+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ОНА ДУОСИ

(15 – сон) Ҳикоя

Опа-сингиллар ҳар тун онасининг дод-войидан уйғониб кетишарди. Бугун ҳам шундай бўлди. Яна оилада жанжал. Қизларнинг отаси Ўрмонжон деярли ҳар куни ичиб, маст ҳолда уйга келади. Шундай бўлса-да, хотини Лутфия унга парвона бўлар, олдига дастурхон солиб, таом келтирарди. Чанқоғига олдиндан тайёрлаб қўйилган совутилган чойни олиб келарди.

Қизлар ҳам аввалига отасининг меҳридан бироз умид қилишиб ёнларига киришди, бироқ унинг жаҳли чиқиб, қовоғи уйилганидан ўз ётоқхоналарига кириб кетишди. Ҳеч қанча вақт ўтмай эса уй ичидан калтак еган оналарининг дод-войи эшитилди. Қизлари югуриб чиқишганида онасининг ҳамма ёғи маматалоғ бўлган, бурни қонаган, сочлари тўзиган ҳолда турарди. Хуморидан тушган отаси эса атрофга эътибор қаратмасдан ўз хонасига кириб кетди.

Бу ҳол тез-тез такрорланарди. Отанинг бу тахлит золимлиги йиллар давом этди. Бу орада қизлари вояга етди. Калтаклар зарбидан Лутфия оғир дардга чалинди. Қизлари унга қанчалик парвона бўлмасин, аҳволи баттар ёмонлашарди. Эрнинг ҳам феъл-атвори ёмонлашса ёмонлашдики, асло ўзгаргани йўқ. Қайтанга у бегона аёллар билан юрадиган, кўчадаги бузғунчи эркаклар билан алоқа қиладиган, бундан ташқари, уйдаги сотишга яроқли бўлган буюмларни ҳам пуллаб, айшу ишратга сарфлайдиган бўлиб қолди. На хотинининг, на қизларининг тақдири уни қизиқтирарди. Унга бир шиша ароқ бўлса бас, бу унинг ҳаёти мазмунига айланганди.

Маҳалла-кўй омон бўлсин экан, маҳалладошлари уларнинг ҳолидан хабар олиб туришади. Айниқса, уч-тўрт эшик наридаги Ботиржон исмли қўшнилари бу хонадонга кўп ёрдам берди. Лутфия опанинг қизларини ҳам ўзининг фабрикасига ишга жойлаб қўйди. Қизлари Наргиза ва Наима сулув қизлар бўлиб вояга етишди. Бироқ улар турмушга чиқишни хаёлига ҳам келтиришмас, оналари тузалиб оёққа туриб кетишларини ўйлашарди холос. Улар эр деганда, отаси каби бадфеъл, аёлини, фарзандларини  хўрлайдиган, худбин кимсани тушунишар эди.

Лутфия ўша ҳолатда ҳам эридан хавотир олиб:

- Қизларим, дадангнинг ош-овқатига, кийим-кечакларига қараб қўйишгин. Кўчадан кирганда иссиқ овқат билан сийлаш. Усти-боши кир бўлса ювиб, дазмоллаб қўйинглар - дея қизларига уқтиришдан чарчамасди.

- Аяжон, хавотир олманг, дадамни ташлаб қўйганимиз йўқ, улар яхши юрибдилар - деб жавоб қайтаришарди қизлар.   

 Шундай кунларнинг бирида Ўрмонжонни икки йигит оғир ҳолатда эшик тагига ташлаб кетишди. Инграган овозни эшитган қизлар отаси ёнига югуриб келишди. Улар келганида отасининг қорин қисмидан симиллаб қон оқар, юзлари маматалоқ бўлиб ётарди. Қизлар отасининг қўлтиғидан етаклашиб уйга баъзўр олиб кириб, жойларига ётқизишди. Ота тинмай бир нималар деб ғудранарди.

- Биламан бу ўша аёлнинг иши. Барини ўша уюштирган. Аввал ўғирликка тушинг, кейин бойликларга эга чиқиб, бирга яхши яшаймиз, дея бир бадавлат хонадонни уйини кўриб қўйганини айтганди.

Қизлар  бу ҳолдан гунг бўлиб, эсларини йўқотишди, айниқса, отасининг бу гапларидан буткул карахт эдилар.

- Мен унга лаққа тушиб, ўша уйдан пуллар, тилла-тақинчоқлар ўғирлаб чиқдим ва йўлда кетаётсам тўрт барзанги шунгақанги дўппосладики... - бу сўзларни у пичирлаб, гоҳ инграб, гоҳ тўлғониб гапирарди. Катта фарзанди Наргиза ўзини қўлга олиб, синглиси Наимага тез ёрдамга қўнғироқ қилишини айтди. Ярим соатдан сўнг уйга шифокорлар келишди. Улар тинмай қон йўқотаётган беморни шошилинч марказига олиб кетишди. Беморнинг аҳволи борган сари оғирлашди. Касалхонага етиб келмасларидан у жон берди.

