+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

19 Окт 2018

ФАРЗАНД - ОИЛА ҚУВОНЧИ

Мутахассис минбари

Ҳар бир инсон фарзанд кўришни, ўз фарзандининг соғлом, бақувват ва комил инсон бўлиб улғайишини орзу қилади. Бироқ, орзуга етиш учун хоҳишнинг ўзи етарли эмас. Бунда ҳар бир ота-она, ҳар бир шахс ақл-идрок билан кўп меҳнат қилиши керак. Бу меҳнат уларнинг ўз соғликлари учун масъулиятли бўлиш ҳиссидан, бу йўлдаги саъй-ҳаракатлардан иборат. Аммо ҳамма ҳам бу нарсани бирдай ҳис қилавермайди.

Бир куни ҳузуримга кекса ёшдаги бир аёл маслаҳат сўраб келди. Якка-ю ёлғиз қизидан ёдгор набирасини турмушга узатибди. Қиз соғлом, бақувват, ҳеч қандай юқумли касалликларга ҳам чалинмаган, аммо орадан 3 йил ўтса ҳамки, ҳомиладор бўлмабди. Текширувлар натижаси  келинчакда торч инфекцияси борлигини кўрсатибди. Шифокорлар эр-хотин биргаликда кўрикдан ўтишлари, лозим бўлган тақдирда баравар даволанишларини айтишибди. Аммо, бу гаплардан куёвнинг жаҳли чиқибди. "Менинг касаллигим йўқ", деб текширувлардан бош тортибди. Қайнона эса илмоқли гаплар билан келинга кун бермаётганмиш. "Набирамда бундай инфекция йўқ эди, куёвидан юққан бўлиши мумкин-ку", дея куюнарди аёл.

Аёлга бир амаллаб келин-куёвни ҳузуримга олиб келишини айтдим. Ёшлар келишганида эса уларга организмдаги турли ўзгаришлар фарзандсизлик, бепуштлик ҳолларини келтириб чиқаришини, бошқача айтганда, ўзидан зурриёд қолдириш учун  жуфтликнинг иккиси ҳам соғлом бўлиши кераклиги, бунинг учун энг биринчи навбатда, текширувлардан ўтиб, лозим бўлса даволаниши кераклигини тушунтирдим.

Аёл яқинда ҳузуримга ўша набираси билан яна келди. Келин-куёв текширувдан ўтганида куёвнинг қонида инфекция борлиги аниқланибди. Жуфтлик даволангач, келинчак ҳомиладор бўлибди. Уларнинг миннатдорчилигини эшитиб, оила қувончига ҳисса қўшганимдан хурсанд бўлдим.

Агар келинчак ҳадеганда хомиладор бўлавермаса, баъзи қайноналар дарров келинлардан айб ахтаришга тушади. "Балки, муаммо ўғлимда ҳам бордир", деб ўйлаб кўришмайди. Шунинг учун ҳам никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда аниқланган касалликларни ўз вақтида даволаш ўта муҳим. Буни ёшларимиз тўғри англамоқлари лозим. Чунки бу умумжамият манфаатлари, миллат келажаги билан боғлиқ масала ҳисобланади.

Жорий йилнинг ўтган даври  мобайнида 28 мингдан зиёд никоҳланувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилди ва аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштириш ишлари олиб борилди.

Бугунги кунда соғлом авлодни камолга етказиш учун аёлларгина эмас, эркаклар ҳам масъул эканлигини кўпчилик  англаб етмаяпти. Чекиш, спиртли ичимликларни мунтазам равишда ичиш, ахлоқий нопоклик каби иллатлар наслга таъсир этиши, зурриёдларнинг носоғлом туғилишига сабаб бўлишини ҳар бир ота, бўлажак куёв, балоғат остонасида турган ўсмир унутмаслиги керак. Шунинг билан бирга, аёлга табиатнинг нозик мавжудоти сифатида қараб, унга ҳар томонлама кўмак бериш лозимлиги, уни оғир меҳнатдан, тушкун ҳолатлардан, руҳий зўриқишлардан эҳтиёт қилиш ҳар бир эркакнинг инсоний бурчи эканлигини унутмаслик лозим.

Соғлиқни сақлаш вазирининг қарорига асосан жорий йилнинг 17 сентябридан 20 октябрига қадар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида     "Соғлом аёл ойлиги" тадбирлари уюшқоқлик билан               ўтказилмоқда.

Ушбу ойликда умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалари томонидан 700 мингдан зиёд туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўрикка жалб этилди.

Тиббий кўрикларни сифатли ўтказилишида лаборатор таҳлиллари, УТТ текширувларини амалга ошириш, зарурат туғилганда қўшимча мураккаб турдаги текширувларни амалга ошириш муҳим ўрин тутади. Айниқса, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашда, соғлом фарзандлар дунёга келишида туғруқлар орасидаги мақбул муддатларга риоя этишни аҳолига тарғиб этиш, лозим бўлган ҳолатларда аёлларни замонавий контрацепсия воситалари билан қамраш ишлари амалга оширилмоқда.  Бундан ташқари, октябрь ойи давомида   ҳар бир шаҳар ва  туманларда ташкил этилган "Саломатлик мактаби" қошида "Саратон касалликлари ва унинг олдини олиш", "Ҳомиладорлар гигиенаси", "Репродуктив саломатлик", "Кундалик иш тартиби" каби масалалар тарғиб қилинмоқда.

Вилоятнинг Избоскан ва Жалақудуқ, Олтинкўл, Балиқчи, Марҳамат тумани тиббиёт бирлашмаларида бўлган вилоят ишчи гуруҳи томонидан бирлашмаларнинг кўп тармоқли марказий поликлиникаларида, қишлоқ врачлик пунктларида ва оилавий поликлиникаларида мазкур ойликни намунали ташкил этилганлиги эътироф этилди. Муассасаларга келаётган хотин-қизлар ўтказилган суҳбатларда республикамизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишлари тобора юксалиб бораётганлигидан мамнун эканликларини эътироф этмоқдалар. Айниқса, тиббий кўрик натижалари нафақат ўзларини, балки оила аъзолари-қайноналари, турмуш ўртоқларини ҳам бу ишга бефарқ қарамасликка олиб келаётганини  таъкидламоқдалар.

 Фарзанд - оила қувончи. Ана шу қувончга эришиш ўз-ўзидан, осон бўлмайди албатта. Бунинг учун юқорида айтганимдек, ҳар икки жуфт, айниқса, аёллар соғлом бўлиши керак. Ана шундагина бахтли ва мустаҳкам оилани барпо эта оламиз. 

 

Гулнаҳор АБДУЛЛАЕВА,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси оналик ва болаликни муҳофаза

қилиш бўлими бошлиғи.