+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

05 Нояб 2020

Шоирлик қисматдир...

Бизнинг суҳбат

Мунаввара Усмонова - қалби ёруғ шоира. У борлиққа тийрак нигоҳ билан боқади. Воқеликдан шеърий фалсафа ахтаради. Ватан ва халқнинг бунёдкорлик қудратини, нурафшон келажагини ғурур-ифтихорга тўлиб куйлайди. Муҳаббатнинг хушнуд дамлари-ю ҳижрон аламларини юрак-юракдан тараннум этади. Ўз бахтини фарзандлар бахти билан пайваста кўради. Ота-онага юксак эҳтиром, уларнинг айрилиғидан интиҳосиз андуҳ оҳангларида ҳам такдир зарбаларига тоқат, азалий қонунларга итоат, ҳаётга бўлган оташин муҳаббат барқ уриб туради. Шоиранинг сермазмун тўртликларида ҳам фикр ва эҳтирос уйғунлашиб кетган. Хуллас, шоира адабиётда ўз овози, ўз оҳангига эга ижодкордир.

Шеър, шеърият, она тилимиз ҳамда шоиранинг орзу ва армонлари хусусидаги ушбу суҳбат орқали Мунаввара опанинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан танишишга ҳаракат қилдик.

- Мунаввара опа, Сизнингча ижодкорнинг жамиятдаги ўрни қандай бўлиши керак?

- Ижодкор жамиятда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиши керак. Инсон ўзи қандай шаклланса, жамиятда, жамоатчилик ўртасида ҳам шунга яраша ўрин тутади. У ўзини ким деб ўйласа, қандай қадам ташласа ва қандай хислатга эга бўлса, ана шу жиҳатларга мос ўрин топади. 

Умуман, ижодкор жамиятда алоҳида ўрин тутиши керак. Нафақат, ижодда, балки фаолияти, атрофдагилар билан муомала-муносабатида ҳам самимий ва яхшиликларга ёр бўлиши лозим. Ижодкор кўпчилик пайқамаган жиҳатларни, жараёнларни кўра олиши, энг муҳими ҳар бир масала юзасидан ўзининг фикри, қараши бўлгани яхши. Шундагина у ижодкор, жамиятнинг илғор вакили сифатида ўз ўрнига эга бўлади.

 

- Илк шеърингизни неча ёшда ва нима ҳақда ёзгансиз? 

- Менинг илк шеърим "Ўрик гули" деб номланган. Адашмасам, 5-синфда ўқиётганимда ёзганман. Албатта, ўша шеърни камчиликларсиз, зўр шеър деб бўлмайди. Лекин, ижодимнинг илк намунаси сифатида ўша шеър мен учун жуда қадрли. Шеър Марҳамат тумани "Оқ олтин" газетасида эълон қилинган. Шеърим чиққан газета то турмушга чиққунимга қадар ёстиғим тагида турган.

 Марҳамат туманидаги 10-умумтаълим мактабида ўқиганман. Ўшанда қайси ўқувчининг шеъри ёки мақоласи газетада чиқса, кутубхона ойнасига ёпиштириб қўйиларди.

Биринчи шеърим эълон қилинганидан руҳланиб, тез-тез мақола ва янги шеърлар ёзиб, таҳририятга тақдим этиб турардим. Менинг ҳам чоп этилган шеърларим, кичик-кичик хабарларим шу ойнадан кўп бор жой олган. Шу боис, устозларимнинг менга нисбатан меҳри, ҳурмати ўзгача эди.

 

- Шеърият, адабиётга бўлган қизиқиш, истеъдод кимдан ўтган? Оилангизда шоирлар бўлганми?

- Уруғ-авлодимизда шоирлар йўқ. Балким, шажарамиз вакиллари-аждодларимда бўлгандир, аммо мен билганларим орасида йўқ. Дадам раҳматли оддий ҳайдовчи бўлса-да, адабиётга ошуфта инсон эди. Уйимиз тўла газета ва журналлар бўларди. Маҳалламизга ҳам кўп газета-журналлар бизникидан тарқаларди. Қайси газета ўқишли бўлса, дадам раҳматли албатта, обуна бўларди. Дадамдаги иштиёқ, маънавиятли бўлишга интилиш, ўқиш, уқишга бўлган чанқоқлик оиламизнинг ҳар бир аъзосида   шаклланган.

Ўша дамларни хотирлаб туриб, баъзан ўйлаб қоламан. У пайтлардаги турмуш даражаси билан ҳозирги инсонларнинг турмуш даражаси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Биз оилада 12 фарзанд эдик. Лекин, шундай бўлса-да, дадам рўзғордан ошиниб, газета-журналларга обуна бўлар,            китоблар олиб берарди. Ҳозир-чи? Оилаларда кўпи билан 2 ёки 3 та фарзанд. Ўсмир ёшдаги фарзандига замонавий русумдаги телефонни олиб беришга қурби етган ота-она китоб олиб беролмайдими? Ёки ҳеч бўлмаса, лоақал битта газетага обуна қилиб қўёлмайдими?

"Қуш уясида кўрганини қилади", дейди доно халқимиз. Маданият, маънавият, юксак инсоний фазилатларнинг барчаси болага ота-она тарбиясидан, оиладан синггади. Маслаҳатим - китоб ўқиш керак. Ўқигандаям танлаб, уқиб ўқиш керак. Инсоннинг сотмайдиган дўст, тарк этмайдиган қадрдони бу             китобдир. Умуман, қўлига қалам олиб, адабиёт майдонига қараб одимлаётган ёшларга ҳурматим баланд.

