+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

16 Авг 2018

ИНСОНДАН ЭЗГУЛИК ҚОЛАДИ

- дейди балиқчилик Ҳакимахон ая Парпиева

Балиқчи туманидаги "Авесто" маҳалласида бир хонадон бор. Унга қадам қўйишингиз билан ўзгача файзу тароватни кўриб дилингиз яйрайди. У қадар ҳашаматли ҳам эмас, бироқ тартибли, саранжому саришта ҳовлидан каттаю кичикнинг, айниқса, болажонларнинг қадами узилмайди.

Ушбу хонадонда 78 ёшли Ҳакимахон ҳожи она Парпиева умргузаронлик қилади. Онахон умрининг салкам қирқ йилини эл саломатлигини сақлашдек савобли ишга бағишлади. Бу йиллар давомида минглаб одамларнинг дардига шифо топди. Оилаларга саломатликдек бебаҳо неъматни улашди. Раҳматли турмуш ўртоғи Умаржон ота эса вилоят матбуот тарқатувчи уюшмаси раҳбари, Алоқа вазири ўринбосари каби масъулиятли вазифаларда фаолият кўрсатди. Умрининг салмоқли қисмини одамларга зиё тарқатишга сарфлади.   

 "Қанот жуфт бўлади" деганларидек, Умаржон ота ва Ҳакимахон аяларни Худо юқтирган самимият, камтаринлик, дилкашлик, одамохунлик хислатлари бирлаштирган. Асли фарғоналик бўлган Ҳакимахон тиббиёт институтини тугатгач, тақдир тақозоси билан Балиқчига келин бўлиб тушди. Ўтган асрнинг оғир олтмишинчи йиллари эди ўшанда. Балиқчига шифокорлар сув ва ҳаводек зарур эди. Куннинг биринчи ярмида поликлиникада беморларни қабул қилса, тушдан кейин шифохонада ишлар эди. Боз устига одамлар уни излаб, уйига ҳам келишарди. Меҳрибон шифокор эса дарҳол уларга ёрдам берарди.  Ҳакимахон Парпиева Андижон шаҳридаги 2-поликлиникада, Тошкентдаги қатор тиббиёт муассасаларида ишлаган кезларида ҳам доимо одамларга қўлидан келганча яхшилик қилишга, умид билан келган беморларга ёрдам беришга интилди.

Ўзгаларга ҳамиша яхшилик соғиниб яшайдиган Умаржон ота ва Ҳакимахон аялар тарбиялаган 2 ўғил, бир қиз ҳам эл-юрт корига ярайдиган аҳли солиҳ фарзандлар бўлиб етишишган. Бугун онахон 9 набира, 5 чеваранинг севимли бувижониси.

Умаржон ота қаерда, қандай лавозимда ишламасин, эзгулик бешиги бўлган китоб билан ошно бўлди. Ҳатто, хизмат сафарларидан ҳам бир дунё  китоблар билан қайтарди. Ҳакимахон ая ҳам қаерда тиббиётга оид адабиётларни кўрса, дарров сотиб олар, касбий билими ва салоҳиятини оширишга интиларди. Бугун эзгулик шайдолари тўплаган минглаб китоблардан нафақат маҳалладошлари, балки бутун туман аҳолиси баҳраманд бўлмоқда.  

Гап шундаки, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан  китоб ўқишга, юртдошларимиз ўртасида китоб мутолааси,  китобхонлик маданиятини оширишга катта эътибор қаратилаётгани кўплар қатори онахонни ҳам қувонтирди. Бундан бир неча кун аввал Андижон шаҳрига келган чоғида вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов ташаббуси билан кўчаларда ташкил этилган "Китоб жавонлари"ни кўриб кўнгли тоғдек кўтарилди. Бир олам завқ билан уйига қайтаркан, эзгу бир ниятни дилига тугиб қўйди. Шу куниёқ шахсий кутубхонасидаги китобларнинг бир қисмини туман марказий кутубхонасига, бир қисмини эса "Авесто" маҳалласи кутубхонасига топширди. Шундай қилиб, маҳаллада ҳам кутубхона ташкил этилди.

