+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

16 Фев 2018

Биби Робия Адавия (р.а.) авлиёлик мақомига етишган аёл эди

Улуғ олим, мутафаккир, тасаввуф адабиётининг йирик вакили, Фаридиддин Атторнинг (1145-1230) йирик асари - "Тазкират ул-авлиё"да 69 авлиёнинг - йирик алломаларнинг қисқача ҳаёти, етуклик даражоти, фаолияти, турли масалаларга оид фикр-мулоҳазалари, Оллоҳ висолига етишиш учун тортган машаққатлари баён этилган. Шунингдек, асарда маърифат, сабр, ризо, қаноат, шукр, ҳаё, вафо, карам, эҳсон, омонат ва уни сақлаш, ота-онага ҳурмат, устозлик ва шогирдлик мақоми, нафс ва уни енгиш каби инсоний ҳислатларни ёритишда муаллиф ўқувчини зериктирмаслик учун кичик-кичик ҳикоялардан, масал ва ривоятлардан кенг фойдаланган.

Бу табаррук асарни ўқиш жараёнида мени бир жиҳат қизиқтирди: олтмиш тўққиз авлиё орасида фақат битта аёл авлиё бор экан (эҳтимол, яна бордур. Мен фақат "Тазкират ул-авлиё" китобини мутолаа қилиб билганим). Маълумки, Шарқ халқлари тарихида (VII-IX асрларда) олима, шоира, ҳуқуқ, тиббиёт каби илмларни чуқур билган аёллар бўлганлиги тарихий китоблардан, баъзи саҳобаларнинг ривоятларидан маълум. Масалан, Сахоба Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилган ҳадисда отаси:

"...Уммул мўминин (мўминларнинг онаси) Ойшадан кўра шеърни, тибни (тиббиётни), луғатни, фиқҳ (ҳуқуқ)ни билувчироқ хотинни кўрмадим", - дейди (Абулайс Самарқандий ("Бўстонул орифийн" асари 42-бет). Ойша онамиз ўз даврининг йирик олимаси бўлган.

"Авлиё" - эътиқодли, каромат, башорат қила оладиган, мўъжизалар кўрсата оладиган муқаддас, азиз одам. Авлиё инсон - дунё, бойлик билан иши йўқ, дарвешсифат инсон. ("Ўзбек тилининг изоҳли луғати", 1-том, 24-бет). Авлиёлар Оллоҳга яқин кишилар. Улар кишиларнинг ички, руҳий дунёсини, ҳис-туйғуларини, тилак-мақсадларини, ғам-хасратларини билувчи кишилардур. Улар ўзлигидан кечиб, фақат Оллоҳ дейди. Уларнинг фикрлаш доираси кенг, дунёқараши кишини лол қолдиради, мўъжизалари ҳайратлантиради.

Биби Робия Адавия (р.а.) - "Тазкират ул-авлиё" китобида келтирилган авлиёлардан бири. У ибратли фаолияти, ҳалол-поклиги, кароматгўйлиги билан авлиёлик даражасига етишган аёл эди. Баъзи ўринларда унинг бошқалардан устунлиги ҳам сезилади. Масалан, ўз даврининг йирик алломаси, шайх Ҳасан Басрий ўз мажлисига Биби Робия қатнашмаса, ваъз айтмаган, дейилади китобда.

Биби Робияга авлиёлик мақомини Оллоҳ берган. Бу фикрни унинг таржимаи ҳолини ўрганганимизда кўрамиз. У Ироқнинг Басра шаҳрида туғилган. Ота-онаси ўта камбағал инсонлар бўлган. Муаллифнинг ёзишича, Робия туғилган куни оилада чақалоқ (гўдак)ни ўраш учун ҳатто бир парча латта, уйни ёритиш учун эса битта шам бўлмаган. Онаизор йиғлаган, ота руҳан азобланган. Оллоҳнинг қудратини қаранг, шу кеча она туш кўрган. Тушида Расулуллоҳ (с.а.в.) намоён бўлиб аёлга:

-"Fам ема! Бу қизинг саййида (Пайғамбарлар авлодидан) дир! Менинг умматларимдан етмиш кишига шарофат қилади!" - деди. Яна дедилар:  "Эрингга айт! Исога бир хат ёзсин! У Басранинг ҳокими. Айтсинки, бу хатни олиб борган кишига юз дирҳам пул берсин!" Она уйғонди. Эрини уйғотди. Тушдаги гапларни айтди. Эр эрталаб Басранинг бегига борди. Бек хатни ўқиди. Қизиқ: бекнинг тушида ҳам бу воқеа аён бўлган. Бек унга (отага) минг қизил олтин берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳурмати учун отадан узр сўради. Кетишида отага сарпо ва бир от берди.

Робия оилада тўртинчи қиз бўлиб туғилган. Шунинг учун унга Робия (араб тилида тўртинчи қиз дегани) деб исм қўйдилар.

