+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ҚУРУҚ ТУҲМАТГА ҚОЛДИК

(Ҳикоя)

Кексаларимиз фарзанд-ларини дуо қилишаркан, "Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан Ўзи асрасин" дейишади. Бу гапнинг нечоғлик тўғри айтилганлигига яқин дўстим билан бошимиздан ўтган ҳодисадан сўнг яна бир бор амин  бўлдим. ,

 

Биз Бобуржон билан болаликдан дўст тутиндик. Бирга ўйнардик, бирга мактабга борардик. Уйимизда нуроний бобом бор эди. У киши бизнинг мактабдан қайтишимизни кутиб ўтирар, тушликдан сўнг ёнларига чақириб, панд-насиҳат қиларди. Улар ўзларининг турмушларидан мисол келтириб, бизнинг келажакда ақлли, ишбилармон, имонли одам бўлишимиз кераклигини қайта-қайта таъкидларди. У пайтларда қарияларнинг бу гапларини сабр билан тинглардик, холос. Боболаримизнинг қошидан бир амаллаб қочиб қолдикми, тамом, иложини топсак, қайта рўбарў келмасликка уринардик. Наинки биз, балки ҳамма болалар шундай қиларди. Ахир гўдакликда бир қулоқдан кирган насиҳат бошқа-сидан чиқиб кетарди-да. Ўйинқароқлик инсонларда бўладиган "тушуниш" деган туйғуни ҳали тўла англаб етишга йўл қўймасди. Шу сабаб улар нима десалар ҳам, "Хўп!" дердик-да, билганимиздан қолмасдик.

 Одатий кунларнинг бирида мактабдан қайтдик. Аниқ эслайман, бешинчи синфда таҳсил олардик. Бобур билан мен бир девор қўшнимиз. Уйдагиларимиз ўша куни қаергадир кетишган эди. Айни мевалар ғарқ пишган пайт. Иккимиз уст-бошимизни алмаштириб, бизникида тушлик қилиб, кейин дарахтларнинг соясида бироз дам олмоқчи бўлдик. Бир маҳал дўстим у ёқ-бу ёққа аланглади-да, менга қараб:

- Ҳой, қара қўшнининг олмаси пишганини, юр, териб келамиз, - деди. Индамадим, хаёлимдан "Эгасидан сўрамадик-ку", деган гап ўтди. Дилимдагини тилимга чиқаргунимча, у яна гапини давом эттирди:

- Менга қара, роса ҳам олма егим келаяпти, юр, бир-икки донага камайиб қолмайди. Билиб ўтирибдими? - деди нафсини жиловлай олмай.

Мен имкони борича олмалар томонга қарамасликка интилардим. Негаки, ўзимнинг ҳам нафсим ҳакалак отаётганди. Орамиздаги озроқ сукутдан кейин шахт билан ўрнимдан турдим.

  - Рост, озгина олсак, камайиб қолмас, - дедим Бобурга қараб.

 - Яхши, кетдик, - деди у менинг шерик бўлаётганимдан қувониб.

Қўшнимизнинг ҳовлисига ўтдик. Тўрт томондан очиқ, на бир девор, на бир ҳимояловчи восита бор мўъжазгина ҳовли. Унинг биз томондаги четида икки туп дарахтдаги ўтдай ёниб турган, қип-қизил олмалар кишининг иштаҳасини қитиқлаб, кўзини оларди. Гапнинг нафсиламрини айтганда, биз озгина оламиз, деб қилаётган ишимиз ўғрилик ҳисобланарди. Бундай ишларни қилмаслик учун боболаримиздан, ўқитувчиларимиздан ҳар куни панд эшитардик. Лекин томоқ ўлгур "бер" деб тургандан ке-йин онг ва кўнгилни ҳам шайтон йўлдан ураркан. Дўстим иккимиз аввал тўйиб-тўйиб меваларга қараб олдик. Дарахтларнинг таги тоза, супирилганлигидан бирорта барг кўринмасди. "Шу қўшнимиз жуда озода-да", деган ўй ўтди миямдан. Бир муддатдан сўнг Бобур:

- Тез бўл, тағин эгаси келиб қолмасин, - деди. Биз тўкилган олмаларни шоша-пиша териб, эгнимиздаги футболкамизнинг пастини қайириб, сола бошладик. Дарахт тагидан кетаётганимизда, узилган барглар ер билан битта бўлиб ётарди. Лекин қорин дардидаги болаларнинг бу билан нима иши бор дейсиз? Дўстим билан бизникига ўтиб, ўғирланган олмаларни маза қилиб ея бошладик. Бир маҳал танамни чақмоқ ургандек бўлди.

- Шошма, - дедим Бобурга қараб, - ҳали биз ўтганимизда, дарахтнинг таги супурилган, топ-тоза эди.

- Нима бўпти? - деди у бамайлихотир.

 - Ахир тўкилган барглар ҳовлига кимдир ўғриликка кирганлигини сотиб қўяди-ку.

      У бир фурсат жим турди.

- Юр, тозалаб келамиз, - деди сўнг худди хаёлимдан ўтаётган ўйларни ўқигандай. Иккимиз ўша ерга қайтиб бордик. Кўз ўнгимизда ўзимиз қилиб кетган иш жуда хунук манзара кашф этиб турарди. Ҳалигина қилган ишимдан пушаймон бўлдим. "Яхши бўлмади-да", дедим ичимда. Оҳиста Бобурга термилдим. Менимча, унинг кўнглидан ҳам шу ўйлар ўтаётганди. Ҳар қалай, юз ифодаси менга шундай туюлганди ўшанда. Мен уйимиздан иккита супурги олиб келдим. Ўша куни бир-биримизга «лом-мим» демасдан, дарахтларнинг тагини супуриб, тозаладик. Атрофни аввалги ҳолига келтириб, кўнглимиз равшан тортди. Ке-йин шомгача тенгдошларимизга қўшилиб, роса шаталоқ отиб ўйнадик. Оқшомда уйга қайтдим. Бўсағадан киришим ҳамоно бобом ҳассаси билан олдимга чиқди.

