+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ШОИРА САМАР БОНУ ТАВАЛЛУДИНИНГ 180 ЙИЛЛИГИГА

ҚЎЛЁЗМАЛАР ЁНМАЙДИ

Бону (1837-1891)

Бону (тахаллуси; асл исми Самар Бону Сирожиддин қизи) (1837, Ўш - 1891, Андижон, Мингтепа қишлоғи) - ўзбек шоираси, маърифатпарвар. Ҳувайдонинг чевараси. "Мерос дедим бобомлардин" маснавийсида Ҳофиз, Навоий, Шамс Табризий, Аҳмад Яссавий ва бобоси Ҳувайдони тилга олиб, шоирлик истеъдоди ота-бобосидан мерос эканлигини таъкидлаган. Уларнинг асарларига тажнис, татаббулар ёзган.

Бону 19 ёшида бева қолган. "Бону ғариб" шеърида бу оғир жудолик ва мусибатни турмуш ҳодисалари билан боғлаб, ўзи каби аёллар қисматидан, замонасидаги ҳақсизликлардан зорланган. Шеърларида Лайли, Ширин, Узролар билан дардлашган ("Ёр жабр этди" ва б.). Бону руҳидаги исёнкорлик, оқилалик асарларига сингиб кетган. Севги мавзуидаги шеърлари шахсий ҳис-туйғулар билан чегараланмай, кенг ижтимоий мазмун касб этган. Бону ижодида шахс ва замон, аёллар тақдири масаласини асосий ўринга қўйган. Эрк учун ўзи танлаган йўлнинг тўғрилигига ишонган ("Фалак озоридан минг дод", "Ҳеч қайси инсон ҳам", "Дидда дардим ким билур?", "Бенаволар" ва б.), бу йўлда собит турган. Бону шеърларини тўплаб девон тузган.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси - Б ҳарфи, Т. 530-бет.

 

Муаззам адабиётимиз, бой адабий меросимиз бор. Бундай беқиёс маънавий бойликка эга халқлар дунёда бармоқ билан санарли экани аён. Табиийки, бу ҳақда ўйлаганда қалбларимиз тўлқинланиб кетади. Кўнгилда ифтихор ҳисси уйғонади. Бироқ адабиётимиз, адабиётшунослигимиз бундан ҳам баландроқ миқёсларга юксалишини таъминлаш учун фахрланишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Мутафаккир аждодлардан мерос қўлёзма манбаларни ўқиб-ўрганиш, бугунги авлод учун ҳануз пинҳон келаётган сирларини очиш зарур. Тафаккуримизни бу нодир манбалар билан қувватлантирмоқ, шуурларимизни улардаги фикр ёлқинлари билан ёритмоқ керак. Шундагина бу бойликнинг чинакам соҳибига айланишимиз мумкин....

 Нодирабегиму Увайсийлар даражасидаги ижодкор Самар Бону...

Ҳаёти зиддиятларга, меҳнату машаққатларга тўлиқ бўлган Самар Бону чиндан ҳам етук шоира бўлган. Мана бу мисраларда ижодкорнинг улуғ бир шажара намояндаси эканидан ифтихори тажассум топган:

 

Илоҳи, роҳати дилдур Ҳувайдо,

Бобом нисбатлари қилғайму шайдо.

           

Тасаддуқ мен бўлай, султони олам,

Чимён халқиға сиздур мукаррам.

 

Ишқ - мумтоз адабиётимизнинг бош мавзуси. Ҳазрат Алишер Навоий  "Фарҳод ва Ширин" достонида Фарҳоднинг "Жаҳонда қолмади ул етмаган илм, Билиб таҳқиқини касб этмаган илм", дея илмда юксак мартабага эришганини васф этар экан, комил инсон мақомига эришмоғи учун унинг қалбига ишқ ўтини солади. Бундан маълум бўладики, улуғ мутафаккир фикрича, кўнгли ишқдан мосуво одам камолотга эриша олмас. Мумтоз шоирамиз Нодирабегимнинг: "Муҳаббатсиз киши одам эмасдир, Гар одамсен, муҳаббат ихтиёр эт", дейиши сабаби ҳам шунда. Бу мавзу Самар Бону ижодида ҳам ўзига хос усулда давом эттирилган, ривожлантирилган. Шоиранинг мана бу байти ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди:

 

Ишқи йўқ одам ҳамиша ғафлати,

Fафлатидур, ғафлатидур, ғафлати!...

 

Ишқи йўқ одам ҳамиша бехабар

Қайси ишда нафдур, қайси зарар.