Биби Робия ёш эди. Басра шаҳрида қаттиқ қаҳатчилик бўлди, юқумли касаллик тарқалди. Кўп одам ўлди. Робия ҳам ота-онаси, опасидан жудо бўлган. Уни бир оила асраб олди. Бир неча йилдан сўнг бу оила Робияни қул бозорида сотиб юбордилар. Тақдир. Робия ҳожасининг хизматини қилар, тинмас, фақат тунда уйқуни тарк этиб, ибодат билан машғул бўларди. Кунларнинг бирида ҳожаси (қул эгаси) ярим тунда қизнинг (Робиянинг) мунгли овозини эшитади. Таажжубланиб қизнинг деразасидан қаради. Не кўз билан кўрсинки, қизнинг кулбасини ҳеч бир жойга осилмаган бир муаллақ қандил ёритиб турипти. Бундай гўзал қандил Басранинг энг йирик бойларида ҳам йўқ бўлган. Қиз эса тинмай Оллоҳга ибодат қилар, мунгли, қалбни ўртовчи овоз билан Яратганига ёлворар эди. Ҳожа ҳайрон. Ёқа ушлаб унинг муножатини берилиб ўтириб (қизга билинтирмай) тинглади.

-Илоҳо, сенга маълумки, мен кўнглимни тамоман сенга боғладим. Аммо нима қилайин, мени бир маҳлуқ ихтиёрида қилибсан. Агар ўз ихтиёрим ўзимда бўлса эди, бир соат сенинг тоатингдан ўзга бир ишга машғул бўлмас эдим.

Ҳожа қандилдан, қизнинг ноласидан қўрқиб кетди. Эрталаб одамларнинг гувоҳлигида Робияни қулликдан озод қилди, ундан узр сўради. Робия ўзи ибодат билан машғул бўлди. Каъба зиёратига боради. У умрининг охиригача ўз ибодатхонасида - Басра шаҳрида якка-ёлғиз яшади.

"Тазкират ул-авлиё"да Биби Робия Адавиянинг ўша даврнинг йирик олимлари, шайх ва авлиёлари билан қилган суҳбатлари, савол-жавоблари, энг яхши инсоний хислатлари, баъзи кароматлари берилган. Улардан айримларини келтирамиз.

Робиядан сўрадилар: "Гуноҳларни нима нарса поклайди?". Жавоб берди: "Тавба қилмоқ, гуноҳларига пушаймон бўлмоқ билан гуноҳлардан пок бўлади!"

Сўрадилар: "Оллоҳ бандаларининг қайси ишидан рози бўлади?"  У деди: "Берганига шукр қилса, балосига сабр қилса, бошига тушган ҳар бир яхши-ёмон ишни Яратгандан деб билса, Оллоҳ хушнуд бўлгай!"

Сўрадилар: "Шайтонни душман тутармусан?". Деди: "Йўқ!" Айтдилар: "Нега?" Деди: "Шунинг учунким, Раҳмоннинг севгиси менинг ичимда шундай тўлиб ётиптики, шайтоннинг душманлигига унда жой йўқ!"

Сўрадилар: "Нечун кўп йиғлайсан?" У деди: "Оллоҳни дўст (унс) тутдим. Айрилиқдан қўрғаймен. Мабодо ўлим вақтида нидо келмасинким? "Сен бизга керак эмассан-деб. Шу боис кўп йиғлайман".

Робиянинг зиёратига меҳмонлар келди. У рўмолини гаровга қўйиб, новвойдан икки дона нон келтирди. Шу пайт дарвозага бир гадо келиб: "Оллоҳ! Оллоҳ! Хайр!" - деди. Робия ҳалиги икки нонни гадойга бериб юборди. Меҳмонлар ҳайрон, улар оч эди. Бир соатдан сўнг бир канизак дастурхон тўла нон келтирди. У: "Бу нонларни Оллоҳ юборди", деди. Робия санади - 18 та экан. У: "Иккитаси қани?" деди. Канизак ўзига олган экан. Узр айтди. Меҳмонлар деди: "Эй, Робия! Бу не сир? Олдимизга нон қўйдинг. Олиб гадойга бердинг. Оллоҳ берган нонни санаб, "Иккитаси қани?" дединг. Робия деди:

- Оллоҳ айтибдур: "Кимки эҳсон қилса, эҳсоннинг бирига ўнни бераман!" деб. Биз икки нон эҳсон қилгандик. Йигирмата нон бериши керак эди. Шу сабаб канизакдан икки нонни сўрадим. Оллоҳни ким дўст тутса, дилдан севса, У бандасини алдамайди.

"Инсонийлик мулки" (Тоҳир Малик)да: "Робия бир аёлни кўрди. Бошини боғлаб олипти. У "нега боғладинг?" деди. Аёл: "Бошим оғрияпти", деб оғриқдан шикоят қилди. "Неча ёшдасан?", "ўттизда". "Ўттиз йил Оллоҳга шукр қилмадинг! Энди шикоят дуррасини боғлабсан!" - деди.

Хуллас, олтмишдан ортиқ авлиёлар орасида ягона бўлган аёл авлиё - Биби Робия Адавиянинг ҳаёт йўли, ҳаётга муносабати, кароматгўйлиги, Яратганни дўст тутиши, қалбининг пок-лиги, кишилар билан савол-жавоблари, умуман, бу ҳақдаги ёзма манбалар, ибратли ҳикоятлар бугун ёшларимизни юксак маънавиятли инсонлар бўлиб вояга етишларида катта тарбиявий аҳамият касб этади.

Табаррук "Тазкират ул-авлиё" китобида келтирилган барча аллома-авлиёларнинг ҳаёт йўли, дунёқарашлари,   қалбларининг поклиги, динга эътиқодлари, инсонга бўлган муҳаббатлари, илм йўлида чеккан изтироблари, устозлик-шогирдлик мақомлари барчамиз учун ибратдир.

 

Олимжон РАҲИМОВ