+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

21 Июнь 2019

ВИЛОЯТ ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ ФАОЛ НУРОНИЙ АЁЛЛАРИНИ ВИЛОЯТИМИЗНИНГ БАРЧА НУРОНИЙ ОНАХОНЛАРИГА М У Р О Ж А А Т И

Азиз опа-сингиллар! Умр сўқмоқларида улкан ҳаётий тажриба тўплаган қадрли онахонлар!

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёш авлодга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги билан бугун ёшларимизнинг билимли, юксак маънавиятли, салоҳиятли, етук ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Юртбошимизнинг ташаббуси билан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган беш муҳим ташаббус ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Ана шу ташаббуснинг тўртинчи йўналишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш белгиланган.  Юртбошимиз бежизга мазкур масалага алоҳида эътибор қаратмади. Чунки китоб - илм чироғи, тараққиёт маёғидир.  Илм, тафаккур бўлмас экан, инсон камолотга эриша олмайди, жамиятда эса тараққиёт, юксалиш бўлмайди. Демак, юрт равнақи, буюк давлат, миллат бўлишимиз кўп жиҳатдан бугунги ёшларга, уларнинг билимдонлигига, тафаккурига, маънавиятига боғлиқ. Ёшларимиз қачон билимли, юксак тафаккур ва маънавият эгаси бўлади, қачонки китоб ўқиса, мутолаа қилса.

 Ёшлар умид билан яшайди, кексалар эса хотира билан. Шундай экан, келинг, ўз ҳаётимизнинг ёрқин хотиралари билан ёшларимизнинг умидларига қанот бағишлайлик. Шу маънода биз кексалар оилаларимизнинг тинч-тотувлиги, ундаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш нечоғли муҳим эканлигини бошқалардан кўра теранроқ англаймиз. Биз фарзандларимиз, набираларимизга оилада ўзимиз тамал тошини қўйган таълим-тарбия, одоб-аҳлоқ борасида ибрат бўлайлик.

 Ахборот асри деб эътироф этилаётган айни даврда замонавий ахборот технологиялари, интернет ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тобора чуқурроқ кириб бормоқда.  Бу жараён қатор қулайликлар яратиш билан бирга, ёшларни ўз домига тортиб олмоқда. Ёзма манбаалар, газета, китобни четга суриб қўймоқда. Маънавиятимиз, миллий қадриятларимиз илдизига болта ураётган ана шу жараёнда биз хушёр бўлишимиз, фарзандларимиз ва набираларимизнинг китобга муҳаббатни кучайтиришга, мутолаа завқини ҳис этишларига астойдил кўмаклашишимиз муҳимдир. Ўзимиз ёшлигимизда ўқиган китоблар, бизга бир умр дўст, ҳамроҳ бўлиб қолган адабий қаҳрамонларимиз ҳақида уларга кўпроқ сўзлаб берайлик. 

Азизлар! Инсон олтмиш ёшдан кейин чинакамига пишиб етилади, бошқаларга сабоқ бўладиган ҳикматлар, ишларни тушунади, англаб етади. Биз ўзимизнинг бой ҳаётий тажрибамиздан келиб чиқиб, китоб мутолааси нечоғли фойдали ва зарур эканини ёшларимизга тушунтирайлик. Зеро, улар бизнинг эътиборсизлигимиз учун тўғри йўлдан адашмасин, вақтлар келиб азият чекмасин.

 Кексалик илм ахли учун ҳосил давридир. Ана шу яратган ҳосилимиз, билимимиз    дастурхонига ёшларни таклиф қилайлик. Улар сизнинг мўъжазгина, баҳоли қудрат тўплаган кутубхонангиз           китобларидан баҳраманд бўлсин. Сиз сўзлаб берган хотиралар уларда китоб ўқишга бўлган иштиёқни кучайтирсин. 

Келинг, биргалашиб ёшларнинг ёнига кирайлик, қўлимиздан келганича уларнинг қалбларида маърифат чироғини ёқайлик. Инсон фақат билим олиш, китоб ўқиш билангина юксак марраларни забт этиши мумкинлигини тушунтирайлик.

 Унутмайликки, меҳнат, ижод, хайрли ишлар кексайишни секинлаштиради, жисм ва руҳимизга ҳузур бағишлайди.  Шундай экан,  умуммиллий ғоядан руҳ олган, эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган     хайрли ишлар - бизнинг ҳамроҳимиз, доимий машғулотимизга айлансин. Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусда белгиланган вазифаларни  амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Ёшларимизнинг маънавиятини ошириш, уларнинг китобга муҳаббатини, китоб ўқишга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини бойитиш, бебаҳо дур бўлмиш китобни асраб-авайлашга ўргатайлик.

Умр қисқа, ўткинчи. Лекин инсон ўз фарзандлари, набиралари тимсолида асрлар оша яшайверади. Шундай экан, биз уларни қандай инсонлар бўлишига бефарқ бўлмаслигимиз, имкон қадар уларнинг илмли, маънавиятли бўлишларига бош-қош бўлайлик.

 

Манзурахон Эгамова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ

хўжалиги ходими.

 

Махбубахон

 Музаффарова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият

ходими.

 

Замирахон Тиллаева,

«Дўстлик ордени» соҳибаси.

Тожибархон ЮлдаШева,

сенатор.

 

Шохидахон Юсупова,

вилоят «Олима» уюшмаси раиси.

 

Муҳаббат Отамирзаева,

 

фахрий журналист.