+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

01 Янв 2017

ДИЛ НОМАЛАРИ

(1- сон)

МЕҲНАТ ҚИЛГАН КАМ БЎЛМАЙДИ

Замирахон Кимсанова, "Давр садоси"  газетаси муҳаррири, халқ депутатлари Пахтаобод туман кенгаши депутати.

Мен кўп йиллар давомида матбуот соҳасида меҳнат қилдим. Энг аввало, инсон қадри, меҳнатлари улуғланадиган Ўзбекистондай жаннатмонанд юртда туғилганимга шукроналар келтираман. Шукрки, оилам тинч, фарзандларимни эл-юрт хизматига камарбаста инсонлар қилиб вояга етказдим, уйли-жойли қилдим.

Фаолиятим тақазоси билан мамлакатимизда, вилоят ва туманимиз ҳаётида, халқимиз онг-шуурида бўлаётган ўзгаришларни бевосита кузатиб бораман. Айниқса, мустақилликнинг ўтган қисқа даври мобайнида амалга оширилган ишлар асрларга татийди. Туман ойнаси бўлган газета саҳифаларида ана шу ўзгаришларни, қолаверса, хотин-қизлар ҳаёти ва фаолияти, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш билан боғлиқ материалларни тарих саҳифаларига муҳрлаганимдан фахрланаман. Ҳаётимда шунга амин бўлдимки, меҳнат қилган инсон ҳеч қачон эътиборсиз қолмас экан. Менинг ҳам камтарона меҳнатларим инобатга олиниб, "Шуҳрат" медали билан тақдирланганимдан беҳад мамнунман. 

Якунланган йил кўплаб     хайрли ишлар билан хотирамда ўчмас из қолдирди. "Умра" зиёратини адо этдим. Бир сўз билан айтганда, юртимнинг бахтли аёлларидан бириман. Янги - 2017 йил билан барчани табриклайман. Ватанимиз     тинчлигига, халқимизнинг фаровон ҳаётига асло кўз тегмасин.

 

Маънавиятдан устун нарса йўқ

Зилола Тоштемирова,

Олтинкўл иқтисодиёт коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича

ўринбосари.

Ҳаётда инсон учун маънавий бойликдан устунроқ нарса бўлмаса керак. Чунки ташқи чирой эмас, балки қалб ва идрок гўзаллиги инсонни камолотга етказади. Маънавият кишини руҳан пок бўлишини, қалбан улғайишини таъминлайдиган руҳий куч берувчи манбаадир.

Таъкидлаш жоизки, халқимизнинг миллий маънавияти асрлар давомида шаклланган, унинг тарихи минг-минг йиллар қаърига бориб тақалади. Шу боис ҳам, миллатимиз маънавиятини халқимиз ўтмиши, анъана ва урф-одатлари, қадим миллий қадриятлари, буюк аждодларимиз томонидан яратилган улкан маънавий, илмий мерослардан айро тасаввур қилиш мумкин эмас.

Юксак маънавиятли инсон тарихга, миллий қадриятларимизга ҳеч қачон бефарқ қарамайди, унинг сарчашмаларидан сув ичмасдан яшай олмайди. Ўзининг фаоллиги, эл-юрт ишига қамарбасталиги, Ватан равнақи йўлида фидойилиги, эзгу ва хайрли ишлари билан кўпларга ибрат бўлади. Шу маънода янги йил ҳар бир юртдошимиз маънавиятини янада бойитадиган, қалбларига эзгулик улашадиган йиллардан бири бўлиб қолсин.

 

Қадр топган аёлман

Хайринса ҲАЙДАРОВА, Балиқчи туманидаги "Антекс гроуп" масъулияти чекланган жамияти қайта ўраш оператори.

