+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

20 Сен 2018

Она ва бола саломатлиги - миллат келажагини белгилайди

Саломатлик - туман бойлик

Ҳар бир миллат келажагини жисмонан ва руҳан соғлом авлодлар белгилайди. Шу маънода кейинги йилларда мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар  саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қатор фармон ва қарорлар қабул қилиндики, ана шу ҳужжатлар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. 

Хусусан, туғиш ёшидаги аёлларнинг саломатлигини асраш, туғиш интервалини сақлаш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, ҳар бир оилада, аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини    шакллантириш орқали соғлом оилани вужудга келтириш борасида бутун юртимизда бўлгани каби туманимизда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Чунки соғлом ва барқарор оила ҳаёт абадийлигини, эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз саломатлигини, авлодлар давомийлигини, миллий анъана ва удумларимиз умрбоқийлигини таъминлайдиган муқаддас маскандир.

Қўрғонтепа туманида айни кунда  102 минг нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади, уларнинг  41 минг нафардан зиёдини туғиш ёшидаги аёллар ташкил этади. Жорий йилнинг ўтган даврида фертиль ёшидаги аёлларнинг 4 минг 378  нафари, шунингдек, 4679 нафардан ортиқ ўсмир қизлар режа асосида тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида турли хасталиклари аниқланган 3 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар даволанишга жалб этилди.

Баъзан шундай ҳолларга дуч келамизки, янги чақалоғи бўлган келиндан аввалгидек уй-рўзғор ишларини бажариш талаб қилинади. Унинг овқатланишига эътибор берилмайди. Натижада ёш она чақалоқ парваришида қийналади. Бу эса кичкинтойнинг тез-тез касалланишига, нимжон ўсишига олиб келади. Бундай ҳолатларда баъзи қайноналар келинини  ношудликда айблайди.

Маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ана шу каби ҳолатларга йўл қўймаслик, хотин-қизлар саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини   шакллантириш, уй бекалари, ёш оналарнинг тиббий билим ва саводхонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, тиббиёт ходимлари иштирокида "Она ва бола саломатлиги - муҳим масала", "Соғлом онадан соғлом бола туғилади", "Соғлом турмуш тарзи саломатлигимиз гарови", "Тиббий кўрик  ва никоҳ", "Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари" сингари қатор мавзуларда тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирларда соғлом турмуш тарзи опа-сингилларимиз ҳаётнинг муҳим жиҳати эканлиги, бунда улар ўзининг ва атрофидагиларнинг соғлиғини сақлаш, мустаҳкамлаш ва келиб чиқиши мумкин бўлган турли касалликларнинг олдини олиш, шахсий гигиена ва тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилиш билан боғлиқ зарур маълумотларга эга бўлмоқдалар. Бу борада "Янги ҳаёт", "Fайрат", "Маъмуробод", "Навбаҳор", "Нодира",  "Қизилтўқай" маҳаллаларида амалга оширилган ишлар эътиборга молик.

Туғруқлар орасидаги белгиланган интервалга риоя қилиш - оила таянчи бўлган аёл соғлигини асраш ҳамда унинг соғлом болани дунёга келтиришида муҳим роль ўйнайди. Ана шуни ҳисобга олиб, тиббиёт ходимлари томонидан исталмаган хомиладорликнинг олдини олиш, туғруқ интервалини таъминлаш бўйича ҳам тушунтиришлар олиб борилмоқда.

Олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида эрта туғруқ, исталмаган хомиладорлик, оналар ва болалар ногиронлиги, ўлими билан боғлиқ ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бирмунча камайди.

Туманда никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида 1662 нафар йигит-қиз никоҳдан олдин белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтди. Кўрик давомида турли касаллиги бўлган 6 нафар ёшлар даволанишга юборилди. Натижада келиб чиқиши мумкин бўлган  кўнгилсизликларнинг олди олинди.

Хотин-қизлар саломатлигини сақлаш борасида эришилган натижаларни яхшилаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб этиш, ҳар бир аёлда ўз соғлиғи учун масъуллик ҳиссини кучайтириш, оилаларда рационал овқатланиш маданиятини юксалтириш, аёлларнинг  жисмоний фаоллигини янада кучайтириш муҳимдир.

Миллат давомчилари бўлган опа-сингилларимизнинг тиббий билим ва маданиятининг етарли бўлмаслиги болаларнинг нуқсонлар билан туғилиши ҳамда бунинг оқибатида ногирон бўлиб қолишига олиб келиши мумкин. Шу боис ҳам ҳар бир аёл соғлом турмуш тарзи ҳақида зарур маълумотларга эга бўлиши, ўз саломатлигига эътиборли бўлиб, тез-тез шифокор кўригидан ўтиб туриши лозим. Энг муҳими, аёлларимиз ўзларининг, фарзандларининг саломатлиги миллат келажаги билан боғлиқ эканлигини унутмасин.

Ферузахон АБДУЛЛАЕВА,

Қўрғонтепа тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.