+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Июль 2018

ЭЛ ИШОНЧИ - ОЛИЙ САОДАТ

Мутахассислар фаолиятидан

Раънохон опани излаб якшанба куни борган бўлсак-да, уйидан тополмадик. Чунки бу аёл учун дам олиш кунининг ўзи йўқ. Шу куни ҳам маҳалладаги 101 ёшли Хотирахон момо ҳолидан хабар олиш учун кетган экан. Опанинг иш столида турган миннатдорчилик мактуби диққатимизни тортди.

Мактуб Андижон шаҳридаги "Гумбаз" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Нодира Иброҳимовадан бўлиб, турмуш ўртоғи бир неча йилдан буён жигар циррозидан азоб чекиб келгани, уни махсус шифохоналарда даволатиш учун имконияти йўқлигидан хабар топган мутахассиснинг тезлик билан мутасадди идоралар билан алоқа ўрнатиб, беморни Тошкентдаги  малакали шифокорлар назоратида даволанишига, ҳаётга қайтишига ёрдам бергани учун бир умр миннатдор эканлиги изҳор этилган.

Бундай мактублар кунда, кун ора йиғин идорасига келиб туради.

-Опа ўзи ҳам тинмас экан, бошқаларниям тиндирмас экан, - дейди маҳалла фаолларидан бири Баракатхон Исмоилова мутахассиснинг талабчанлигига урғу бермоқчи бўлиб. 

"Гумбаз" маҳалла фуқаролар йиғинида эришилаётган ҳар бир ютуқда Раъно опанинг муносиб ҳиссаси бор. Чунки у йиғиннинг энг фаол мутасаддиси, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, маҳалла аҳлининг ишонган кишисига айланган.

- Эл ишонч билдириб, шу вазифага лойиқ кўргани - энг олий саодат, деб биламан. Чунки минг-минглаб кишиларнинг қувончу ташвишларини бирга баҳам кўриш барчага ҳам насиб этавермайди, - дейди Раъно Ҳакимова. - Бу юксак ишончни оқлашга ҳаракат қиляпман.

"Маҳалламизда  8000 дан зиёд аҳоли 1203 хонадонда истиқомат қилади. Оилалар 2997 та. Аҳолининг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаб, уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни   соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетимизга зид бўлган турли хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатдик.

Нотинч оилалар сони кама-йиб бораётгани барча фаолларни қувонтирмоқда. Бироқ ёш оилалар сони кўпаймоқда.  Улар билан кўпроқ ишлашимиз лозим. Оила қурилмасидан аввалроқ унга мустаҳкам пойдевор қўйилиши лозимлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб бераяпти. Вилоят ҳокимининг   фармойиши билан ўтказилган "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ойлиги" давомида 5 та оилавий низоларга барҳам бериб, ажримларнинг олди олинди, қолаверса, 10 нафар норасида тирик етим бўлишдан асраб қолинди. 3 та шаръий никоҳда яшаётган оиланинг никоҳи қонунийлаштирилди. Ойлик оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, соғлом ва баркамол фарзандлар тарбияси борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги   босқичга кўтарди. Ойлик давомида маҳалладаги оилаларнинг ижтимоий аҳволи ўрганилди. Хотин-қизлар бандлиги, тураржой масаласи, тиббий маданияти бўйича таҳлиллар олиб борилди. Бу борадаги ишларнинг кўлами янада кенгайиб бормоқда Бу йилда умуман ажримга йўл қўймаслик асосий мақсадимизга айланган".

Маҳаллада ФҲДЁ, ИИБ, прокуратура, солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази ва бошқа ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Республика ишчи гуруҳи билан биргаликда олиб борилган ўрганишлар давомида аниқланган кўплаб муаммолар ўз ечимини топди. Жумладан, муҳтож оилаларга газ плиталари, газ баллонлари тарқатилди. 4 нафар ногирон шахсларга аравачалар топширилди. Аҳоли орасида "Ўз уйингни ўзинг асра!", "Маҳалла тинч - сен тинч", "Дабдабали тўй-бахт кафолати эмас" шиори остида иш ташкил этилаётгани боис жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар содир этилмаяпти. Ҳудуддаги 18-умумтаълим мактаби, Саноат-транспорт, Олимпиа заҳиралари  коллежлари билан доимий ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

"Оилада аёлнинг ўрни беқиёс. Онанинг маънавияти юқори бўлса, шу оилада ўсаётган фарзандлар тарбияси рисоладагидек бўлади. Эр-хотиннинг аҳиллиги, бир-бирига ҳурмати аслида оиладаги маънавий соғломлик негизи ҳисобланади. Зеро, оилада садоқат, ўзаро ҳурмат ва ишончнинг шаклланиши, қариндошлик ришталарининг эъзозланиши эр-хотиндаги ана шу фазилатга боғлиқ".

Бу сўзлар Раънохон Ҳакимованинг кундалик шиорига айланган.

-Мақсадимиз ҳар бир оилани, ундаги ҳар бир аёлни бахтли қилишдан иборат. Зеро, жамият бахтли оилалар билангина барқарордир, - дейди у.

Раънохон опа кўплар ҳавас қилса арзигудек оиланинг севимли бекаси. 2 ўғил, 1 қизга меҳрибон она. Акрамжон, Аҳмаджон, Шарифахонлар бугун яхши касб эгалари сифатида жамиятимизга наф келтиришмоқда. 6 нафар набира   Абдураҳмон ака билан 41 йиллик тотув турмушнинг ширин мевалари бўлиб ҳаётига зеб бермоқда.

 

 

Барно Ҳайдарова