+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 22 Авг 2019
    Кўнгиллар обод бўлди
    САХОВАТ Яқиндагина ўтган Қурбон ҳайити, қолаверса, яқинлашиб келаётган мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 28 йиллик байрами олдидан вилоятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга…
  • 22 Авг 2019
    МАКТАБЛАРДА КИМЛАР БЕПУЛ ДАРСЛИКЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ?
    Буни билиб қўйинг! Биринчи синф, "Меҳрибонлик" уйи, махсус мактаб, мактаб-интернатлари ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ўқувчилари мактабнинг кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.…
  • 22 Авг 2019
    ОЛТИНКЎЛДА ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАР КАМАЙДИ
    Олтинкўл туманида "Фикр, сўз, таҳлил, амалий иш бирлиги - фаолиятнинг муҳим мезони" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Вилоят ҳамда Олтинкўл тумани хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:


Қиз ўстирганнинг тили қисиқ?..ми

Мулоҳаза 

Ўтган йили синфдош дугонам қиз чиқарган эди. Тўй кеч кузда бўлиб ўтган. "Қизини узатиб, ғамдан енгиллади", десам, ҳалигача қизининг ками тугай демайди. Дугонам ҳар байрамда қудасиникига ош, сомса (патири билан), торт, гриль-табака, сархил мева-чевалардан тузалган сават ва ичимликлар жўнатади. Туғилган кун ё байрам бўлса борми, қудаларига берди Худо!

Ҳайит байрами арафасида дугонамнинг илтимоси билан, бирга бозорга чиқдим. Қуданикига ҳайитлик жўнатиши керак экан. Маъзарга қўшимча, қизига бош-оёқ сарпо, куёвига кўйлак-шим, қайнона ва қайнсинглисига бир кийимлик материал, янги рўзғорга деб, телевизор олиб қизиникига ташлаб келди.

- Куёв томонни ёмон ўргатиб нима қиласан? Шунча нарса қилишинг шартмиди? - насиҳатомуз гапирдим унга. Дугонам эса:

- Эл қатори қилдим, холос. Байрамда биз томондан ҳеч нарса бормаса, қизим ҳижолат бўладида. Куёв томон "қилманглар",  дегани билан барибир кўз тутаркан. Чин дилдан айтган бўлганларида, жўнатганларимизни  қабул қилишмаган, қайтариб юборишган бўларди. Индамай қабул қилишаяпти, ахир. Майли, қизим тинч ўтирса бўлди, - деди.

Аммо, шуни деб эри билан анча  ғижиллашиб олганини, турмуш ўртоғи телевизор олишига норози бўлганини гапирди.

Очиғи, дабдабабозлик,   сеп-сидирға борасида шаҳар билан туман ўртасида ҳам анча фарқ бор экан. Бизнинг қишлоқларда тўйлардаги харажатлар анча енгиллашган, шаҳарда ҳам ихчамлашган бўлсада, тўйдан кейин қизнинг орқасидан  қилинадиган харажатлар айтарли камаймабди. Аксинча, рўзғор буюмларининг аксариятини қизнинг ота-онаси қилиб бераркан. Вояга етказиб, касб-ҳунарли қилиб, қўлидан ишини олганида бировнинг уйига хизматга бериб, яна орқасидан "иш қуроллари"гача обориб беради.

Эҳҳ, содда ўзбегим-а! Бунақа мард, саҳий миллатни қайда кўргансиз?

Чиқарган қизига автомат кир машина ёки телевизор олиб бериш - дугонам айтмоқчи "Эл қатори" бўлса, ортиқчаси қандай бўлар экан?

 "Қизи борнинг нози бор", деган мақол бўлгучи эди. Аммо, бу мақол ёдимиздан кўтарилиб кетганига ҳам анча бўлибди. Куёвларни эркалатиб, қизларимизнинг обрўсини тушириб юбораётгандаймиз.

  Аллоҳга шукр, тўйларимиз, маъракаларимиз анчагина ихчамлашди. Бироқ, қизларимизнинг обрўсини  ўша бир пайтлардагидек, "қизи борнинг нози бор-да", дейдиган даражага олиб чиқолганимиз йўқ. Бунга энг аввало, ўзимиз, ота-оналар сабабчимиз. Куёв бўлмиш қизимизга уйланаётгани учун ундан миннатдор бўлишимиз керакми? Беҳисоб мол-мулк билан оғзини мойлаймиз. Қайнонага қиладиган мулозиматларимизни-ку чеки йўқ.

Айрим аёллар дабдабага ўч бўлади, айримлари қуда томондан ҳижолат қилади, "қизимни камситармикан, ёмон гапирармикин", деб ўзида борини куёв томонга сарфлайди.

"Қизим тинч ўтирса бўлди", эмиш. Қизнинг  келин бўлиб тушган хонадонида "тинч" ўтириши мол-мулк, нарса-буюмга боғлиқмикан?

Агар боғлиқ бўлганида бунча сеп билан узатилган қизлар ота уйига аразлаб келмаётган, ажрашишлар кўпаймаётган бўларди. Бахт моддий жиҳатларга боғлиқ эмас, аммо, биз аёллар "қизим тиниб-тинчиб кетсин, яхши ўтирсин, ўша оила қизимни яхши кўрсин", деб қуда томонни талтайтириб юбораётганимизни сезмаяпмиз. Натижада, қиз ўстирганнинг тили қисиқ, ўғил туққаннинг димоғи баланд.

Энг ёмони, ўз ҳаётимизни ўзимиз қийинлаштираяпмиз. Ёшимиз ўтиб, энди ўзимиз учун яшаш ўрнига, ҳамон фарзандларимиз ташвиши билан овворамиз. Уларни мустақил яшаш, ўз муаммоларини ўзи ҳал қилишга қўйиб беришимиз керакмасми?

 Масжидларда, жамоат йиғинларида  имом-хатибларимиз "келин томондан келган ҳар қандай нарсани қабул қилишлик, таомларни емоқлик харом", деб кўп бор тушунтираётганига қарамай, куёв томоннинг келин оиласидан келадиган емоқ-ичмоқ, совға-саломларни қабул қилиши, қизнинг ота-онаси байрамларда хурсандчилик билан дам олиш ўрнига қуда томонга маъзар жўнатиш ташвишида юришини йўқотиб бўлмаяпти.

Буни энди ана шу куёвнинг ота-онаси, айниқса, куёв боланинг ўзи тушуниши, орият қилиши керак. "Мусулмончилик ҳам аста-секин", деган гап бор, ажабмас, тарғибот, тушунтириш ишлари ўз самарасини берса.

 

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи