,  меҳнатсевар, юртпарвар, адолатли, меҳр-   шафқатли ва албатта, андишали қилиб яратиш баробарида  унинг  нозик жисмига ўта оғир,  масъулиятли, шу билан бирга,  шарафли ва муқаддас - оналик  вазифасини  юклаган.  

Истиқлол йилларида хотин-қизларга, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилишга   давлатимиз томонидан жуда катта аҳамият берилаётганлигининг боиси ҳам аёлнинг, энг аввало,  келажагимиз давомчилари, зурриёдларимиз, ворисларимиз бунёдкорлари эканлигига алоҳида урғу беришдан иборат,  деб биламан.  Таъкидлаш  жоизки, истиқлол йилларида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг мавқеини ҳар томонлама мустаҳкамлаш  учун барча имконият ва имтиёзлар яратилди. Бу эътибор замирида ҳеч шубҳасиз, аёлга, аввало, она деб қараш, унга қайноқ меҳр кўрсатиш ғояси ётади.

Зеро, она ва болага эътибор - жамият истиқболи ва тақдирига эътибор, демакдир.   Соғлом ва салоҳиятли, ҳар томонлама фаол  ва оқила аёл меҳнатидан бутун жамият манфаатдор эканлиги ҳақиқат. Бугун аёл - фермер, аёл - тадбиркор, аёл - депутат... бу рўйхатни яна кўп давом эттириш мумкин. Бундай бўлишини асосий омили нимада, деган табиий савол туғилади? Жамиятда аёлнинг фаол бўлиши учун имкониятлар яратилганлигида, энг муҳими, унинг оиласи тинч ва барқарор, фарзандлари бахтиёр, кўнгли хотиржам. Демак, оиласи тинч бўлган аёл энди жамият ишида қатнашишга, нафақат қатнашишга, балки фаол бўлишга, ҳурмат-эътибор топишга, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилади.

Бугунги ўзбек аёллари мана шундай интилиш, иштиёқ билан яшаётган бахтли аёллардир.

-     Суҳбатингиз учун раҳмат.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.