+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

01 Март 2018

-Маҳалланинг керакли одами бўлиш улкан бахт, - дейди маслаҳатчи Одинахон Исроилова.

Маслаҳатчи Одинахон опани излаб идорага борганимда, унинг ногиронлар ҳолидан хабар олгани кетганини айтишди. Хайрли ишнинг йўлини тўсмаслик учун кутишга қарор қилдим. "Маҳалла фуқаролар йиғини ишлари билан танишаман, маҳаллани ўрганаман" дея хаёлладим...

Булоқбоши туманидаги   "Зарғалдоқ" маҳалласида 4650 нафар аҳоли истиқомат қилар экан. Олтита кўчадан таркиб топган фуқаролар йиғинида 812 хўжалик мавжуд, уларда 1301 оила яшайди.

- Зарғалдоқ маҳалласи аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланишади, - дейди маҳалла раиси Мунисхон Адамова. - Бундан ташқари, маҳалламизда узумчилик ҳам яхши ривожланган. Одамларимиз оила, бола-чақасидан ортганини бозорга олиб бориб сотади, элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.  Ҳар бир хонадонда камида битта, яхши даромадли оилаларда эса бир нечта қорамол бор. Баҳорда саримсоқ ерга санчилдими, аҳоли хонадонларига даромад киришни бошлайди.

Одинахон опа ғайрати ичига сиғмайдиган, бир ишни бошласа тинчимайдиганлар хилидан экан. Унинг бугун мисолидаги кун тартибини кўриб, ўзбек аёли меҳнаткаш  ҳилқат, агар хоҳласа ҳам ишни, ҳам оилани бемалол уддалашининг гувоҳи бўлдим.

- Бугунги кун маҳалла маслаҳатчиси Юртбошимиз таъкидлаганларидек, керак бўлса 20 соатлаб ишлаши керак, - дейди Одинахон опа. - Ҳозир биз янгиланишлар, ислоҳотлар палласидамиз. Халқимиз биздан кўп нарса кутяпти. Маҳалламиз ҳудудида 89 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар рўйхатда туради. Бугун шу ногиронлар ҳолидан хабар олиб юрибмиз. Уларнинг шароитларини ўрганиб, муаммоларини ечяпмиз. 2 нафар юролмайдиган фуқаромизга ногиронлик аравачалари топширдик. Бундан ташқари, 5 нафар шаръий никоҳли оила бор эди. Бугун шулардан 2 нафарининг ФҲДЁ бўлими орқали никоҳларини расмийлаштирдик, 2 низоли хонадонга имом-хатиб билан бориб, яраштирдик.

Одинахон Исроилова "Зарғалдоқ" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб 2014 йилда сайланган. Шундан буён маҳалланинг тўй-маросим, йиғин ва маъракаларида бош-қош бўлиб келмоқда. Оилани яраштирган ҳам, тўйи ва азасига аралашган ҳам, уйланаётган йигитларга "тўйдан кейин Россияга кетмайсан!" дея дангал шарт қўяётган ҳам маслаҳатчи Одина опа бўлади.

- Менинг уйим дарвозасининг қулфи йўқ, - дейди Одина опа. Чунки, хоҳ кечаси бўлсин, хоҳ кундузи, одамлар бемалол эшик қоқиб келишади. Бахтимдан ўргилайки, турмуш ўртоғим Миродил ака ўзимга ўхшаш. Бир оилада нотинчлик бўлса, мендан бурун отланиб туради. Одамларга керакли бўлиш нақадар бахт, улкан савоблигини яхши тушунади.

 Маслаҳатчи маҳалладаги 2350 нафар аёлнинг, 1147 нафар вояга етмаганларнинг қалбига йўл топа олди. "Зарғалдоқ"да кейинги уч йил мобайнида аёллар ўртасида ҳам, вояга етмаганлар ўртасида ҳам жиноятчилик, безорилик, диний оқимларга қўшилиб қолиш ҳолатлари, эрта никоҳлар қайд этилмади. Бунинг сабабини маҳалладагилар маслаҳатчининг профилактика инспекторлари, имом, отинойи, дастурхончи, жамоатчилик кенгаши аъзолари, таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги ишлари самараси, дея баҳолайдилар.

- Маҳалламизнинг 30 фоизини қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ташкил қилади, - гапини давом эттиради Одина опа. - Лекин кўз тегмасин, бирон марта ўзбек-қирғиз орасида жанжал ҳам, тортишувлар ҳам келиб чиқмаган. Сабаби, қувончу ташвишимиз бир, динимиз, маслагимиз бир. "Ўзбекистон - умумий уйимиз" шиори остида тез-тез тадбирлар ўтказиб турамиз. Агар тўю маъракамизда қирғиз қўшниларимиз кўринмаса, ўзимизни қўйгани жой топа олмаймиз. Мен масалан,    қирғиз миллатига мансуб фуқаролар билан ёнма-ён, аҳил-иноқ, ҳамдўстликда яшаётганимдан бахтиёрман.

О. Исроилова тумандаги  маҳалла маслаҳатчилари учун кўргазмали семинар ўтказди. Семинар ўтказиладиган жой ҳам ажойиб. Тўй бўлаётган хонадон. Олди-берди, турли тўй маросимлар, ҳаражатлар ихчамлаштирилган бу семинар қатнашчиларга ҳам манзур бўлди. "Ҳозир Булоқбошининг тўйлари анча тартибга келиб қолди", - дейди кулиб Одина опа.

Одинахон маслаҳатчи самарали фаолияти, элу юрт фаровонлиги йўлидаги меҳнатлари учун ўтган йили "Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил" кўкрак нишони билан тақдирланди.

 - Мукофотни олган куним маҳалламга қайтаётганда, кўксим фахр-ифтихорга, кўзларим эса ёшга тўлди. Бахтимдан, қувонганимдан йиғладим. Бу нишон менга улкан масъулият юклаган, мен унга муносиб бўлишим керак, - дейди Одина Исроилова.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА