+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

09 Окт 2016

"МАЛАЛА ЮСУФЗАЙ - ТИНЧЛИК БЎЙИЧА НОБЕЛЬ МУКОФОТИНИНГ ЭНГ ЁШ СОҲИБАСИ"

(42- сон, 2016 й. Дунё машҳуралари)

Малала Юсуфзай - покистонлик қиз, бутун дунёда қизларнинг таълим олиш ҳуқуқи курашчиси, тинчлик тарғиботчиси сифатида 2014 йилда 17 ёшида тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Малала Юсуфзай 1997 йил 12 июлда Покистонда, Сват водийсининг Мингора шаҳрида туғилган. Унинг исми инглиз-афғон урушлари қатнашчиси бўлган қаҳрамон аёл Малалай шарафига қўйилган. Аслида "Малала" сўзи "қайғу ёки мусибатда эзилган" маъносини англатиб, бу нарса Малаланинг кейинги тақдирида ўз ифодасини топади.

2009 йилнинг бошларида Малала Юсуфзай яшаб турган Сват водийси толибон жангарилари томонидан эгалланади. Ҳудудда кечаю-кундуз нотинчлик ҳукм суриб, рўй бераётган отишмалар сабаб аҳолининг тинч ҳаёт тарзи издан чиқади. Жангарилар қизларнинг мактабга қатнашларини қатъиян маън этадилар. Қизларга таълим берувчи мактаблар эса бузиб ташланади.

Малала Толибон жангариларининг бундай бедодликларига қарши фақатгина қалам билан, матбуот билангина жавоб бериш мумкинлигини тушуниб етади. Ахир унинг яхши билим олиб келгусида малакали шифокор бўлиб етишишдек эзгу мақсади бор эди. Отасининг кўмаги билан Сват водийси ҳақида, қизларнинг билим олишлари таъқиқлаб қўйилгани, мактаблар, маданият ёдгорликларининг ваҳшийларча бузиб ташланаётгани ҳақида баён қилган кундалик қўлёзмаларини халқаро ва маҳаллий матбуот нашрларида эълон қилади. Аввалига унинг шахси сир сақланади. Бироқ тез орада у ҳақида ҳужжатли фильм тайёрланади, интервьюлар бера бошлайди. Адолатсизликка қарши ҳайқирган ёш қизалоқ - Малала Юсуфзай  машҳур бўлиб кетади. Толибон тўдаларининг унга қарши таҳдидлари бошланади.

2012 йил  9 октябрда Малала Юсуфзай ўтирган автобус ниқобланган қуролли тўда томонидан тўхтатилади ва бир жангари автобусга чиқиб, болалардан Малалани сўрайди. Айтмасангиз, ҳаммангизни соғ қўймайман, дея таҳдид қилади. Малалани аниқлагач, унга қарата ўқ узади.  Бахтли тасодиф туфайлигина у омон қолади. Фақат ёғдирилаётган ўқлар тизими унинг ва орқасидаги икки қизнинг боши ва бўйнидан ўтиб елкасини жароҳатлайди. Оғир яраланган қизларни Пешовардаги ҳарбий касалхонага олиб келадилар. Бу ерда Малаланинг аҳволи бироз ўнглангач, уни самолётда Буюк Британиядаги Бирмингем шаҳар касалхонасига келтирадилар. Орадан бир йил ўтиб, Малала бутунлай соғаяди.

Малала Юсуфзайга суиқасд нафақат Покистон, балки бутун дунёда қаттиқ норозиликка сабаб бўлади. БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ушбу  воқеани "қўрқоқлик ва номардлик" деб атайди.

Малала Юсуфзай ўзининг 16 ёшини қаршилаган кун - 2013 йил 12 июлда БМТда қуйидагича чиқиш қилади: "Ассалому алайкум, қадрли дўстлар! 2012 йил 9 октябрда жангарилар томонидан менинг бошимга қарата ўқ узилди. Бу ўқ нафақат мени, балки икки ўртоғимни ҳам оғир яралади. Террорчилар бу ўқ билан бизни тўхтатамиз, жим қиламиз, деб хато ўйладилар. Улар менинг мақсадимни ўзгартира олмадилар. Аксинча мендаги ожизлик, қўрқув ва умидсизлик ўрнини куч, шижоат ва мардлик туйғулари эгаллади... Бугун дунёда мактабга бориш имкониятидан маҳрум 57 миллион боланинг 31 миллион нафари қиз болалардир. Ватаним Покистон ва дунёнинг     бошқа кўплаб жойларида қизлар балоғат ёшига кирмасдан турмушга берилмоқда. Уларнинг таълим олиш ҳуқуқлари инобатга олинмаяпти...  Биз қизларнинг таълим олишига ҳамда уларнинг бу ҳуқуқлари учун курашаётганлар ишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак". Малала Юсуфзайнинг бу нутқи кўплаб ривожланаётган мамлакатларда таълим масаласига алоҳида эътибор берилиши кераклигини кўрсатди.

2013 йил октябрда журналист Кристина Ламбнинг Малала Юсуфзайнинг таржимаи ҳоли асосидаги "Мен Малала: Қизларнинг таълим олиш ҳуқуқлари учун курашган ва толибон жангари томонидан жароҳатланган қиз ҳикояси" китобини нашр этадилар. Китоб Ҳиндистонда бир неча тилларда нашр этилади. Китобнинг Нил Васвани томонидан ҳикоя қилинган аудионусхаси 2015 йилда "Болалар учун энг яхши альбом" номинацияси бўйича халқаро мукофотга лойиқ кўрилади.

2013 йилда "Time" журнали Малала Юсуфзайни энг    машҳур инсонлар рўйхатида иккинчи ўринга қўяди. Айнан "Time" журнали унинг номзодини     тинчлик бўйича Нобель мукофоти учун икки марта: 2013 ва 2014 йилларда илгари суради. Ниҳоят, 2014 йилда Малала ҳиндистонлик Кайлаш    Сатьяртхи билан биргаликда "болалар ва ёшларни қийнаб ишлатишга қарши ва барча болаларнинг таълим олиш ҳуқуқлари йўлидаги курашлари учун"  тинчлик бўйича Нобель мукофотини қўлга киритади. Малала Юсуфзай тарихдаги Нобель мукофотининг энг ёш соҳибаси саналади.

Малала Юсуфзай 2015 йил 12 июлда Ливан ва Иордания мамлакатларида суриялик қочоқ қизлар учун мактаб очади. Мактабларнинг моддий таъминоти ва қизларнинг стипендияси унинг Malala Fund деб номланган жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Равшанбек АБДУРАҲИМОВ.