+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Июль 2023

«Элга хизмат қилиш - олий мақсадим бўлган»

Орамиздаги аёллар

- Узоқ вақт одамлар орасида бўлганим, жойларда  муаммоларни ҳал қилишга эътибор қаратганим, катта-кичик билан бўлиб ўтган мулоқотлар, учрашувлар, баъзан мақтов, баъзан таъна-дашномлар эшитишга тўғри келган вақтлар мени янада тоблади, элни қандай рози қилиш кераклиги борасида тажриба орттирдим. Ҳеч қачон одамларга қўлимдан келмайдиган ишга ваъда бермасдим, кўпларнинг дуосини олардим. Чекка ҳудудда бўлиб ўтган бир йиғинда кексалардан бири маърузамдан сўнг, "Сени тарбиялаган ота-онангга раҳмат",  деди. Севинганимдан кўзларимга ёш келди. Чеккан заҳматларим, югуриб-елиб одамлар корига яраганим, кимнингдир кўнглини олиб, қайсидир ишни уддалаганларимнинг ... барча-барчаси учун шу бир оғиз гап менга катта мукофотдай туюлди.

Қўрғонтепа туманида ҳоким ўринбосари вазифасида узоқ йиллар фаолият олиб борган Ферузахон Абдуллаева дил тубидаги гапларини шундай ифодалайди. Ферузахон 1963 йилнинг 10 сентябрида Қўрғонтепанинг "Нурли Ёғду" маҳалласида туғилди. Туман халқ таълими бўлимига қарашли 3-ўрта мактабни  олтин медалга битириб, Қўқон педагогика институтининг педагогика-психология йўналишида таҳсил олди.

Ферузахон Қўрғонтепадаги 3-ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишга жойлашди. Ундаги ташкилотчилик, қатъиятлилик, ишбилармонлик қобилиятини сезган раҳбарларнинг тавсияси билан туман ҳокимлигига ишга ўтди. Шу вақтнинг ўзида у кечки ёшлар мактабида ўқиётган ёшларга педагогика ва психологиядан дарс бера бошлаганди. Сал ўтмай, туман ҳокими ўринбосари вазифасига тайинланди. Туман маҳаллалари, Қорасув шаҳар ҳудудларида тадбирлару учрашувларда  унинг янада фаол ҳаракатлари яққол сезиларди.

Маҳаллалардаги оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этиш ишларига бош-қош бўлди. Ўз вазифаси, касб масъулиятини ҳис этиб, ишни талаб даражасида бажариб ўрганган Ферузахон  хотин-қизлар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оилалардаги турли муаммоларни ҳал қилишга кўпроқ эътибор қаратди.

Тўғри, Ферузахон баъзан ёшлигига бориб, қизиққонлик қилган вақтлари ҳам бўлди, шу вақтда устозларининг сабоқлари ёдига тушар, улардан кези келганда фойдаланарди. Икки опаси - Ёқутхон, Роҳатхон сингилларига ўз ҳаётий тажрибалари билан сабоқ берган бўлсалар, туман ижтимоий таъминот бўлими ходимаси Марҳабо Тожибоева, биофабрика директори Баракатхон Тожибоева муаммоли вазиятларда маслаҳатлар, йўл-йўриқлар кўрсатганлар.

Ферузахон байрам тадбирларида чекка ҳудудлардан ташриф буюрган, қора меҳнатдан қўллари қадоқ, юзлари саратон офтобидан қорайган  қишлоқ аёлларига кўпроқ аҳамият берарди. Уларнинг кўнглини олишга, далдалар беришга , яшашдан завқланишга чорлар, шўх мусиқаларга бирга рақсга тушишга таклиф қилар, хуллас, аёллар тадбирдан кўнгиллари тоғдек кўтарилиб тарқалишига ҳаракат қиларди.

Қўрғонтепа тумани қўшни Қирғизистон билан чегарадош, туманда талайгина қирғиз миллати вакиллари истиқомат қилади, дарслар қирғиз тилида олиб бориладиган мактаблар бор. Шу муносабат билан туманда "Дўстлик" фестивали ўтказиладиган бўлди. Тумандаги қирғиз мактаби директори билан бирга Ферузахон фестиваль ташкилотчилари қилиб тайинландилар. Ҳар икки миллатнинг ўзига хос анъаналарини ифодаловчи рамзий кўринишлар билан фестиваль ўтказиладиган майдон безатилди. Тадбир давомида  икки тилда янграган қўшиқ, шеър ва рақслар барчага байрамона кайфият улашди, икки миллат орасидаги қон-қариндошлик ришталарининг мустаҳкамланишига яна бир сабаб бўлди, кўпларнинг назарида. Фестивалда иштирок этган туман, вилоят раҳбарлари ташкилотчиларнинг маҳорати, байрамни юқори савияда ўтказишга қўшган ҳиссаси учун Ферузахон ва унинг ҳамкорларига миннатдорчилик билдирдилар.

Унинг меҳнатлари муносиб эътибор топди. Йиллар давомидаги самарали фаолияти ўлароқ, у "Меҳнат шуҳрати" ордени, Мустақилликнинг турли йилларга оид, "Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги", "Меҳр-саховат" кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Онаси, қўли гул чевар Ойимсахон ая қизи Ферузахонни девор-дармиён қўшнисига келин қилиб берган. Турмуш ўртоғи - Ҳабибуллоҳ  билан бахтли оила қурганлар. Икки ўғил, бир қизни тарбиялаб, вояга етказдилар. Сардорбек - ўқитувчи, Шоҳрухбек - фермер, Дилафрўз - ҳамширалик касбини эгаллаганлар. Ҳабибуллоҳ ака  автоҳалокат туфайли ҳаётдан эрта кетди. Бу оғир жудолик пайтида Ферузахонга фарзандлари, набиралари юпанч бўлди. Вақт кўп нарсага даво. Нафақа ёшига етган Ферузахонга маҳалла ишига кўмаклашиш, фаоллар билан тадбирларда иштирок этиш куч-қувват, далда бўларди. Бугун  Ферузахон нафақада. Шундай бўлса-да, айни чоғда "Оқила аёллар" ҳаракатининг етакчиларидан бири сифатида турли тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.  Маҳалла мутасаддилари билан бирга ёшлар иштирокидаги турли учрашувларда қатнашмоқда. Энди ўзи ҳам бир вақтдагидек, шаддод, шижоатли, истеъдодли ёшларни эшитганда, улар билан суҳбатлашганда улардаги фаолликни кўриб, "Тарбия берган ота-онангизга раҳмат", деб қўяди.

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА,

 Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Ислоҳотлар самараси ва инсон қадрини улуғлаш - жамият тараққиётининг муҳим мезони"  лойиҳаси доирасида чоп этилди.