+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Май 2023

Чиройли турмушга меҳнат ила эришдик

Ибратли фахрийларимиз

Бугун орамизда ўзининг оқила ва зукколиги, бой ҳаётий тажрибаси билан кўпларга ибрат бўлиб яшаб келаётган онахонларимиз талайгина.   Пахтаобод тумани Шомат маҳалласида яшовчи Арофатхон ая Асқарова ана шундай пиру бадавлат онахонлардан биридир.

 Арофатхон ая 1968 йилда Қиргизистондан Пахтаободга келин бўлиб тушган. Яқинларидан олисда, янги хонадонда, турмуш қийинчиликларига сабр қилиб яшади, қайнона, қайнотасининг хизматини қилиб дуоларини олди. Унинг янги жойга кўникиши, чиройли турмуш кечиришига турмуш ўртоғи раҳматли Ҳабибулло ота ёрдам берди, ҳар ишда унга кўмакдош бўлди.

-  Касби  она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлган Ҳабибулло ота  қаттиққўл бўлса-да, лекин меҳрибон инсон эди, - дейди Aрофатхон ая. - У киши билан узоқ йиллар аҳил-иноқ яшаб, қўша-қўша фарзандларни эл қаторига қўшдик. Аллоҳга чексиз шукрлар бўлсин, кам бўлмадик.

Бугун  маҳаллада Aрофатхон аяни танимаган, унинг оиласини билмаган  инсоннинг ўзи йўқ. Маҳалладаги энг намунали оилалардан бири бўлган ушбу оила эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган.

Aрофатхон ая раҳматли турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзандига чиройли тарбия берди, ўқитди, уйлаб-жойлади. Бугун уларнинг фарзандлари эл-юрт ишига камарбаста инсонлар бўлиб, кўплаб хайрли ва савобли ишларга бош-қош бўлишмоқда.

- Сабрнинг таги сариқ олтин, деган ҳикмат бежиз айтилмаган экан, - дейди Арофатхон ая. - Борга, йўққа, яхши-ёмон кунларга сабр қилдим. Турмушимизни чиройли қилиш учун меҳнатдан қочмадим.

Онахон 1995 йилгача тумандаги собиқ Ёқубов номли жамоа хўжалигининг 7- бригадасида ишлаб, нафақага чиқди.

-        Турмуш ўртоғим ишлама, болалар тарбияси билан шуғуллан, деса-да, колхозда ишладим. Чунки меҳнат қилишни жуда яхши кўраман. Отам раҳматли "Ишлаган кам бўлмайди, оилада ҳам, одамлар орасида ҳам ўз ўрнини топади" дер эди. Далада ер чопдим, пахта тердим, ипак қурти боқдим. Бирор кун уйда қолсам, зерикиб қолар эдим. Оз бўлса-да, оиламга даромад киритишга, турмушимизни чиройли, тўкис бўлишига ҳаракат қилдим.  

Бугун Арофатхон ая маҳалланинг пиру-бадавлат онахонларидан, маҳалладаги бирор тадбир, маросим усиз ўтмайди. Ёш оилаларни аҳил-иноқ яшашга, маросимларни ихчам, камчиқим ўтказишга  чақиради, маслаҳатлар беради, дуолар қилади.

Табиатан содда, камтар Арафатхон ая бугун нафақат фарзанд ва набиралари, балки бутун маҳалла аҳлининг ардоғида яшамоқда. Юртимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлиги учун шукрона келтириб, эртаю кеч дуода. 

Мазмунли ва гўзал ҳаёти, ҳалол ва меҳнатсеварлиги билан одамлар ҳурмат-эътиборини қозонган Арофатхон ая сингари онахонларимиз бахтимизга ҳамиша соғ-омон бўлсин.

Моҳимбону СОБИРОВА,

жамоатчи мухбир.