Тиниб-тинчимас онахоннинг кўнгли бу билан ҳам тўлмади. Ўз хонадонида, қўни-қўшнилари учун ҳам кутубхона очди. Бугунги кунда ҳожи аянинг хонадони чинакам зиё маскани, нурхонага айланди. Эрта тонгдан то кечгача хонадондан маҳалладошларининг қадами узилмайди. Бу ерда ҳатто манаман деган китоб дўконларида топилмайдиган дуру жавоҳирларни топиш мумкин. Жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналари бўлган Гёте, Бальзак, Пушкин, Лермонтов, Александр Дюма, Стендаль,  Рашод Нури Гунтекин,Чингиз Айтматов каби кўплаб адиблар танланган асарларининг бир неча томлари, Абу Али ибн Синонинг "Тиб қонунлари" асарининг 7 томи, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ойбек, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф каби ўзбек адабиёти номоёндаларининг асарлари ушбу хонадонга келган  кексаю ёшга улкан маънавий бойлик улашмоқда.

Бу йилги таътил маҳаллада яшовчи болажонлар учун ғоят мароқли ўтди. Чунки улар аянинг шахсий кутубхонасига кириб, кўплаб болаларбоп  китобларни ўқиб чиқишди.  Ая кутубхонасига ташриф буюраётган ўғил-қизлар билан ўқиган   китоблари ҳақида суҳбатлашиб чарчамайди. Яна қандай    китобларни ўқишни истаётганлари билан қизиқади. Бу эса болажонларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

Ҳакимахон ҳожи аянинг яна бир ажойиб хислати, саховатпешалиги бор. У ҳар йили ўзи яшаётган кўча аҳолиси учун Наврўз байрами уюштиради, дастурхон ёзиб, баҳорий таомлар улашади. Ҳайит айёмларида қўшниларини, ёши улуғларни йўқлаб байрам совғалари  тарқатади. Умар ота билан биргаликда парвариш қилган боғидан сархил мевалар пишган пайтлар эса уларни қўни-қўшнилар билан баҳам кўради. Бирор қўшниси бетоб ётганини эшитса, дарҳол унинг ҳолидан хабар олишга ошиқади. Қўлидан келганча ёрдам беради. Маҳалла аҳли ҳам аяни ўз оналаридай ҳурмат қилишади. Бирор иш бошлашдан олдин унинг қимматли маслаҳатларини, сафарга чиқиш олдидан дуоларини олишади.

-Инсондан яхшилик қолади,-дейди Ҳакимахон ҳожи ая. - Буни раҳматлим турмуш ўртоғим кўп такрорлардилар. Турмушимиз жуда сермазмун кечди. Ҳар ойда иккита янги китоб сотиб оларди. Уларни ўқиб чиққач, менга сўзлаб берарди. "Булар менинг устозим" дерди китоб-ларга ишора қилиб. Ҳаётда шу китоблардан олган билимларига амал қилиб яшади.  

"Халқига нафи тегмаган   умрни умр санамаслик керак" деган экан улуғ файласуфлардан бири. Ушбу пурмаъно сўзларни ўз ҳаётининг шиорига айлантирган  Умаржон отанинг ҳамда Ҳакимахон аянинг умри ҳам ҳикматларга тўла, кўплар учун ибрат мактабидир.

Ҳа, кимки, ўз умрини эзгулик нурлари ила безатса, фақат рўшнолик кўради, эл ардоғида бўлади. Шоирнинг ушбу сатрлари Умаржон ота ва Ҳакимахон аяларга аталгандек, гўё:

 

Бир ҳовуч бойлик деб яшамайсиз Сиз,

Сизга минг тиллодан бир китоб афзал.

Одамлар қалбида мангу яшайсиз,

Сизга пок дил берган тақдиру азал.

 

    Барно ҲАЙДАРОВА

 

Суратда: Ҳакимахон ая ёш китобхонлар билан суҳбатда.