 

Шоира "ғафлати" сўзини бир байтда тўрт марта такрорлайди. Бироқ ўқувчига бундан заррача ҳам малоллик сезилмайди. Чунки мумтоз шеъриятдаги такрир санъатининг гўзал намунаси бўлган бу сўз ўз ўрнида қўлланган, маънони кучайтириш, таъкидлаш вазифасини бажариб келган. Кейинги байтда "наф" ва "зарар" сўзлари ҳосил қилган тазод ҳам шоиранинг илми бадеъ сирларини мукаммал эгаллаганидан, назмда чўнг маҳорат касб этганидан дарак беради. Ушбу бадиий санъатлар ишқнинг нечоғлиқ улуғ неъмат эканини бетакрор поэтик талқин этишга хизмат қилгани, айниқса, аҳамиятлидир.

Бугина эмас, ижодкорнинг фикрича: "Ишқи йўқни жони йўқ, иймони йўқ". Шунинг учун шоира ишқ ўтида куймоқни олий саодат деб билади. Унинг эътиқодича, ишқ сўзи метиндай тошни мумдай юмшатишга, муз қалбларни эритишга қодир. Шу боис у ишқ дардини ҳеч кимга айтолмай ғуссага тўлган юракни ёзмоқ учун қўлига қалам ва довот берилганига шукроналар айтади. Қаламни ўзига ғамгузор деб билади, уни минг дардга даво этгувчи табиб, дея таърифлайди:

 

Бу ишқ дардини айтолмай, юраклар ғуссага тўлса,

Ёзарға дард-аламларни қалам бирла гувоҳ довот...

 

Худоё, шукр минг бисёр қаламдек ғамгузорим бор -  

Ки, минг дардга даво этган табиби дилрабо довот.

 

Ижодкор талқинича, Ҳақ ишқи билан қон ютиб, дарди билан бемор бўлмаган киши боргоҳи Кибриёда мақбул эмас. Ишқ дарди бедорликни тақозо этади. Fафлат билан зинҳор муроса қила олмайди. Шу боис гарчи ишқ даъвосини қилса ҳам, ғофилни чин ошиқлар сирасига қўшиб бўлмас:    

 

Боргоҳи Кибриёға ул қачон даркордур, 

Ишқи бирла қон ютуб, дарди била бемор эмас.

 

Ишқ даъвосин қилур, тонг отқунча ғафлатдадур

Ошиқ эрмас ул киши дарди била бедор эмас.

 

Шоира Қул Хожа Аҳмад, Шамс Табризий, Хожа Ҳофиз, Алишер Навоий, Машраб, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо сингари улуғлар ижодий анъаналарини чуқур ўрганиб, бу анъаналарни ўз даврида муносиб давом эттирган. Жумладан, "қўзғолмасун" радифли ғазалида шоира мана бундай ёзади:

Оҳ десам оҳимни дуди етти иқлимни тутар,

Наърани оҳиста чек, лавҳу қалам қўзғолмасун.

Бундай мисраларни ёзиш ҳар қандай ижодкорнинг ҳам ҳадди эмас. Худди шунга монанд мисраларни шоиранинг буюк салафи шоҳ Машраб лирикасида кузатамиз:

Ул муҳаббат кўйида қон йиғладим,

Етти иқлим ғарқ бўлди ёшима.

 

Шоҳ Машраб муҳаббат кўйида кўз ёши билан етти иқлимни ғарқ қилишидан огоҳ этса, Самар Бону чеккан оҳи етти иқлимни тутиши, тортган наъраси лавҳу қаламни ҳам қўзғатиши ҳақида ёзиб, муболаға санъатининг мумтоз намунасини яратган. Кўп асрлик назмий анъаналарга тамомила янги ифода, янги руҳ, янгича талқин олиб кира олгани Самар Бону ижодининг адабий-эстетик қиммати нечоғлик баланд экани исботидир. Шу боис унинг ғазаллари мумтоз шеъриятимиз ривожида ўзига хос ўрин тутади.

Шоира ҳақидаги илмий тадқиқотлар билан танишиш, унинг юксак бадиий маҳорат намунаси бўлган шеърларини ўрганиш "Қўлёзмалар ёнмайди" деган машҳур ибора айнан Самар Бону каби ижодкорлар меросига нисбатан айтилган, деган асосли хулосага олиб келади. Шоира асарларининг ҳанузгача шеърият муҳибларига маълум бўлмаган қўлёзмаларини излаб топиш, илмий муомалага олиб кириш, мавжуд асарларини бадиият, маҳорат жиҳатидан чуқурроқ тадқиқ қилиш адабиётшунослигимиз олдидаги муҳим ва долзарб вазифалардандир.

 

Нурбой ЖАББОРОВ,

 

филология фанлари доктори, профессор.