Мустақиллик ўзбек аёлига бахт, эркин меҳнат қилиш имконини берди. Шу туфайли жамиятимизда илғор ва фаол аёллар сафи ортиб бормоқда. Бугун республикамизнинг чекка-чекка   қишлоқларида ҳам саноат ривожланиб, янги иш ўринлари яратиляпти. Ҳалол меҳнатидан барака топиб, фаровон турмуш кечираётган опа-сингилларимизда мустақил мамлакатимиз эртасига бўлган ишонч ортиб, ўз меҳнатлари билан Ўзбекистон равнақига  ҳисса қўшишни фуқаролик бурчи эканлигини англаб етишмоқда.

Одатда инсон эски йил билан хайрлашиб, янги йилни кутиб олаётган кунларда ортига боқиб, ўтган умрини, бажарган ишларини сарҳисоб қилади.Янги-янги режалар тузади. Шу маънода айтишим мумкинки, мен ўз ҳаётидан кўнгли тўлиб яшаётган бахтли аёллардан бириман.Тўқувчилик касбини танлаб кам бўлмадим. Бу йил меҳнат фаолиятимни бошлаганимга 31 йил тўлди. 2009 йилдан "Антекс гроуп" масъулияти чекланган жамиятида қайта ўраш оператори бўлиб ишлаб келмоқдаман. Калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонамизда  500 дан зиёд хотин-қиз меҳнат қилади. Сўнгги русумдаги замонавий дастгоҳлар меҳнат унумдорлигини ортишига кўмак бермоқда. Ишлаб чиқараётган маҳсулотимизнинг 10 фоизи ички бозорда сотилаётган бўлса, 90 фоизи чет давлатларга экспорт қилинмоқда. Корхонанинг иқтисодий салоҳияти юксалиб боргани сайин ишчилар учун яратилган шароитлар яхшиланиб, моддий манфаатдорлик ҳам ортмоқда. Қизларим Наргиза ва Зарнигор, ўғлим Хайдарали ҳам менинг касбимни танлашган.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига кўра кўплаб юртдошларимиз қатори  мен ҳам "Шуҳрат" медали билан тақдирландим. Мендек оддий қишлоқ аёлининг камтарона меҳнатлари бундай юксак мукофотга муносиб топилганидан қалбим чексиз фахр ва ифтихорга тўлди. Буни  Ватанимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган бутун туманимиз аёлларининг меҳнатига берилган  баҳо деб биламан.

Бундай қадр ва эъзоз учун ҳукуматимиздан, халқимиздан миннатдорман. Менга билдирилган ишончни оқлаш йўлида астойдил меҳнат қиламан. Янги йил юртимиздаги барча хотин-қизларга бахт ва омад келтирисин.

 

 

Интилган албатта, мақсадига етади

Нилуфар КАМОЛКАРИМОВА, "Ипотекабанк" АТИБ Андижон вилоят филиали ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи.

Мамлакатамиз тараққиёти учун банк ва банк хизматининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис бу соҳада ишлаш катта масъулият талаб этади. Шу соҳага қизиқишим кучли бўлгани учун Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаб, 17 йилдан буён банк тизимида фаолият юритиб келаман. Болалигимдан орзу қилган, ўзим севган касбнинг машаққатларига елка тутиб ишлаётганимдан завқ оламан.

Вилоятимиз иқтисодиётини ривожлантиришда банкимизнимнг алоҳида ўрни бор. Айниқса, турли йўналишлардаги кредитларимиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётганлигидан беҳад мамнунмиз. Айни кунда 127 нафар ходим меҳнат қилаётган жамоамиз зиммаларидаги вазифани ситқидилдан адо этиб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётганликларини алоҳида эътироф этишни истар эдим.

Аёл киши учун ҳам ишлаб, ҳам оила ишлари билан шуғулланиш бирмунча қийиндек туюлади, бироқ интилиш ва сидқидилдан меҳнат қилинса, бари кўнгилдагидек бўлишига фаолиятим мисолида амин бўлдим.

Астойдил ҳаракат қилган аёл нафақат, мақсадига етади, балки оиласида, жамиятда ҳам ҳурмат-эътибор топади. Мен ҳам ҳар куни ишдан қайтиб, оилам тинчлигидан хотиржам бўламан, неварамни бағримга босиб, чарчоқларимни унутаман. 

