+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

МЕҲР МУҲАББАТ ШУЪЛАСИ

(16 - сон) Ҳикоя

Тошкент тиббиёт академияси тингловчиси Масрурбек Зоҳидов уйланди. У Назокатнинг ишларидан, юриш-туришидан, ота-онасига бўлган эҳтиромидан хурсанд. Кийим-кечаги аввалгидан ҳам кўркам, одатда тартибсиз сочилиб ётадиган турли қўлланма ва луғатлари саранжомланиб, алифбо тартибида дид билан терилди, ҳаётига ўзгача мазмун кирди. Бироқ, шундай бўлса-да, куёвбола юрагининг бир четидаги аллақандай ғашлик тарқалиб кетгани йўқ. Унинг шу кунларда бошдан кечирган, кечираётган ҳолати фақат ва фақат ўзигагина аён.

Тўй баҳона таътил олган Масрурбек олис-яқиндаги жўралари билан дийдорлашди. Яқинлари қазо қилган синфдош ва маҳалладошларининг уйларига бориб кеч бўлса-да кўнгил сўради. "Айбга буюрмайсизлар, узоқнинг иши қийин, насиб қилса, бир кун қайтиб келиб давраларингизни тўлдираман", таскин берди у дўстларига. Дўстлар ҳам гина қилиш инсофдан эмаслигини билиб, оғизларига чим босишди. Ниҳоят, у ота-онасидан оқ фотиҳа олиб, келинчак билан қайдасан Тошкент, дея йўлга чиқди. Уни кўрганларнинг кими ҳавас, кими ҳасад билан кузатиб қолдилар.

Келин-куёв кўп қаватли уй олдига етиб келганларида, офтоб аллақачон уфққа бош қўйиб, само кўрфазида ярим ой эринибгина шуъла сочарди. Чарчаб келган бўлишларига қарамай, келинчак дарров чой қўйиб, овқатга уннади. Ошхона тарафдан эшитилган "жиз-биз", пиёздоғ иси димоғини қитиқлади. Тезроқ етиб олиш мақсадида йўлда тезгина тамадди қилганлари боис, Масрурнинг таомга эҳтиёжи бор, боз устига бироз чанқаган ҳам эди. У қалбига ором бермаётган туйғуларини босиш ва ўзини чалғитиш учун диванга ёнбошлаган кўйи бош томонида турган "Алкимёгар"ни қўлига олди. Бироқ, уч-тўрт саҳифа ўқигач, ҳафсаласи етмай, китобни қўйиб, шоир дўсти яқинда совға қилган китобни ўқишга тутинди. Масрур  гарчи шеър ёзмаса-да, ҳийла таъби назми борлиги учун  Навоийдан тортиб Муҳаммад Юсуфгача ўқиган, мана бу китобни туҳфа қилган дўстини эса алоҳида қадрларди. У дўстининг тўй оқшомида ўқиган бағишловини эслади. Кўзлари ёниб икки ёшга бахт-иқбол тилагани, қўша-қўша фарзандларга эга бўлинглар, дея ният билдирганлари кўз олдидан ўтди.

- Овқатингиз тайёр бўлдими? - сўради Масрур ниҳоят ўйлар гирдобидан қутулиш учун китобни бир четга қўяркан.

- Бир зум сабр қилсангиз, бўлди, - деди нарёқдан Назокат. - Чой дамлаб берсам, ичиб турасизми?!     

Масрур жавоб бермади. Аста бориб, дарпардани сурди-да, деразани очди. Юзига ёқимли тунги ҳаво урилди. У чуқур нафас олди. Ўз наздида жону жаҳони шу тариқа ором топгандек бўлди. Келинчакнинг "чой дамлаб қўйдим", деган илтифотига ҳам парво қилмай, самога сочилиб ётган юлдузларни томоша қилишда давом этди. Ой боягидан анча юқорилаб кетибди. У бироздан сўнг булут ортига яширинди.  Пастда эса одамлар у ёқдан-бу ёққа ўтмоқда. Вақт алламаҳал бўлаётганига қарамай, машиналар қатнови камайган эмас. Гўёки юқоридаги юлдузларнинг бир қанчаси ерга тўкилиб тушгандек. Ҳозир Масрурбекнинг қалби ҳам  мана бу осмон каби хира тортган. Кўз олдидан Гулруҳнинг чеҳраси кетмаётир.

Боягина китоб саҳифалари ортидан мўралаб тургандек бўлган қиз қиёфаси энди булутлар ортида намоён бўлгандек. Бирга кечган оқшомлар, кўпинча араз билан тугайдиган мулоқотлар, ўжар қизнинг кишибилмас қийноқлари, нозлари, баҳоналари... Неча карра ўтган хиёбонлари... Энди улар Масрурни то умрбод таъқиб этаверадигандек, оромини ўғирлаб, тинчлик бермайдигандек эди гўё.

Масрур пойтахтга илк бора келганида танишган бу кибор феълли қиз билан бир неча йил гаплашиб юрди. Афтидан, унга Масрурнинг қалбан тобелиги ёқарди. У қизни чин дилдан севгани боис, Гулруҳ қанча озор етказса-да, ундан олислаб кетмасди. Йўқ, қиз инсофга келмади  - унинг тош қалби юмшамоғи учун йўл тополмаган йигит чорасиз қолди. Охирги бор учрашган кунда ота-онаси уйлантириш пайида эканлигини, уникига совчи юборишини айтди. Елкасидан caл пастроқда турган тилларанг сочларини шамоллар ўйнаётган Гулруҳ бамайлихотир: Мени хали бери турмушга чиқиш ниятим йўқ, - дея  Масрурнинг туйғуларини, гапларини топтади.  Йигитнинг қалбида икки туйғу ғалаён қиларди:  бupи нафрат, бири севги. У гўё икки ўт орасида қолгандек эди. Ниҳоят, у Гулруҳ билан орани очиқ қилди. Чунки Масрур қанчалик севмасин Гулруҳда унга нисбатан чин севги, самимийлик йўқ эди.

