+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

11 Авг 2017

ФАОЛ ВА ТАШАББУСКОР ҚИЗЛАР САФИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

(33-сон) Қарор ва ижро

Вилоятимизда "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида

"Ёш оилалар ва қизлар" биринчи республика форуми тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Вилоят ҳокимлигида форум тадбирлари доирасида ўтказилиши белгиланган тадбирлар, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва ўтказилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова оммавий ахборот воситалари ва иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллик байрами олдидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид  давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, қизларни юксак одоб-ахлоқ тамо-йиллари асосида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунар ўргатиш, кийиниш ва муомала маданиятини ошириш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, онги ва қалбини турли ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини   шакллантириш мақсадида ўтказилаётган форум, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти  хусусида кенг маълумотлар берди.

* * *

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида ташкил этилган "Мен ҳам етакчи бўламан" мавзусидаги тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоллари, академик лицей, касб-ҳунар коллежларининг фаол ва етакчи ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ёш оилалар ва уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва иқтидорларини юзага чиқариш борасида кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уларнинг фаоллигини ошириш, мавжуд муаммоларини бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

- Бугунги кунда ёшлар, айниқса, қиз бола тарбияси, уларнинг замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши, юксак маънавиятли, одоб-ахлоқли инсонлар қилиб вояга етказиш масалалари муҳим масалалардан ҳисобланади, - дейди вилоят ҳокимлиги оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш котибияти бош мутахассиси Иродахон Махатова. - Шу маънода ўтказилаётган форум ёш оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар, хусусан, қизларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, кийиниш ва муомала маданиятини, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини, тиббий маданиятини юксалтириш, турли ёт ғоялар таҳдидларидан ҳимоя қилишга хизмат қилади. Қолаверса, уюшмаган қизлар билан олиб борилаётган ишларда самарали натижаларга эришиш, уларни иқтидорли ва фаол қизлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, глобаллашув жараёнида "Тенгдош тенгдошга ўрнак" шиори остида намунали ва фаол қизлар фаолиятини тарғиб этишга яқиндан ёрдам беради.

Тадбирда сиёсий партиялар "Аёллар қаноти" раҳбарлари ва фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутати бўлган, шунингдек, турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган раҳбар ҳамда тадбиркор аёллар билан ёш оилалар вакиллари ва қизларнинг учрашуви, бевосита мулоқотлари бўлиб ўтди.

-  Муҳтарам Президентимиз "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги "Жисмоний ва маънавий етук ёшлар - эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир" деб номланган маърузасида "Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун "социал лифт" вазифасини ўташи керак"  деган эди, - дейди Андижон шаҳридаги 3-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Мухаррамхон Раҳмонова. - Бугунги мулоқотларда лидер қизларимизнинг фаоллигини, етакчилик қобилиятларини янада ошириш, тенгдошларини ўз ортидан эргаштира олиш салоҳиятларини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Баҳс-мунозара, савол-жавоб тарзида ўтган тадбирда қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, етакчилик қобилиятларини оширишга қаратилган машғулотлар ўтказилди, уларнинг самарали иш юритишлари бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

- Ўтказилган мулоқот ва   машғулотлар менда катта таассурот қолдирди, - дейди Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоли Мумтоза Мадаминова. - Раҳбар ва депутат аёллар билан суҳбатларда мен ва тенг-дошларим фидойи бўлиб меҳнат қилиш, етакчиликнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида кўп маълумотларга эга бўлдик. Бу бизнинг келгусидаги етакчилик фаолиятимизда албатта, ёрдам беради.

Тадбирда иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда қатнашган ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга депутат ва раҳбар аёллардан батафсил жавоблар олди.

* * *

 Андижон давлат университетида бўлиб ўтган "Фан ва таълим - келажак пойдевори" мавзусида илмий-амалий конференцияда вилоятимиз "Олима" уюшмаси аъзоси бўлган олима аёллар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг илм-фан соҳасида илмий-тадқиқотлар олиб бораётган ёш олималар, иқтидорли қизлар билан мулоқоти бўлиб ўтди.