Уйга нохуш хабар билан майит кириб келди. Қизлар нима қилишларини билмай, бир-бирларини қучоқлаб хўнг-хўнг йиғлашди. Қўшнилар чиқиб, уларга далда бўлишди. Тонг отгач, бу уйга маҳалланинг эркагу аёллари тўпланишди. Уларга ачинганлар:

-      Ниҳоят, зўравон эр тинчиб қолибди-да...

-      Аёлини, фарзандларини хўрлаган кимса рўшнолик топармиди...

-      Ичиб-ичиб нимага эришиди бу ярамас киши...

-      Ишқилиб қизларининг бахтини берсин...

Маҳалла фаоллари барибир у қандай инсон бўлишдан қатъи назар инсонийлик бурчларини адо қилишди.  Бу бадбахт ва худбин кимсани барча расм-русмлар билан дафн этишди. Лутфия эса тўшагидан қўзғалолмади. Гарчи уни хор-зор этган эрини гуноҳларини авф этишини сўраб, худога нола чекиб, ҳаққига дуолар қилди.

Шу тариқа яна ҳаёт давом этди. Кун ўтган сайин Лутфия қизларининг тақдиридан, ҳаётининг бу тарзда касал ҳолатда ўтказаётганидан, келган совчиларга ўзи жавоб беролмаётганидан юраги эзилиб, адо бўларди. У ҳар сафар буларни ўйлаб сиқилганида "Қизларимнинг бахт-у саодатини бергин, улар мен каби хор-зор бўлиб яшашмасин. Оилада ўз ўрнига эга бўлишсин, турмуш ўртоқлари билан чиройли ҳаёт кечиришсин", дея ич-ичидан Яратганга илтижо қилар, қизларининг бахтини тилаб дуо қиларди. Бўй етган, бир-биридан чиройли бу икки гўзал қизга мафтун бўлиб совчи жўнатганлар ва уларнинг оилавий шароитидан хабардор бўлиб, ортига қайтганлар ҳам кўп бўлди.

Бир кеча Лутфиянинг аҳволи оғирлашиб, қаттиқ ётиб қолди. Қизлар доктор чақирамиз дейишса ҳам бунга рози бўлмади. Она  тинмай уларга қараб, қонсиз лаблари нимадир дейишга чоғланарди. "Оллоҳим, қизларим ўзингга омонат, илойим улар ўз тенгини топиб, бахтли ҳаёт кечиришсин". Бу сўзларни онаизор эрталабгача пичирлаб чиқди ва жума куннинг тонгида бандаликни бажо келтирди.

Қизлар ота-онадан ажралиб, ҳайҳотдек ҳовлида ўзлари қолишди. Ота-онасининг маъаракалари маҳалла-кўйнинг ёрдамида ўтди. Кунлар ўтиб, яна Наргизага совчилар кела бошлади. Наргиза 30 ёшида маҳалла онахонларининг қистови билан хотини оламдан ўтиб, икки қизи билан қолган Раимжон исмли диёнатли, кўнгли тоза йигитга турмушга чиқди. У келин бўлиб, эрининг фарзандларини ажратмади, ўгай демади, оқ ювиб, оқ таради. Турмуш ўртоғи Раимжон ҳам аёлининг меҳрибонлиги, саришта-ю оқилалиги учун унга меҳр қўйди. Улар шу тариқа осуда ва бахтли ҳаёт кечира бошлашди. Наимани маҳалладагилар ёлғизлатиб қўйишмади. Кечқурунлари қизларини унинг ёнига чиқаришади ёки ўзларини уйларига олиб чиқиб ётишарди.

Корхонада ишлаб юрган, кўзга кўриниб, чиройли қиз бўлган Наимага ҳам совчилар кела бошлади. Уни ишдан қайтаётганда кузатиб юрадиган, олийгоҳда таҳсил олиб, ўқишдан бўш вақтларида шу корхонада ишлайдиган Козимжон исмли йигит ёқтириб қолганди. Ниҳоят, Наиманинг ҳам йигирма олти ёшида бахти очилиб, ҳалол, пок, виждонли йигитга турмушга чиқди, бахтли ҳаёт кечира бошлади.

Энди ҳар сафар Наргиза билан Наима бир-бирлариникига меҳмонга келишганларида, ота-оналарини ёдга олиб, оналарининг ниятлари, чин дилдан қилган дуолари ижобат бўлганлигига амин бўлишарди.

Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлади, деб бежизга айтилмаганлигини уларнинг ҳаёти кўрсатди.

 

 

Соҳибахон ҲОШИМОВА.