 ... Масрур бир қарорга келди. Қарори шу бўлдики, бир  вақтлар фан олимпиадасида бирга қатнашган мана шу қизни - Назокатни танлади. Гоҳ-гоҳ кўришиб қоладиган, икки-уч телефонда гаплашган ва    пойтахтдаги олийгоҳлардан бирида таълим оладиган Назокатни зимдан сўраб-суриштирди. Қиз қандай қабул қиларкин, деб иккиланмади - таваккалига уйларига совчи юборди. Борди-келди, "нон ушатди"дан сўнг, мана, бугун ўша қиз уйида чой дамлаб турибди!

- Шамоллаб қолманг, яхши йигит, овқат пишди, - деган      майин овоз Масрурнинг хаёлини куз шамоллари тўзғитган барглардек ҳар тарафга сочиб юборди. Масрур ортига боқиб, ҳайратда қолди - хонтахта устига барқут дастурхон ёзилган, нон ушатилган, ликопда ҳозиргина сузилган таомнинг ҳовури чиқиб турарди. У енгилгина тановул қилди-да, ётоқхонага кириб кетди. Ҳарир парда ортидан боқиб турган ой нимқоронғи хонани ёритарди-ю, йигитнинг қалбини ёритмоқдан ожиз эди. Бироқ, шунга қарамай, у энди Гулруҳни ўйлашни истамас, бир ёқдан бунинг нафи йўқ деб билса, иккинчи тарафдан бу ҳолни жуфти ҳалоли Назокатга хиёнат деб биларди. Қолаверса, энди у барча-барчасига кўникиши керак. Унинг толиққан кўзларига уйқу  инди...

...Бугун Масрурнинг дарслари ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Боз устига, илмий раҳбари - академик Миржалол Асадуллаевич чақириб қолди.

- Бу дейман, жа-а "асал ойи" чўзилиб кетди-ку, - деди у самимий жилмайиб, - назаримда, бизларни бутунлай унутиб юбордингиз шекилли...

- Йўғ-е, устоз, унчаликмас, қишлоққа бориб келдим, ҳамма сизга салом айтди, - деди у.

- Ҳа, баракалла, қалай, келинчак яхшими, хизматда-иззатдами?

- Ҳа, раҳмат.

Академик  хонадонидаги суҳбат алламаҳалгача чўзилди - унга зарур топшириқларни уқтирди, яқинда ўтказилиши режалаштирилган болалар жарроҳлигига оид илмий-амалий анжуманга материал тайёрлаб бериши лозимлигини таъкидлади. Хуллас, у устози ҳузуридан бир олам қувонч билан чиқди. Айвони баланд темир ишком соясида, мармар кошинли ҳовуздаги сув аста чайқалиб турган бу хонадон ва унинг соҳибу соҳибалари Масрурга не йиллардан бери қадрдон. Мирзаали ака даставвал набирасини "эти сизга, суяги бизга, ўзингиз одам қилиб берасиз", деб  айни шу масканга бошлаб келганди. У гўё машинада юриб эмас, учиб борарди. Бироқ, бир ёғи толиқиш, қолаверса, ўзи истамаса-да кўнглидаги ғашлик унинг борлиғини қамраб олганди.

Уйга кирди, кийимларини алмаштириб, Назокат билан овқатланди - барибир кўзгa кўринмас ғашлик унинг беҳаловат этарди. Яна дераза олдига борди, пардани очди - энди само тамомила қоп-қоронғи, ҳали ой чиқиб улгурмаганди.

Шу лаҳза у елкасига тушган қўл тафтини сезди. Ёнига ўгирилди. Назокат турарди.

- Масрур ака, - деди у ялинчоқ оҳангда, - бир гап айтсам, хафа бўлмайсизми?

- Йўқ, - деди Масрур ички бир қизиқиш билан унга қараркан.

- Сиздан илтимос, ўша қизни унутинг, бутунлай унутинг!

- Нималар деяпсиз, қайси қиз? - сўради Масрур.

- Гулруҳни! Тўғри, илк муҳаббат деган гаплар ҳам бор, бироқ, ўзингизни қийнашдан нима фойда? Суймаганга суйкалиб яшашдан не хожат? Ишонинг, ўша Гулруҳдан ўн чандон кўпроқ меҳр бераман, қалбим, ҳаётим, борим сизники, фақат сиз уни ўйламанг.!

Назокат тўлиб-тошиб сўзларди. Назокат Гулруҳ билан аввал бир неча бор мулоқотда бўлганини, ҳаммасини билишини айтмади.. Масрур эса келинчакка гўё ўзга сайёралик одамга боққандек ҳайрат билан боқиб турар, рафиқасининг юз-кўзларида самимият, меҳр-муҳаббат шуъласи зоҳир эди. Ана шу шуъла гўё офтобга айланди-ю, Масрурнинг қалбидан бир қанча вақтдан бери кетмаётган қоронғуликни тарқатиб юборди...

 

 

Икромжон АСЛИЙ