- Айни кунда вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларда 150 нафарга яқин олима фаолият юритмоқда, - дейди вилоят "Олима" уюшмаси раиси, педагогика фанлари доктори Шоҳидахон Юсупова. - Уларнинг 12 нафар фан доктори, қолганлари турли йўналишлар бўйича фан номзоди соҳибаларидир. Хусусан, Ханифа Солихова, Тўхтахон Муҳитдинова, Лолахон  Саидбоева, Салима Мирзаева, Шоҳида Шаҳобиддинова, Дилоро Набиева, Махфуза Юсупова сингари фан докторларининг тилшунослик, тиббиёт, педагогика, қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги илмий, амалий тадқиқот ва инновацион ишланмалари мамлакатимиз илм-фани ривожида салмоқли ўрин тутади.

Дарҳақиқат, биргина 2016 йилда вилоятда 7 нафар олима фан доктори ва доцент илмий даража ҳамда унвонига сазовор бўлди. Бу борада "Олима" уюшмаси вилоят бўлими томонидан иқтидорли қизларнинг илмий-интеллектуал салоҳиятларини намоён этишлари  амалий ёрдам кўрсатиш, илм-фан билан шуғулланаётган хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илмий изланиш ва ютуқларини кенг тарғиб этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, олий ўқув юртлари, илмий марказлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илмий ва маърифий лойиҳалар, ўтказилаётган семинар ва кўрик-танловлар, олималарга услубий ва маънавий кўмак берилаётганлиги уларнинг илмий изланишлари самарадорлигини ошириш, амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Илмий-амалий конференция ишида вилоятимиздаги кўплаб иқтидорли қизлар фаол иштирок этди.

- Мен устозларим кўмагида "Хорижий тилларни ўқитишда янги инновацион технологиялардан фойдаланишнинг лингводидактик ҳамда  лингвокультурологик асослари" мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб боряпман, - дейди Андижон давлат университети Хорижий тиллар факультети талабаси Хуршида Аъзамжонова. - Бугунги илмий-амалий конференцияда мазкур илмий-тадқиқот ишим ҳақида устозларим, тенгдошларимга кенг маълумотлар бердим ва уларнинг илмий иш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билиш имконига эга бўлдим.

Юртимизда, вилоятимизда мен ва мен каби кўплаб ёшларнинг ўз имконият ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлардан беҳад мамнунман. Ўз ўрнида биз талаба ёшлар юртимизга муносиб бўлишга, ўзимизнинг аъло баҳоларга ўқишимиз, фаоллигимиз, одоб-ахлоқимиз, тенгдошларимизни эзгу ишларга етаклашимиз билан Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Анжуманда ёш иқтидор соҳибаларини қўллаб-қувватлаш, ижодий, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

 Шунингдек, анжуман доирасида ўтказилган қизиқарли савол-жавоблар, илмий-ижодий мулоқотлар, китоб акцияси тадбири, олималар, ёш қизлар муаллифлигида чоп этилган янги китоблар тақдимоти барчада катта таассуротлар қолдирди.

- Китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди, - дейди тадбир иштирокчиси, АДУ қошидаги 2- академик лицей ўқувчиси Садоқат Солижонова. - Қолаверса, мунтазам китоб ўқийдиган инсон билимли, одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли шахс сифатида жамиятда нафақат ўз ўрнини топа олади, балки, унинг  фаол аъзосига айланади. Шу маънода биз ўқувчи ёшлар ҳам нафақат   дарсликларимизни, балки бадиий, илмий, маънавий-маърифий мавзулардаги   китобларни мунтазам ўқиб боришимиз, тенгдошларимизни, айниқса, уюшмаган ёшларни ҳам китоб мутолаласига қизиқтиришга ҳаракат қилишимиз лозим. 

*  *  *

Ҳафта охиригача давом этадиган форум доирасида вилоят "Баркамол авлод" болалар ижодиёти марказида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида "Ким нимага қодир?" мавзусида маҳорат дарслари, ўқувчи қизларнинг ижодий кўргазмалари, Андижон олимпия захиралари коллежида ёш оилаларни мустаҳкамлаш,    соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, кун тартибини оқилона режалаштириш, тўғри овқатланиш, зарарли одатларни бартараф этиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган  машғулотлар, спортнинг бир неча тури бўйича мусобақалар ўтказилади.

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

Суратларда: форум тадбирларидан лавҳалар.