+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Тақдир хукми

(Ҳикоя)

Очиқ қолган деразадан кирган    салқин куз шаббодаси ҳар галгидек ишдан ҳориб қайтган, ширин туш оғушида сармаст бўлган Давроннинг этини жунжиктирди. У совқотиб уйғонар экан, кўраётган ширин туши бузилганидан малолланди.

Қизиқ. Тушига яна Дилором кирибди. Йигит "Дилором! Дилором! Шошма, шошма. Гапларимни тингла! Бир муддат кетмай тур!", дея қизнинг ортидан югураётган эмиш. Оёқлари эса ҳечам ўзига бўйсунмасмиш.

"Нега, Дилором тушимга кирди экан? Ўйлаганим ҳам йўқ эди-ку. Тинчликмикан?" дея ўзига ўзи савол бериб, бир зум ўтмиш хотираларига чўмди.

Қадди-қомати келишган, бўйдор, қошлари қоп-қора, тенгдошлари орасида ўзининг теран фикри билан ажралиб турадиган Даврон мактабдаги жуда кўп қизларга ёқарди. Аммо, унинг кўнгли Дилоромга тушди. Ҳам синфдоши, ҳам ён қўшниси бўлган Дилором жуда беғубор, кўнгли тоза, меҳрибон қиз эди. Самимийлиги, ер остидан ним табассум билан ўтли боқишлари Давроннинг юрагини ёққан эди.

Дилоромнинг дадаси Иззат ака ҳар куни ичиб келиб, тўполон кўтарарди. Бу тўполонлар дунёни фақат эзгуликлардан иборат деб ўйлайдиган, орзулари ойдин, табиати сокин Дилоромга ўз таъсирини кўрсатарди.  У ҳар куни мактабга кўзида ёш билан келар, нимадандир ҳадиксираб, гоҳо чуқур ўйга чўмиб ўтирар эди. Бу ўй-ташвишлар ичида қизнинг кўнглига таскин берадиган, унинг яшашига тоғдай куч бериб турадиган ягона бир туйғу бор. Ҳали ўзи тушуниб етмаган бу туйғунинг номи  - муҳаббат эди. Ҳа, Дилором ҳам Давронга бефарқ эмасди. Унга доимо бошқача нигоҳ билан боқарди. Даврондан ўзи кутган, орзу қилган меҳрни топганди. Иккаласи мактабга кўп бирга келишарди. Қийин дарсларни биргаликда тайёрлашарди.

Битирув оқшоми эса Давроннинг ёдида унутилмас лаҳзаларни қолдирган. Ўшанда қиз маликалардай гўзал кўринганди йигитнинг кўзига. Узун қўнғироқ сочлари шалоладай ёйилиб елкасига тушган, шаҳло кўзлари пайкон киприклари остидан сирли боқади. Лабида ўша ёндиргувчи ним табассум.

Даврон билан Дилором ёнма-ён, бир қаторда турардилар. Устозларининг дуолари остида барча битирувчилар мустақил ҳаёт сари йўл олдилар. Ҳамма ўз йўлидан кетди. Даврон болалигидан тоғаси каби ҳарбий бўлишни орзу қилганди  ва уни амалга ошириш учун   Тошкентга йўл олди. Дилоромнинг ягона орзуси ўқитувчи бўлиш эди. Болаларни жуда яхши кўрарди. Аммо, онаси Адиба опанинг тўшакка михланиб қолиши унинг орзу-умидларини чиппакка чиқарди.

Гап шундаки, Дилором оилада ёлғиз фарзанд эди. Ота-онаси севишиб турмуш қурган бўлсалар-да, бахтли оила бўлиб яшамадилар. Адиба опа қандайдир      дардга чалиниб оғриқчан бўлиб қолди.  Кўрсатмаган табибу шифокорлари қолмади. Иззат ака Адибага бошқа фарзанд кўриш мумкин эмаслигини билганидан сўнг, ичкиликка муккасидан кетди. Бора-бора мастликни кўтаролмай қизи ва хотинини калтаклайдиган одат чиқарди. Оқибатда, Адиба опанинг касали кучая бошлади. Бора-бора ўрнидан ҳам туролмай, тўшакка михланиб қолди. Барча уй-рўзғор ишлари ёш қизнинг зиммасига тушди. Бир томонда касалманд она, иккинчи томонда рўзғорга умуман қарамай қўйган алкаш ота. Орадан кўп ўтмай, Адиба опа вафот этди. Унинг маъракаларидан сўнг қариндошлар йиғилишиб, Дилоромни қўшни қишлоқдаги Адҳам исмли йигитга узатдилар. Қишлоқни тутаётган ёр-ёр садолари Дилоромни ҳеч ҳам қувонтирмас, аксинча, янада дод солиб йиғлатарди.

Ўқиш билан машғул Даврон Дилоромнинг турмушга чиққанини кеч эшитди. Эртароқ билганида ҳам нима қила оларди? Тақдир ҳукми шундай экан. Анча пайтгача ўзига келолмай, тушкун         кайфиятда юрди. Аламини ўқишдан, сўнгра ишдан олди... Уйланиш мавзусида гап очилса, гапни бошқа ёққа бурди. У Дилоромни унутолмасди, унутгиси келмасди...

Эрталабки тушдан анча ўзини йўқотиб, нонуштани апил-тапил қилганча, яна севимли иши томон ошиқиб бораётган Давроннинг кўзи бирдан рўпарадан келаётган жуда таниш чеҳрага тушди. Бу унга Дилоромнинг болалик чоғини эслатди. Жажжи қизалоқнинг қўлчаларидан эса чиройли бир жувон етаклаб олганди.

Бирдан Давроннинг кўзлари аёлнинг нигоҳлари билан тўқнашди ва  устидан биров бир челак муздек сув қуйиб юборгандек бўлди.

Энди у турган жойидан қўзғала олмас, ҳатто қизалоқнинг унга урилиб кетганини ҳам сезмас эди. Қизчанинг "Амаки мени кечиринг, беҳосдан сизга урилиб кетдим", - деган майин  овози Давронга яна ўша болаликдаги Дилоромнинг мунгли, аммо ёқимли овозини эслатди.

Бу - ўша, яқин-яқингача эслаганда ақлдан озаёзгани, ҳамон унута олмаётгани, ҳар дам тушларига кириб турувчи, бир умрлик орзусидан ширин хотирага айланган Дилором, қизалоғи Диёра билан рўпарасида турарди.

Даврон уларга ҳавас билан боқар, бу икки уйғун гўзалликдан завқланар, лекин қўлларидан тута олмас эди. Аммо, у энди муҳим бир нарсани, Дилоромнинг бахтини, хотиржам эканлигини ҳис этди. Кўнгли бирмунча ҳаловат, таскин топгандай бўлди.  Дилоромга бундан-да гўзал, тинч-хотиржам ҳаёт, бахт тилаб, ўз йўлига равона бўлди.

 

Гулнора МАҲКАМОВА