- Болам, сенга берган шунча тарбиямиз қаерда қолди? - деди у.

Мен бобомнинг нима ҳақда гапираётганликларини дарров фаҳмлаб, мунғайиб туравердим. Дадам ва ойим менга олазарак қаради-да, худди "Таъзирингни буванг берсин", дегандек индашмади. Аслини олганда, бувам койиётган пайти улардан ёнимни олишини кутгандим. Чунки доим бирор хато қилсам, дадам: "Қўйинглар энди, ҳали бола-да. Катта бўлиб, эси кириб қолар", дерди ёки бобом ёнимни оларди. Лекин бу гал бобом уришаркан, дадамдан мадад кутганимда, у кишининг ёвқараш қилганидан хафа бўлдим. Лекин айб ўзимда эканлигини жуда яхши ҳис этиб турардим. Бобом мендан астойдил ранжиб:

- Болам, бизнинг авлоддан ҳали ўғри чиқмаган, ўғрининг икки дунёси куяди. Ахир, мана, даданг билан аянг нима десанг, олиб беряпти-ку. Нега ўғирлик қилдинг, болам?.. Бу ишинг жиноят. Катта бўлиб, шу ишни қилсанг, қамоққа тушасан. Бир умр "ўғри" деган тавқи лаънат билан яшайсан, - деди.

- Бува, ахир биз бор-йўғи тўрт-беш дона олма олдик, - дедим ўзимни оқлашга уриниб. Кейин ойим:

- Қўшнининг уйидаги банкалар-чи, уларни ким олди? - деди гапга қўшилиб.

- Ҳеч қанақа банкани кўрганимиз йўқ, - жавоб қайтардим тўнғиллаб.

- Ҳовлисига ювиб қўйган экан. Қишга мевалардан "банка ёпаман" деб юрувди, бечора, - деди аям дадамга қараб. Бироз жим туриб, яна менга термулиб деди: - Кўрганимиз йўқ дейсан, ёнингда ким бор эди?

- Бобур!

Эртаси куни дарсга ҳам чиқмадим. Бобурнинг аяси бизникига келди. Қўшни аёл ҳам чиқди. Аям мени, аяси Бобурни роса койиди. Бу камлик қилгандай, бир-икки шапалоқ ҳам тушиб қолса, денг. Қўшни аёл аямга:

- Қўйинг, опа, бола-да, билишмаган. Садқаи сар ўша банкалар. Топиладиган нарса-ку, - деди.

Зотан, биз банкаларни кўрмаганимизни минг карра эътироф этмайлик, биров зиғирча бўлсин, гапимизни инобатга олмади. Музокаралар тугаб, биз Бобур билан кўчага чиқдик. Иккимиз ҳам сувга тушган мушукдай шумшайиб ўтирибмиз.

- Эҳ, ўртоқ, яхши бўлмади, - деди Бобур қўлини елкамга қўйиб, худди катталардек хўрсинаркан. Мен ҳам киноларда эшитган гапимни такрорладим:

- Тўрт дона олма деб, қуруқ туҳматга қолдик.

- Ҳеч ким кўрмаганди-ку, ким чақимчилик қилди экан? - деди дўстим астойдил чақимчининг кимлигини билишга қизиқиб.

Мен елка қисдим. Кейин хаёлимга бобомнинг ҳар доим бизни дуо қилаётганида, айтадиган гапи келди: "Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан Ўзи асрасин". Кўнглим тўлиб, йиғлаб юбордим. Бобур йиғлаётганимни кўриб, чин дилдан ачиниб, мени оҳиста қучди. Биз бир-биримизга далда бердик.

Кунлар ўтди. Уларни қувлаб ойлар, йиллар... Лекин мен ҳам, Бобур ҳам бир нарсага ачинамиз: ўшанда қўшнимизнинг банкаларини олган одам топилмади. Бизни ким сотганини ҳам билолмадик.

Шу кундан бошлаб у ҳам, мен ҳам бировнинг нарсасини сўрамасдан олишга ҳаракат қилмадик. Агар иложи бўлса, берса ҳам олмасликка уринардик.

 Кунларнинг бирида бобом бизни ёнига чақириб, шундай деди: "Болаларим, биламан, ўша зорманда нарсаларни сизлар олмагансиз. Бироқ шу ҳовлига кирганингизни кимдир кўрган. "Олма еймиз" деб ўғрига чиқдиларинг. Бундан буён бировнинг ҳовлисига, эгасиз жойга кира кўрманглар. Аллоҳ ҳам "ўзини асраганни асрайман", деган. Сизлар ўзларингни асрамадиларинг. Натижаси эса мана..."

Ҳозир ёшимиз улғайиб, йигит бўлдик. Ўйинқароқлик ортда қолди. Лекин мени бир нарса қийнайди. Ўқишдан қишлоққа борсак, ҳалиги қўшни аёл доимо: "Қалайсизлар, қачон энди ўғирлаган банкангиз ўрнига янгисидан олиб берасизлар?" деб одамни уялтиради. Тўғри, у киши бу гапни шунчаки ҳазил учун айтади. Топилмаган ўғрининг тамғаси бизнинг маҳримизга тушгани кишига алам қиларкан.

 Шундай чоғларда яна бувамнинг гапларини, дуоларини эслайман: "Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан Ўзи асрасин".

 

Шавкат ОДИЛЖОН