Мана янги 2017 йил ҳам кириб келди. Мен янги йил билан барча аёлларни, ҳамкасбларимни муборакбод этаман. Уларга, оилаларига тинчлик-хотиржамлик ва осойишталик тилайман.

 

МаҲалла тинч - юрт тинч

Муаззамхон Каримова, Улуғнор туманидаги Шаҳриобод маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбиямасалалари бўйича маслаҳатчиси.

Мен ушбу вазифада 2007 йилдан буён ишлаб келаман. Маҳалладаги ҳамжиҳатлик, оилалар тинчлигини мустаҳкамлашдек ҳайрли ишга ҳисса қўшаётганлигим, одамларга нафим тегаётганлигидан хурсандман.

Маҳалламизда айни пайтда 519 та оила тинч-фаровон истиқомат қилмоқда. 2750 нафар аҳолининг 1400 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалламизда фаоллар ҳамда турли йўналишларда иш олиб бораётган доимий комиссия аъзолари ҳамкорлигида оилаларнинг тинч, фаровон ҳаёт кечиришлари, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ўртасида салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш, тўй, маърака ва бошқа маросимларни ихчам ва дабдабасиз ўтказиш, умуман, барча йўналишлар бўйича кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ижобий натижаларга эришяпмиз.

Маҳалламизда қандолатчи Қумрихон Раҳмонова, оилавий тадбиркор Қимматхон Тўрақулова, чеварлар Умринсо Икромова ва Хуршидабону Шeрматовалар самарали фаолият юритиб келмоқда.

Прeзидeнтимиз ташаббуси билан кириб кeлаётган янги йил "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дeб эълон қилинди. Бундан айниқса, биз маҳалла ахли бeҳад қувондик. Чунки жорий йилда фуқаролар манфаатлари ҳимоясига эътибор янада кучаяди. Янги йил барча юртдошларимизга бахт ва омад олиб келсин.

 

ХАЛҚИМИЗ ДАСТУРХОНИ ТЎКИН БЎЛСИН

Махбубахон КЕНЖАЕВА, Бўз туманидаги "Маҳбубахон Кенжаева" фермер хўжалиги раҳбари.

Тан олиб айтиш керакки, мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида деҳқонларга улкан имкониятлар эшиги очиб берилди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, фермерлик фаолиятини ривожлантириш, фермерларнинг эркин фаолият юритишлари учун қулай ва зарур шароитлар яратилди. Фермерлик ҳаракатининг дастлабки йилларидан бошлаб шу соҳада фаолият юритиб келаман. Ҳозирда хўжалигимиз 70 гектар майдонда деҳқончилик қилади, 40 нафар аъзоимиз бор. Уларнинг самарали меҳнатлари билан дон етиштириш ҳамда ғўза парваришидаги барча  ишлар ўз вақтида, агротехник талаблар асосида олиб борилмоқда. Шу боис ҳам ҳар йили ғалла ва пахтадан юқори ҳосил олиб, белгиланган режаларни ортиғи билан бажариб келамиз.

Фермерликнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Айниқса, бу иш масъулият, қунт ва жонкуярлик талаб этади. Шукрки, меҳнат қилиб кам бўлмаяпмиз. Замонавий уйлар қуряпмиз, тўйлар қиляпмиз. Оиламиз бут, дастурхонимиз тўкин. Буларнинг бари юртимиз тинчлиги, инсон меҳнатининг улуғланишидан. 

Бугун бахтли оиланинг бекаси, уч нафар фарзанднинг онаси, етти набиранинг бувисиман. Уларнинг камолини кўриб қувонаман. Аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ва бунга эришиш учун инсонда сабр-тоқат, меҳнатсеварлик, куч-шижоат ва албатта, ҳамжиҳатлик керак бўлади.

Янги йил деҳқон ва фермерларимиз, юртимиз учун баракали йил бўлишини тилайман, халқимизнинг дастурхони тўкин бўлсин.