 

- Шоирликка қандай таъриф берасиз?

- Шоирлик - унвон ёки мартаба эмас, шоирлик қисматдир. Шеър эса кўнгил мулкидир. Истеъдод  - Яратган томонидан бериладиган неъмат. Бу истеъдодни юзага чиқариш учун тинимсиз меҳнат, қунт, сабот ва ирода керак. Ҳеч қандай орзу ўз-ўзидан амалга ошмайди. Шундай экан, ҳамиша интилиш ва изланишда бўлиш, меҳнат қилиш, Тангри инъом этган буюк неъматнинг қадрига етиб яшаш лозим.

 

- Тилимизга давлат тили мақоми берилганига ҳам 30 йилдан ошди. Сизнингча, бу давр мобайнида ўзбек тили равнақ топдими? Унга бўлган эътибор ва ғамхўрлик қай даражада?

- Яхши эслайман, 19 ёшимда бир танловда лауреат бўлиб Москвага борганман. Минбарга чиқиб гапириб, охирида   хурсандлигимдан ўзбек тилида миннатдорчилик билдирганман. Уйга қайтганимиздан сўнг, ўзбек тилида гапирганим учун анча сўроқ-саволларга жавоб беришга тўғри келган. Айниқса, ота-онам анча азият чекканди ўшанда. Шукрки, у кунлар ўтиб кетди. Ҳозирги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда. Давлатимиз томонидан маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш, жумладан, таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган ўнлаб фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига бевосита хизмат қилмоқда.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фаолияти йўлга қўйилди. Пойтахтимиз марказидаги Миллий боғ ҳудудида Адиблар хиёбони бунёд этилди. Она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодимизга етказиш мақсадида юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилди.

Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида энг аввало ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиш учун зарур барча шароитлар яратилмоқда.

 

- Орзу ва армонларингиз...

- Ҳаётда нимаики орзу қилсам, Оллоҳ беряпти. Анча йиллар кўп қаватли уйда истиқомат қилдик. Гуллар ўстиришни ҳавас қилардим. Турмуш ўртоғим билан биргаликда йиғиб-териб, ваниҳоят ҳовли сотиб олдик. Хонадонимизда ҳам мўъжаз гулхонам бор, ишхонам токчалари ҳам тўла гул. Ўзим парвариш қилиб ўстираман. Шукр, қилган барча орзу-умидларим рўёбини кўряпман.  

Ҳаёт фақат шодлик, байрамлардан иборат эмас. Яқинда бошимдан бир синов ўтди, аммо, буни ҳам ёмон кун деб айтолмайман. Ҳаққим йўқ. Ерни босиб юрганимга, тунда кўз юмиб, тонгда уйғонганимга шукр қиламан. Ахир, дунёга келиб орзу-ҳавас кўрмай кетганлар қанча. Ўғил-қизларим, қолаверса, озми-кўп ижодим бор. Устозларимиз Зулфияхоним, Ойдин Хожиевалар фаолият юритган онахон журнал "Саодат" журналининг раҳбариман. Шу кунларда Бобурий маликалар ҳақидаги бир достон устида ишлаяпман. Андижон фарзанди сифатида мен ўзимни бунга қарздорман, деб биламан. Насиб қилса, яқин кунлар ичида тугаллаш ниятидаман.

Олам асли ўтгувчи йўлак,

Кимдир келиб, кимдир тарк этар.

Кимда армон, кимдадир тилак,

Шоҳ ҳам ўтар, гадо ҳам ўтар.

 

Қисмат экан, ўйланиб, толдим,

Она, сизсиз қийналиб қолдим.

Борингизда юрдим ғам емай,

Ўйламасдим яхши ёмонни.

Ўстирдингиз, бизни сен демай,

Ким ўйлайди, мен  бағри қонни.

Донишмандга айланиб қолдим,

Она, сизсиз қийналиб қолдим.

      

Мен суҳбатни шоиранинг мазкур шеъри билан тугалламоқчи эдим. Шунда Мунаввара опа яқинда орамизни тарк этган, шеърнинг мухлислар орасида кенг қулоч ёйишига сабабчи бўлган моҳир сухандон ва хонанда Шуҳрат Қаюмовни хотирлаб ўтишимизни илтимос қилдилар. Мазкур шеър ҳеч қаерда эълон қилинмаган, Шуҳрат Қаюмовнинг илтимосига биноан ёзилиб, чиройли қўшиқ бўлган экан. Концерт дастурида ҳам айнан шу қўшиқ энг кўп олқиш олганди!

- Бу йил жуда кўп йўқотишларни бошдан кечирдик. Ўтган яқинларимиз, биродарларимизни Оллоҳ раҳматига олсин. Ҳеч бир хонадонда бевақт ўлим, бехаловатлик бўлмасин, - дейди шоира.

Шу ўринда ўзбек адабиётида ўз ўрни, ўз овозига эга,  халқимизнинг суюкли ижодкорларидан бири, қолаверса, опа-сингилларимиз ҳаёти, ибратли фаолияти ва ижодини кенг тарғиб этиш, қувонч-ташвишларини ёритиш ҳамда эл-юрт равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган Мунаввара Усмонованинг ишларида, ижодида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

 

Аббосбек ҲАБИБУЛЛАЕВ суҳбатлашди.